Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Если предприятие продает безвозмездно полученные тарные материалы Как работать с маркированными напитками в особых случаях (реализация в розлив, оформление возврата, списание испорченного товара) Как оформлять через ККМ обмен товара (в том числе – испорченного)

1 декабрдан нималар ўзгаради

25.11.2025

Читать на русском языке

Norma.uz портали 2025 йил 1 декабрдан   миллий қонунчиликда кучга кирадиган асосий ўзгаришлар шарҳини тақдим этади.

 

Экология бўйича маълумотлар очиқ бўлади


Ўзбекистон Атроф-муҳитга тааллуқли масалалар бўйича ахборотдан фойдаланиш, қарорлар қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг иштироки ва одил судловга эришиш тўғрисидаги Конвенцияга (Орхус конвенцияси, Орхус шаҳри, Дания, 25.06.1998 й.) қўшилганлиги муносабати билан Экология вазирлиги атроф табиий муҳит давлат мониторинги маълумотлар базасининг жамоатчилик учун очиқлигини таъминлайди ва унга қуйидаги маълумотларни жойлаштиради:

  • "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили экиладиган дарахтлар ва кўчатлар (уларнинг манзили, парвариши учун масъул шахслар, кўчат турлари ва бошқалар) тўғрисида;
  • давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесиш учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни олиш мақсадида юридик ва жисмоний шахслар томонидан тақдим этилган аризалар (ариза берувчилар, дарахтлар сони, уларнинг турлари ва манзиллари тўғрисида) ва дарахтларни кесиш бўйича ўтказиладиган жамоатчилик эшитувлари (санаси, вақти, манзили ва натижалари тўғрисида);
  • сув ҳавзаларида норуда материалларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш бўйича жорий этилган мораторий тартибини бузган шахслар тўғрисида ва бошқалар.

 

Сейсмологик онлайн платформа ишга туширилмоқда


Платформа қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • эҳтимолий зилзилаларнинг минтақавий акселерограммалари базалари;
  • республика ҳудудларини илмий таҳлиллар асосида сейсмик хавфлилик даражаси бўйича таснифлашни назарда тутувчи умумий сейсмик ва батафсил районлаштириш хариталари;
  • республикада мавжуд бўлган фаол тектоник ёриқлар хариталари.

 

Тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқармоқда

 

Қуйидагиларга талаб бекор қилинади:

  • никоҳланувчи шахсларда ФҲДЁ органлари томонидан никоҳ қайд этилганда, тиббий кўрик натижалари тақдим этилганда, шунингдек, никоҳдан ажралишда суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинганда;
  • республика ҳудудида нотариал тасдиқланган никоҳ шартномалари асл нусхаларини нотариуслар томонидан уларнинг нусхасини "Нотариус" АТга мажбурий юклаш тартибини жорий этиш ҳисобига.

 

Чорвадор ва паррандачиларга субсидиялар

 

2025 йил 31 декабрга қадар давлат томонидан қуйидагиларга субсидиялар ажратилади:

  • чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга – хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қорамолларнинг ҳар бир бош сони учун 2 млн сўмдан, наслдор қўй ва эчкиларнинг ҳар бир бош сони учун 400 минг сўмдан;
  • паррандачилик хўжаликларига – бир кунлик наслли жўжаларнинг ҳар бир донасини импорт қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 15 минг сўм.

 

Барча маҳаллалар битта реестрда


2025 йил 1 ноябрда якунланган маҳаллалар аудити натижасида улар тўғрисида тўпланган ишончли ва долзарб маълумотларни ўз ичига олган маҳалла фуқаролар йиғинларининг ягона реестри ишга туширилади.

 

"Фуқаролик жамияти ҳафталиги"


Декабрь ойининг биринчи кунларида "Фуқаролик жамияти ҳафталиги" бошланади. Унинг доирасида "Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун" кўкрак нишони билан тақдирлаш тадбирлари ўтказилади. Ҳафталикни ўтказиш  Президентнинг 26.08.2024 йилдаги ПФ-124-сон Фармонида назарда тутилган.

 

Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш


Яйловлардан самарали фойдаланишни назарда тутувчи "E-yaylov" электрон платформаси ишга туширилмоқда.

 

31 декабрда нималар тугайди


Қуйидаги харажатларнинг бир қисмини қоплаш тугайди:

  • Бизнесни ривожлантириш банки ҳузуридаги Кичик бизнесга кўмаклашиш марказлари ёрдамида ишлаб чиқилган лойиҳалар доирасида импорт қилинадиган асбоб-ускуналарни суғурталаш, шунингдек, хомашё ва материалларни сертификатлаш бўйича;
  • инвесторларга 2025 йил 31 декабрга қадар фойдаланишга топшириш шарти билан янги осма дор йўлларини қуриш ва жиҳозлашга йўналтирилган ҳар 500 метр йўл учун 1 млрд сўмдан, дор йўллари узунлиги камида 500 метр бўлганда;
  • 2019 йил 5 январдан 2024 йил 31 мартга қадар янги меҳмонхона ва бошқа маблағларни қуриш ва фойдаланишга топширишни амалга оширган тадбиркорлик субъектларига.