Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
buxgalter.uz да янги:Агар ҚҚС ҳисоб-китобида тизимли хатолар чиқса, нима қилиш керак82 та товар позицияси импорт божхона божидан озод қилиндиЙўриқнома: воситачи орқали хизматлар импорт қилинганда ЭҲФ қандай расмийлаштирилади

Туризм фаолияти қандай лицензияланади

07.08.2020

Рус тилида ўқиш

Вазирлар Маҳкамасининг 10.07.2020 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 433-сон қарори қабул қилинди.

 

Тадбиркорлик субъектлари туризм фаолиятини фақат белгиланган тартибда тегишли лицензияни олгандан кейингина амалга ошириш ҳуқуқига эга. Экскурсия фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорларга туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш талаб этилмайди.

Туризм фаолиятини лицензиялаш схема (ушбу Низомга 1-илова) бўйича амалга оширилади.

Лицензия қуйидаги туризм фаолияти турларига берилади: 

а) туроператорлик;

б) турагентлик.

 

Лицензияловчи орган қуйидаги учта йўналиш бўйича лицензиялар беради:

  • ички туризм – Ўзбекистон ҳудудида доимий яшовчи жисмоний шахсларга туризм хизматларини кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туроператорлик ва турагентлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун;
  • чиқиш туризми – Ўзбекистон ҳудудида доимий яшовчи жисмоний шахсларга юридик шахслар томонидан туризм хизматларини кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикасидан ташқарида туроператорлик ва турагентлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун;
  • кириш туризми – Ўзбекистон Республикасидан ташқарида яшовчи жисмоний шахсларга туризм хизматларини кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон ҳудудида туроператорлик ва турагентлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун.

 

Туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун амал қилиш муддати чекланмайдиган намунавий (оддий) лицензиялар берилади.

 

Туроператорлар фаолиятини амалга ошириш учун лицензиялаш талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат:

а) туризм тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилиш;

б) юридик шахс штатида «туризм» йўналиши бўйича олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга бўлган ёки малака сертификатига эга бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши;

в) юридик шахс ходимлари (гидлар (гид-таржимонлар), экскурсия етакчилари ва йўриқчи-йўл бошловчилар) 3 йилда камида бир марта белгиланган тартибда малака сертификати олиши;

д)* «чиқиш туризми» йўналиши бўйича туризм фаолиятини амалга ошириш учун лицензия талабгорларига 15 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағларни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиши;

е) туризм хизматларининг мувофиқлик сертификати билан тасдиқланган туристлар ва экскурсиячиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки учун хавфсизликни таъминлаш бўйича тизимнинг мавжудлиги;

ж) туризм маҳсулоти буюртмачиси билан, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг туризм хизматларини кўрсатиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига жавоб берадиган электрон тижорат шартномаси тузилганидан кейин туризм хизматларини тақдим этиш;

з) ҳар бир туристга ва экскурсантга туристик саёҳат вақтида Ўзбекистон Республикасига ҳамда чет давлатларга кириш, улардан чиқиш ва уларда бўлишнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги ахборотни етказиш;

и) мижозга лицензиатнинг иш режими, унинг жойлашган жойи (почта манзили), тегишли лицензия, туризм хизматлари сертификатининг мавжудлиги, туризм фаолиятининг аниқ йўналишлари учун масъул бўлган лицензиатнинг мутахассислари фамилияси, исми ва отасининг исми тўғрисида тўлиқ ва батафсил маълумот бериш, жумладан ушбу кўрсатилган маълумотларни ўзининг халқаро интернет тармоғидаги расмий веб-сайтига жойлаштириш;

к) лицензиат камида икки чет тилидаги, электрон тўловлар, брон қилишлар, «ички туризм», «чиқиш туризми ва «кириш туризми» йўналиши бўйича эквайринг хизматларини кўрсатадиган веб-сайтга эга бўлиши (ушбу талабнинг чет тиллари бўйича қисми «ички туризм» йўналишидаги лицензиатларга тааллуқли эмас);

л)* туроператорларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурталашни тасдиқловчи суғурта полисининг мавжудлиги;

м) фаолиятни фақат лицензияда кўрсатилган йўналишлар бўйича амалга ошириш.

