Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
buxgalter.uz да янги:Корхонада меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини қандай ўзгартириш мумкинАгар ҚҚС ҳисоб-китобида тизимли хатолар чиқса, нима қилиш керак

Умумий овқатланиш ва савдо объектлари учун тунги вақтда хавфсизлик таъминланади

23.09.2021

Рус тилида ўқиш

Вазирлар Маҳкамасининг 20.09.2021 йилдаги “Йирик шаҳарларда, вилоятлар ва туманлар марказларида туну кун фаолият юритувчи савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари жойлашган ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 587-сон қарори қабул қилинди.

 

Президентнинг "Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2021 йил 11 майдаги ПҚ-5113-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг "Тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 24 июлдаги 624-сон қарорига янги 21-банд қўшилди.

 

Хусусан, йирик шаҳарлар, вилоятлар ва туманлар марказларида 24 соат фаолият юритувчи савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг фаолиятига нисбатан 2-банд талаблари татбиқ этилмайди. Улар учун жамоат хавфсизлиги бўйича соддалаштирилган талаблар ўрнатилди. Бунда ИИВ, Миллий гвардия, ФВВ томонидан:

  • йирик шаҳарларда, вилоятлар ва туманлар марказларида ташкил этиладиган савдо ва кўнгилочар марказларида қўшимча патруллик йўналишлари ва постлар ташкил этилади;
  • хизматга жалб этилган нарядларнинг зичлигини оширишни назарда тутган ҳолда мавжуд куч-воситалар тақсимотига тегишли ўзгартиришлар киритилади;
  • тадбиркорлик субъектлари мол-мулкини қўриқлаш, ҳар хил фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чоралар кўрилади.

 

Эслатиб ўтамиз, барча тадбиркорлик субъектларига қуйидаги талабларга қатъий риоя қилинган тақдирда туну кун фаолият юритиш ҳуқуқи тақдим этилган (Вазирлар Маҳкамасининг 24.07.2019 йилдаги 624-сон қарорининг 2-банди):

  • кўрсатилган объектларнинг ички қисмига, шу жумладан, хизмат кўрсатиш хоналари, кириш ва чиқиш жойларига тасвирни камида 30 кун давомида сақлаш имконини берувчи видеокузатув тизимини ўрнатиш;
  • биноларнинг ён-атрофи, автотураргоҳ ва уларга тегишли бошқа ҳудудларни етарли даражада (камида 10 метр масофада) ёритиш;
  • бинода шовқин меъёрларига қўйиладиган талабларга риоя қилиниши ёки тунги вақтда мусиқа ва товуш кучайтиргич асбоб-ускуналаридан фойдаланмаслик;
  • ёнғин ўчириш воситалари ҳамда тиббий ёрдам қутичалари билан таъминлаш;
  • барча учун кўринарли жойларга ҳаракатланиш ва фуқароларни эвакуация қилиш чизмаси ҳамда тезкор ва қутқарув хизматларининг телефон рақамлари кўрсатилган маълумотларни ўрнатиш.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.09.2021 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова.