Вазирлар Маҳкамасининг 02.09.2025 йилдаги «Товарларни божхона ҳудудида қайта ишлашни янада соддалаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 555-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат Президент фармонлари ижросини таъминлаш, жумладан, кичик ва ўрта бизнес ҳамда электротехника саноатини ривожлантириш чораларини амалга оширишга қаратилган.
Қарор билан божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими тўғрисидаги Низом тасдиқланди.
Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимини соддалаштирилган тартибда қўллаш қуйидагиларни назарда тутади:
- чет эл товарларини қайта ишлаш объектларига олиб чиқиш;
- божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида ишлаб чиқарилган маҳсулотни кооперация тартибида бошқа ишлаб чиқарувчилар томонидан чуқур қайта ишлаш учун жойлаштириш;
- биринчи маҳаллий қайта ишловчига хомашёни чет элдан харид қилиш ва тайёрланмаган маҳсулотларни шартнома асосида иккинчи маҳаллий қайта ишловчига чуқур қайта ишлаш учун сотиш ҳуқуқи.
Товарлар божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида, Божхона кодекси ва Низомга мувофиқ берилган рухсатномага асосан жойлаштирилади. Товарларни таъмирлаш учун божхона юк декларацияси ва зарур ҳужжатлар тақдим этилиши лозим. Агар таъмирлаш учун чет эл товарларини алмаштириш ёки етказиб бериш зарур бўлса, бу фақат божхона органларининг рухсати билан амалга оширилади.
Аниқ товар турлари бўйича қайта ишлаш амалиётларини ўтказиш учун Божхона қўмитасидан алоҳида рухсатнома олиниши талаб этилади.
Қайта ишлаш божхона режими товарнинг чет эл маҳсулоти мақомини сақлаб қолади, тайёр маҳсулот эса божхона қонунчилигига мувофиқ етарли даражада қайта ишланганлик мезонлари асосида баҳоланади.
Қайта ишлаш режимида жойлаштирилган товарлардан фойдаланиш қуйидаги шартларга риоя қилинганда мумкин:
- қайта ишлаш муддатларига риоя этиш;
- рухсатномада кўрсатилган операцияларни амалга ошириш;
- қайта ишлашни белгиланган жойда ва масъул шахслар томонидан амалга ошириш;
- божхона назоратисиз бошқа товарлар билан аралаштирмаслик;
- ҳисобот юритиш ва божхона органларига маълумот тақдим этиш.
Бир йил ичида қайта ишлаш режими шартларининг бир неча бор бузилиши ҳолатида, ваколатли шахс Божхона кодекси талабларига мувофиқ божхона тўловларини тўлашни таъминлаши шарт.
Ҳужжат билан, шунингдек, божхона ҳудудида ва ундан ташқари қайта ишлаш учун рухсат этилган товарлар рўйхати ҳам тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 03.09.2025 йилдан кучга кирди.
Саодат Усмонова




