6 декабрь куни ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида оммавий ахборот воситалари фаолиятига, шунингдек журналистларнинг касб фаолиятини ҳимоя қилишга дахлдор қонун лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Даставвал депутатлар “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишди. Қонун лойиҳаси ривожланган демократик мамлакатлар: АҚШ, Япония, Корея Республикаси, Европа Иттифоқи мамлакатлари тажрибасини, шунингдек ОАВ соҳасидаги халқаро шартномаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Муҳим жиҳатлар орасида - ОАВни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш жараёнини соддалаштириш, шунингдек веб-сайтларни ОАВ сифатида рўйхатдан ўтказиш тартибини такомиллаштириш. Бундан ташқари, журналистлар ва ижодий жамоаларни уларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар ва преференциялар тақдим этиш, молиявий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш йўли билан давлат томонидан қўллаб қувватлашнинг ҳуқуқий механизмлари жорий этилади. Моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, фондлар фаолиятини ташкил этиш, шунингдек таҳририятлар ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалалари кўтарилди.
Шундан сўнг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Унинг мақсади - давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда ҳамда жамоат манфаатларига молик долзарб масалаларни ёритишда журналистларнинг нуфузини ошириш. Масс-медиа вакилларига журналистлик фаолиятини амалга оширишда қўшимча ҳуқуқлар берилади.
Эслатиб ўтамиз, порталимизда Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасида мазкур қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш якунлари бўйича депутатлар шарҳлари эълон қилинганди. Шунингдек, таклиф қилинаётган тузатишларнинг моҳияти ва аҳамияти шу йилнинг август ойида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан ташкил этилган матбуот-анжуманида ёритилган эди.
Мажлисда депутатлар Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини бажариш мақсадида ишлаб чиқилган қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
материаллари асосида.