Президентнинг 06.05.2026 йилдаги ПФ-78-сон “Тўловга қобилиятсизлик институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Тўловга қобилиятсизлик соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадлари:
• тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат бошқаруви ва ҳуқуқий тартибга солиш самарадорлигини ошириш;
• судгача санация механизмларини кенгайтириш орқали санация чора-тадбирларининг камида 20%ининг босқичма-босқич суд органларига мурожаат қилмасдан амалга оширилишини таъминлаш;
• тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини соддалаштириш ва рақамлаштириш орқали уларнинг ўртача давомийлигини 2028 йил 1 январга қадар камида 30%га қисқартириш;
• суд бошқарувчилари фаолиятини тартибга солиш тизимини ислоҳ қилиш ва самарадорлигини ошириш орқали уларнинг сонини босқичма-босқич 2 баробарга кўпайтириш.
Адлия вазирлиги ҳузурида Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги ташкил этилади.
Агентликнинг асосий вазифалари:
• тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, шу жумладан, ушбу соҳани назорат қилиш ва тартибга солиш;
• тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
• тўловга қобилиятсизлик жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни соддалаштириш;
• тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомилларини, шунингдек, иқтисодий ночор жисмоний ва юридик шахсларни молиявий соғломлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга кўмаклашиш;
• жисмоний шахсларнинг тўловга қобилиятсизлиги ҳисоби ва таҳлилини юритиш;
• суд бошқарувчиларига малака аттестатини бериш, фаолияти ташкил этилишини таъминлаш ва улар фаолиятини назорат қилиш.
Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси негизида барча суд бошқарувчилари аъзолигига асосланган Ўзбекистон Суд бошқарувчилари палатаси ташкил этилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб:
• Суд бошқарувчилари палатаси, Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ҳамда қонунчиликда белгиланган талабларга жавоб берадиган бошқа таълим муассасаларига суд бошқарувчиларини тайёрлаш ҳуқуқи берилади;
• Суд бошқарувчилари палатасига суд бошқарувчисининг палатага аъзолигини тўхтатиш ёки аъзоликдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш ва шу муносабат билан уни ўз вазифасини бажаришдан озод қилиш ҳақида судга мурожаат этиш ҳуқуқи берилади;
• суд бошқарувчиси ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, суд кредиторлар йиғилишининг қарорига асосан суд бошқарувчисига тўланадиган ҳақ миқдорини камайтиришга ҳақли;
• санация қилувчи бошқарувчиликка номзод кредиторлар йиғилиши (қўмитаси) ёки Агентлик томонидан тақдим этилмаганда, санация қилувчи бошқарувчи Суд бошқарувчилари палатаси томонидан махсус электрон тизим орқали танланган номзодлар орасидан суд томонидан тайинланиши мумкин.
2026 йил 1 декабрдан бошлаб Тўловга қобилиятсизлик ишларини юритишнинг ягона электрон платформаси ишга туширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 07.05.2026 йилдан кучга кирди.
Сардор Жумашов