* д) ва л) бандлари 2021 йил 1 августдан кучга киради.

 

Турагентлар фаолиятини лицензиялаш талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат:

а) туризм тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилиш;

б) туризм фаолиятининг «чиқиш туризми» йўналишида фақат юридик шахс ташкил этган ҳолда амалга ошириш;

в)* «чиқиш туризми» йўналиши бўйича туризм фаолиятини амалга ошириш учун лицензия талабгорларига 15 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағларни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиши;

г) туроператор билан шартнома тузилгандан сўнг туроператорлар томонидан яратилган туризм маҳсулотини тарғиб ва реализация қилиш;

д) ҳар бир туристга ва экскурсантга туристик саёҳат вақтида Ўзбекистон Республикасига ҳамда чет давлатларга кириш, улардан чиқиш ва уларда бўлишнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги ахборотни етказиш;

е) лицензиатнинг иш режими, унинг жойлашган жойи (почта манзили), тегишли лицензия, лицензиатнинг фамилияси, исми, отасининг исми тўғрисида тўлиқ ва батафсил маълумот бериш, жумладан, ушбу кўрсатилган маълумотларни ўзининг халқаро Интернет тармоғидаги расмий веб-сайтида жойлаштириш;

ж) лицензиат камида икки чет тилидаги, электрон тўловлар, брон қилишлар, «ички туризм», «чиқиш туризми» ва «кириш туризми» йўналиши бўйича эквайринг хизматларини кўрсатадиган веб-сайтга эга бўлиши (ушбу талабнинг чет тиллари бўйича қисми «ички туризм» йўналишидаги лицензиатларга тааллуқли эмас).

* в) банди 2021 йил 1 августдан кучга киради.

 

Лицензия олиш учун лицензия талабгори Давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали ёки ўзи келиб лицензияловчи органга ариза ва зарур ҳужжатларни тақдим этади.

 

Ариза кўриб чиқилиши учун лицензия талабгори 2,5 БҲМ миқдорида йиғим тўлайди.

 

Лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лицензияловчи орган томонидан барча зарур ҳужжатлар билан ариза олинган кундан бошлаб 10 иш кунидан ошмайдиган муддатда, лицензияловчи орган раҳбарининг ўринбосари томонидан тасдиқланган эксперт хулосаси асосида қабул қилинади.

 

Қабул қилинган қарор тўғрисидаги билдиришнома тегишли қарор қабул қилинганидан сўнг бир кун ичида талабгорга юборилади. Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома лицензия талабгорига ДХМ ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда, банк ҳисоби реквизитлари ва давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда юборилади.

 

Лицензия бериш рад этилганда бир кун ичида лицензия талабгорига бу ҳақда билдиришнома юборилади, унда рад этиш сабаблари, асословчи қонун ҳужжатлари ҳамда лицензия талабгори ушбу сабабларни бартараф этган ҳолда ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилади.

 

Ҳужжатлар ариза олинган кундан бошлаб 5 иш кунидан ошмаган муддатда қайта кўриб чиқилади.

 

Лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган вақтдан бошлаб уч ой муддатда лицензияловчи органга лицензия берилиши учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи маълумотни тақдим этмаса, лицензияловчи орган лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

 

Лицензия берганлик учун «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунда белгиланган миқдорларда давлат божи ундирилади.

 

Лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилгандан кейин икки иш куни мобайнида лицензия берилади.

 

Шунингдек Низомда қуйидагилар кўрсатилган:

  • лицензия олиш учун тақдим этиладиган зарур ҳужжатлар рўйхати;
  • лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш тартиби;
  • лицензияни қайта расмийлаштириш, амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва бекор қилиш қоидалари; лицензияловчи орган томонидан Лицензиялар реестрини юритиш тартиби.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.07.2020 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова.