Президент кичик бизнес учун солиқ тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорлик фаолиятини янада рағбатлантиришга қаратилган 26.05.2026 йилдаги "Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида"ги ПФ-100-сон Фармонни имзолади.
Мақсад – солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш, автоматлаштирилган назоратни кенгайтириш ва янада шаффоф ҳисоб-китоб тизимини яратишдир.
2026 йил 1 июндан бошлаб кичик бизнес субъектларининг умумий солиқ режимига ўтиш чегараси БҲМга боғланади ва 1 млрд сўмдан қарийб 5 млрд сўмгача (БҲМнинг 12 минг баравари) оширилади.
Янги тартибга мувофиқ, 1.06.2026 йилдан 01.01.2030 йилгача тадбиркорлар (давлат иштирокидаги корхоналар ва йирик солиқ тўловчилардан ташқари) ихтиёрий равишда 6 фоиз ставка бўйича ҚҚС тўлаши мумкин, бунда улар фойда солиғидан озод қилинади ёки амалдаги умумий режим бўйича фаолиятини давом эттиради.
Товарларни импорт қилиш билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик ва ўзини ўзи банд қилган шахслар энди автоматик равишда ҚҚС тўловчисига айланмайди. Шу билан бирга, уларнинг лимити БҲМнинг 12 минг бараваридан ошмагунча айланмадан солиқ тўлашлари мумкин.
Солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш доирасида бир қатор ўзгартиришлар назарда тутилган. Рақамли ахборот алмашинувини кенгайтириш, солиқ тартиб-таомилларини янада автоматлаштириш, маълумотларни таҳлил қилиш тизимини такомиллаштириш, камерал назорат самарадорлигини ошириш ва хавф даражасини ҳисобга олган ҳолдаги ёндашувни ривожлантириш чора-тадбирлари шулар жумласидан.
Хусусан, хавф даражаси паст бўлган тадбиркорлар учун ҚҚС бўйича салбий фарқни автоматик равишда қайтариш жорий этилади.
Кичик бизнесга маъмурий юкламани камайтириш учун солиқ хавфи паст бўлган ҳолларда текширишларни чеклаш, тадбиркорларга хатоларни мустақил тузатиш имкониятини бериш назарда тутилган.
Бундан ташқари, савдо, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳалари, жумладан, меҳмонхона бизнеси, умумий овқатланиш ва туристик хизматлар учун ҚҚС тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилмоқда.
2026 йил 1 июндан бошлаб меҳмонхона ва ресторанларда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотишда нақд тўловларни қабул қилишга расман рухсат берилди. Ичимликларни сотиб олишда рақамли маркировка кодлари бевосита ушбу муассасаларда якуний истеъмол учун муомаладан чиқарилган деб ҳисобланади.
Шунингдек, умумий овқатланиш корхоналари учун алоҳида ходимларни махсус мобил илова орқали муайян муддатга соддалаштирилган тартибда ёллаш ва уларга иш ҳақи тўлаш тизими жорий этилади.
Шу билан бирга, ресторан, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида биноларга туташ ҳудудлардан фойдаланганлик учун ижара тўлови миқдори ер солиғи миқдорида белгиланди. 2027 йилдан бошлаб эса (Тошкент шаҳри бундан мустасно) тадбиркорларга умумий майдони 1 000 квадрат метрдан ортиқ бўлган мол-мулкни ижарага беришда солиқ солиш мақсадида энг кам ижара ставкалари қўлланилмайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.05.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



