Вазирлар Маҳкамасининг 20.12.2017 йилдаги 1003-сон «Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
У Тошкент шаҳрида Ўзбекистон амалий санъат музейи негизида ташкил этилади. 2017–2019 йилларда музей биноси реконструкция қилинади, шунингдек, янги кўргазма зали ва маъмурий бино қурилиб, ободонлаштирилади ва жиҳозланади.
Ишларга 2017–2018 йиллар мобайнида «Асака» АТБ ва АТ «Алоқа-банк» томонидан тенг улушларда жами 12 млрд сўм миқдорда ҳомийлик асосида маблағлар ажратилади. Ушбу маблағлар ҳисобидан фуқароларнинг бузишга тушган уйларига компенсация тўланади.
Музей фаолиятининг асосий йўналишлари:
- амалий санъат ва миллий ҳунармандчиликнинг бугунги кунгача сақланиб қолган ўзига хос мактабларининг анъаналари ҳамда амалий санъат ва ҳунармандчилик асарларини асраш, халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, илмий ўрганиш ҳамда келажак авлодга етказиш;
- халқимизнинг амалий санъат ва миллий ҳунармандчилик тарихи ҳамда бой маданий меросини, унинг инсоният тарихидаги ролини ҳаққоний ёритиш;
- мамлакатимизнинг маданият, санъат ва бошқа соҳаларда эришилган ютуқларини кенг тарғиб қилишга қаратилган музей экспозицияларини ташкил этиш;
- халқимизнинг маданий бойлиги ҳисобланган музей ашёлари ва музей коллекцияларини асраб-авайлаш, ўрганиш, бойитиб бориш, намойиш этиш, дунё жамоатчилигига танитиш ва тарғиб этиш;
- ноёб экспонатларни намойиш этиш орқали фуқароларда, айниқса ёш авлодда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, ғурур ва ифтихор туйғуларини тарбиялаш ва кучайтириш;
- музей ашёлари ва музей коллекцияларини илмий тадқиқ қилиш ишларини амалга ошириш ва уларнинг натижаларини эълон қилиб бориш.
Республика бюджети, пуллик хизматлардан тушадиган маблағлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар музейни сақлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш манбалари этиб белгиланди.
Пойтахт ҳокимлиги ва Маданият вазирлигига тегишли топшириқлар берилди, шунингдек қатор ташкилий масалалар ҳал этилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 23.12.2017 йилда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Анвар Иркаходжаев.