Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Тиббиёт муассасаларида халқ табобати кабинетлари очилади

16.10.2018

Рус тилида ўқиш


Халқ табобати тиббий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча усули сифатида эътироф этилди. Президентнинг 12.10.2018 йилдаги ПҚ–3968-сон қарори билан уни ривожлантириш дастури тасдиқланди. Ушбу соҳада фаолият юритувчи хусусий клиника ва дорихоналар қўллаб-қувватланади, амбулатор ва стационар тиббиёт муассасаларида эса ихтисослаштирилган бўлинмалар очилади.

 

Халқ табобатини ривожлантиришда давлатимиз Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2014–2023 йиллардаги халқ табоботи соҳасидаги стратегиясида назарда тутилган тавсияларга амал қилишни режалаштирмоқда.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Халқ табобатини ривожлантириш кенгаши ташкил этилиб, у мазкур фаолиятни келгусида тартибга солишга доир таклифларни тайёрлаш билан шуғулланади. Унинг таркибига халқ табобати мутахассислари, малакали шифокорлар, халқ табобати соҳасида тадқиқотлар олиб борувчи шахслар, ҳуқуқшунослар ва бошқа мутахассислар киради. Ўзбекистон Халқ табобати уюшмаси (жамияти) ташкил этилиши режалаштирилган.

 

Халқ табобати усулида даволаш хизматларини кўрсатиш лицензияланадиган фаолият тури ҳисобланади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида ушбу нормани амалга ошириш учун Махсус комиссия ташкил этилади. Йил охиригача Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 21.06.2017 йилдаги 405-сон қарорига илова) ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш режалаштирилган. Бундан ташқари, реклама фаолияти тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тузатишлар киритилади.

 

Кадрлар тайёрлаш тизими ҳам ислоҳ қилинади. Тиббиёт олий ўқув юртларининг «Даволаш иши», «Педиатрия иши», «Тиббиёт-педагогика иши» бакалавриат йўналишларидаги ўқув дастурларига махсус цикл жорий этилади. Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида ихтисослаштирилган кафедра ва «Халқ табобати» йўналиши бўйича малака ошириш курси ташкил қилинади.

 

Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига ўзгартиришлар киритилади. Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатувчи шахслар фаолиятини баҳолаш мезонлари тасдиқланади.

 

Соҳани ривожлантиришга олимлар жалб этилади. Олий аттестация комиссияси ўзбек халқ табобатининг бой тарихий анъаналари ва ноёб меросини ўрганишга бағишланган илмий тадқиқотларнинг электрон рўйхатини шакллантиради.

 

Халқ табобати усулларини қўллаган ҳолда касалликларни даволаш учун тавсия этиладиган (фойдаланиладиган) маҳаллий ўсимликлар хилма-хиллигининг маълумотлар базаси яратилади. Унда ўсимликларнинг аниқ номлари, улар етиштириладиган жойлар, ўсимликларнинг нималарга мўлжаллангани ва бошқа зарур маълумотлар қайд этилади. Бундай ахборот Соғлиқни сақлаш вазирлигининг веб-сайтида берилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.10.2018 йилдан кучга кирди.

 

Олег Гаевой.





 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Валюталар курси

2024-04-25
  • USD:12689.97 (+0.00) сум
  • EUR:13557.96 (+0.00) сум
  • RUB:137.20 (+0.00) сум