Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Мулкдор-директор билан меҳнат шартномаси тузиш керакми? - buxgalter.uz да ўқингҚандай қилиб бинони ускуналар билан тўпламда ҳисобга олиш мумкин - buxgalter.uz да ўқингЭРИ: учта муаммо + учта ечим - buxgalter.uz да ўқинг

Ўқувчилар ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида касбий таълим олади

31.10.2017

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги 868-сон қарори билан мактабларнинг 10–11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди.

 

Ҳужжат билан Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10–11-синфлари ўқувчилари учун касбий таълимни ташкил этиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Низомга кўра, 10–11-синфлар ўқувчиларига касбий таълим бериш узлуксиз таълим тизимининг таркибий қисми ҳисобланади, мажбурий ва бепул амалга оширилади (қўшимча пуллик хизматлар кўрсатилиши мумкин). Касбий таълим бериш муддати 2 йил. У лицей, коллеж ва мактаблардаги мажмуаларда ташкил этилади.

 

Мажмуада ўқувчиларга касбий билимлар бериш, тадбиркорлик асосларини, меҳнат ва касб кўникмаларини эгаллаши, шунингдек уларнинг касбий қобилиятлари ва сифатлари ривожлантирилиши таъминланади. Мажмуадаги касб-ҳунарнинг турига караб ҳудуддаги тегишли ташкилотлар билан тузилган шартномалар асосида амалий машғулотлар ташкил этилиши мумкин.

 

Мажмуада 2 ўқув йили давомида жами 408 соат касбий таълим берилади. Ҳар бир ўқув йили якунида ўқувчилар учун 36 соатдан иборат ишлаб чиқариш амалиёти ўтказилади. Ўқувчиларнинг касб-ҳунарга оид билимларини аниқлаш ва назорат қилиш мақсадида мажмуада жорий, оралиқ, босқичли ва якуний назоратлар амалга оширилади.

 

Мажмуани муваффақиятли тугатган ўқувчиларга меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи касб малакаси бўйича давлат намунасидаги диплом берилади. Якуний назоратдан ўта олмаган ўқувчилар учун қайта якуний назорат ташкил этилади. Қайта якуний назоратдан ўта олмаган ўқувчиларга касбий таълимни олганлиги тўғрисидаги маълумотнома берилади.

 

Бундан ташқари қуйидагилар тасдиқланди:

  • Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини жиҳозлаш учун талаб этиладиган асбоб-ускуналар ва жиҳозлар рўйхати;
  • 2018–2020 йилларда ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини зарур жиҳозлар билан таъминлаш дастури;
  • Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик ўқув хонасини жиҳозлаш учун талаб этиладиган асбоб-ускуналар рўйхати.

 

Ҳужжат 2017 йил 24 октябрда кучга кирди.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

  

 Сардор ЖУМАШОВ,

 эксперт-юристимиз.