Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 07.07.2025 йилдаги 3639-сон буйруғи билан Ўйинчилар ва гаровларнинг ягона давлат регистри тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжатга мувофиқ, Ўйинчилар ва гаровларнинг ягона давлат регистрини юритишнинг қуйидаги вазифалари белгиланди:
- ўйинларни ташкил этишда молиявий операцияларнинг консолидациялашган ҳисоби ва назорати;
- ўйинларни ташкил этишда давлат назоратини амалга ошириш учун зарур маълумотларни тўплаш (шакллантириш), сақлаш, тизимлаштириш ва тақдим этиш;
- ўйинларни ташкил этишда ўйинчилар ва инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
- ўйинларни ташкил этишда ноқонуний фаолиятнинг олдини олиш, ўйинларга қарамлик кўринишларининг олдини олиш ва камайтириш.
Регистрнинг асосий функциялари:
- жисмоний ва юридик шахсларнинг марказий маълумотлар базалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;
- ўйинчилар, ўйинлар ва тадбирлар ташкилотчилари ҳақидаги маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш ва сақлаш;
- барча транзакцияларни, жумладан, маблағларни қабул қилиш, ютуқларни тўлаш, ставкалар, уларнинг натижалари ва қайтаришларни ҳисобга олиш;
- ўйин бозори динамикаси ва ҳажмлари тўғрисидаги ҳисоботларни шакллантириш;
- ўйинчилар ва инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чораларни кўриш ва бошқалар.
Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор –"UZINFOCOM" МЧЖ регистр оператори ҳисобланади.
Реестр қуйидаги реестрлардан иборат:
- Ўйинчиларнинг ягона реестри;
- Чекловлар (тақиқлар), шу жумладан гаров ўйнашда ёки онлайн ўйинларда сарфланиши (ютқазилиши) мумкин бўлган пул маблағлари суммасига лимитларнинг ягона реестри;
- Сотиб олинган лотерея билетлари, гаров ўйнашда олинган пул маблағлари ва онлайн ўйинларга инвестиция қилинган пул маблағлари билан боғлиқ молиявий операциялар реестри;
- Ютуқларни тўлаш реестри.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 08.07.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова