Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Давлат харидларида корхоналар учун нималар ўзгармоқда Қайси даврларда фойда солиғини 50 фоизга камайтирилган ставка бўйича тўлаш мумкин Ходимнинг соғлиғига етказилган зиённинг ўрнини қоплаш бўйича тўловларни қандай амалга ошириш ва ҳисобга олиш керак

1 июлдан мамлакатимизни нималар кутмоқда

03.07.2019

Рус тилида ўқиш

 

2019 йил 1 июлдан божхонада тартибга солиш, лицензиялаштириш, давлат харидлари, инвесторлар билан ўзаро алоқалар, коррупция хавф-хатарларини баҳолаш ва бошқа кўплаб соҳаларга тааллуқли ўзгартиришлар кучга кирди.

 

Алкоголь ва тамакига солинадиган акциз солиғи ошди

Алкоголли ва тамаки маҳсулотларига амалдаги ставкалар 20%гача оширилди. Аниқ ошиш миқдори ва акциз солиғининг якуний ставкалари 26.12.2018 йилдаги ПҚ–4086-сон қарорга 19-иловада акс эттирилади.

 

ҚҚС тўламайдигандан харид қилганда солиқни ҳисобга олиш тақиқланади

Етказиб берувчи ҚҚС тўловчиси бўлмаса, товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилувчилар ушбу солиқ суммасини ҳисобга олишга ҳақли эмас. Солиқ тўловчилар ҚҚС тўловчилар сифатида солиқ органларида ҳисобга олинганлиги тўғрисидаги ахборотни ДСҚ сайтидан олиш мумкин.

 

Инвесторлар учун «ягона дарча» очилди

Инвесторлар «ягона дарча» тамойили асосида бутун бир хизматлар комплексидан фойдаланади. Инвестиция шартномаларини тузишда уларга ҳар томонлама кўмак берилади, шу жумладан маслаҳатлар берилади ва юридик жиҳатдан кузатиб борилади.

 

Алкоголга лицензияларни қайта расмийлаштириш пайти келди

Алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширишга илгари берилган лицензиялар, уларда кўрсатилган муддатлардан қатъи назар, энди амал қилмайди. Янги лицензион талабларни ҳисобга олган ҳолда уларни қайта расмийлаштиришга тўғри келади.

 

Банкрот деб топишга оид янги қоидалар

Қарздорни банкрот деб топишнинг янги қоидалари амал қила бошлади.

  • Солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги қарорни ижро этишнинг имкони бўлмаса, солиқчилар ижро ҳужжати қайтарилган кундан бошлаб 30 кундан кечиктирмасдан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида судга ариза берадилар.
  • Қарздорга нисбатан жами талабларнинг минимал суммаси камайтирилди. Энди банкротлик аломатлари мавжуд бўлган тақдирда – юридик шахс учун 300 ЭКИҲ ва якка тартибдаги тадбиркор (ш.ж. мақомини йўқотган) учун 20 ЭКИҲ банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш учун асос бўлади.
  • Тугатишга доир иш юритиш муддати 1 йилдан 9 ойгача қисқартирилди. Алоҳида ҳолларда у суд қарори билан 3 ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
  • Суд бенефициар ва аффилланган шахсларнинг биргаликдаги хатти-ҳаракатлари оқибатида сохта банкротлик, банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқласа, уларнинг бари субсидиар жавобгарликка тортилади.

 

Давлат харидлари: маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга устуворлик берилади

1.07.2019 йилдан 31.12.2020 йилгача синов ўтказилади, унинг доирасида давлат буюртмачиси дори препаратлари ва тиббиёт буюмларини миллий ишлаб чиқарувчиларидан биттадан ортиқ таклиф олганда уларни импорт етказиб бериш таклифи мавжуд барча буюртмаларни рад этади.

 

Бундан ташқари, 1 июлдан:

  • маҳаллий етказиб берувчиларнинг иштирокини таъминлаш учун давлат буюртмачилари томонидан импорт товарларни харид қилиш тўғрисидаги истаклар давлат харидлари махсус ахборот порталида жойлаштирилади. Уч ёки ундан ортиқ иштирокчилар – маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бўлган тақдирда эса давлат харидлари буюртмачининг танловига кўра улар ўртасида амалга оширилиши мумкин;
  • электротехника ва электромаиший маҳсулотларнинг давлат харидлари, шу жумладан давлат харидлари стратегик субъектлари томонидан амалга оширилишида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нисбатан 20%гача нарх преференцияси қўлланилади;
  • Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектларни «тайёр ҳолда топшириш» шартлари асосида қуриш ёки реконструкция қилиш бўйича тендер ҳужжатларида пудратчи томонидан республикада ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган электротехника ва электромаиший маҳсулотлар сотиб олиш назарда тутилади.

 

Импорт дори воситаларини расмийлаштириш учун йиғим оширилди

Импорт дори воситалари (дори субстанциялари бундан мустасно) ва тиббиёт буюмларини «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига расмийлаштириш учун йиғимнинг оширилган ставкаси жорий этилди. Умумбелгиланган ставка 0,2% (бироқ 25 АҚШ долларидан кам ва 3 000 АҚШ долларидан кўп эмас) бўлгани ҳолда у товар божхона қийматининг 1,2%ини ташкил этади.

 

Қурилиш саноати: талаблар, имтиёзлар ва давлат кўмаги

2019 йил 1 июлдан қурилиш ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш соҳасидаги янгиликлар кучга кирди.

  • Маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт қилинаётган маҳсулотини сертификатлаштириш бўйича харажатлари Экспортни ривожлантириш агентлиги томонидан қопланади. Бунда ҳисоб-китобларнинг асослантирилганлиги учун «Ўзстандарт» агентлиги жавоб беради.
  • Тадбиркорлик субъектларининг солиқ солиш базаси 5 йил давомида тенг улушларда норуда фойдали қазилма бойликлари конларини ўзлаштириш учун зарур бўладиган муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмасини қуриш харажатлари миқдорига камайтирилади. Бунда камайтириш суммаси энергетика ва транспорт вазирликларининг тегишли нормативларидан ошмаслиги лозим.
  • Энди фақат тегишли синовлардан ўтган ва мувофиқлик сертификати берилган қурилиш материаллари қурилиш ишларида қўлланилиши мумкин.
  • Тадбиркорлик субъектлари техноген минерал ҳосилаларнинг тури ёки кўриниши, уларнинг миқдор ва сифат кўрсаткичлари ҳамда уларни сақлашнинг кон-техникавий шарт-шароитларини тавсифловчи маълумотларни сўровга асосан бепул оладилар.
  • Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси қурилиш материаллари саноати соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун 1.07.2022 йилгача жалб қилинадиган кредитлар бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплайди ва кредитлар бўйича кафиллик беради.

 

gov.uz даги трафик тарификацияланмайди

Телекоммуникация операторлари ва провайдерлари gov.uz субдоменида жойлаштирилган ахборот ресурсларига киришда ишлатиладиган трафик учун ҳақ олмайдилар.

 

Заргарлик буюмларини хорижга муаммосиз олиб чиқиб кетиш мумкин

Заргарлик тармоғида кўп янгиликлар рўй берди.

  • Заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўзлари ишлаб чиқарган заргарлик буюмларининг асиллик даражасини мустақил белгилашлари ва уларга асиллик даражаси белгиси изларини қўйишлари мумкин. Бунда буюмга ишлаб чиқарувчининг рўйхатдан ўтказилган шахсий тамғасини босиш шарт.
  • Заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар:

– ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотни чакана тартибда сотиш,

– аҳолидан қимматбаҳо металл парчалари, қимматбаҳо тошлар ва улардан ясалган буюмларни ишлаб чиқариш мақсадларида сотиб олиш ҳуқуқига эга.

  • Устав фондида давлат улуши бўлмаган ёки давлат улуши 50%дан кам бўлган юридик шахслар, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар қимматбаҳо металлар ва тошларни сарфлаш, ҳисобини юритиш ва сақлаш тартибини мустақил равишда белгилайдилар.
  • Жисмоний шахслар қиймати 5 000 АҚШ долларидан ортиқ бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда олиб чиқиш ҳуқуқига эга бўлдилар.
  • Заргарлик буюмларининг чакана савдоси айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим объекти ҳисобланмайди. Бироқ олтиндан ясалган заргарлик буюмларини чакана савдода сотганлик учун 1 граммига 1 000 сўм миқдорида йиғим жорий этилди.
  • Тадбиркорлик субъектлари – олтин изловчилар қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларни қазиб олишлари ҳамда уларни заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга сотишлари мумкин.

 

Лойиҳаларни кўриб чиқиш ва виза қўйиш – электрон форматда

2019 йил 1 июлдан 1 октябрга қадар Вазирлар Маҳкамасида Ягона электрон тизимнинг пилот лойиҳаси жорий этилади. Ишлаб чиқилган ва келишилган Қонунлар, Президент ва Ҳукуматнинг ҳужжатлари лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасига у орқали электрон кўринишда киритилади.

 

Кузатув кенгашига – фақат сертификат билан

Энди давлат органининг раҳбари ёки унинг ўринбосари (Давлат активларини бошқариш агентлиги бундан мустасно) давлат иштирокидаги корхонанинг кузатув кенгаши аъзолигига кира олишлари учун уларда корпоратив бошқарув малака аттестати мавжуд бўлиши керак.

 

Хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун кучга кирди

Резидент юридик шахслар ва фуқаролар ер участкаларини хусусийлаштириш ҳуқуқига эга бўлдилар. Бу ҳақда батафсил – бу ерда. Бироқ механизм тўлақонли ишлаши учун:

  • Сенат томонидан маъқулланган, бироқ ҳанузгача эълон қилинмаган «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонун (лойиҳа шарҳига қаранг);
  • хусусийлаштириш тартиби ва тўлов миқдорлари белгиланган қонуности ҳужжатлар керак.

 

ЙҲҚ бузилиши ҳолатини суратга олдингизми – уни жўнатиб, мукофот олинг

Жамоат транспорти ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар учун видеорегистраторлар ўрнатиш мажбурий бўлди.

 

1 июлдан видеорегистратор орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги видеоёзувлар марказлаштирилган тартибда тўплана бошлайди. Ҳар бир йўл ҳаракати қатнашчиси jarima.uz сайти орқали видеони жўнатиб, қоидабузардан ундирилган жарима ҳисобидан ЭКИҲнинг 5%и миқдорида пул мукофотини олиши мумкин.

 

Бунда ЙПХ ходимлари режалаштирилганидек 1 июлдан эмас, 2020 йил бошидан мобил видеокамералардан мажбурий фойдаланадиган бўлди.

 

Электрон аукционда нималар пайдо бўлади

1 июлдан «E-IJRO AUKSION» электрон савдо майдончаси орқали:

  • давлат кўчмас мулк объектларини ижарага олиш;
  • Айдар-Арнасой кўллар тизимидаги бўш сув ҳавзалари контурларини ижарага олиш;
  • Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан аниқланган норуда фойдали қазилма конларини олиш;
  • банкротлик таомиллари қўлланилган қарздорларнинг мол-мулкини сотиб олиш мумкин бўлади.

 

Олимлар ва олий таълим муассасалари ўқитувчиларининг иш ҳақи индексацияланади

Қуйидагиларнинг иш ҳақи миқдори 25%га оширилади:

  • Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фундаментал, амалий тадқиқотлар илмий-техник дастурларини ва инновация ишларини амалга оширишда иштирок этаётган илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ва илмий ходимлари;
  • илмий фаолиятни конструктор-технологик таъминлаш, илмий лаборатория ускуналарига хизмат кўрсатиш вазифалари юклатилган илмий-тадқиқот муассасаларининг муҳандис-техник ходимлари;
  • олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилар таркиби.

 

Ошишни ҳисобга олган ҳолда базавий лавозим маошлари (рақамлар) – бу ерда ва бу ерда.

 

Коррупцияга қарши курашишнинг янги усуллари

Коррупция хавф-хатарларини мажбурий баҳолаш жорий этилди. Унинг якунлари бўйича:

  • коррупция хавф-хатарига энг кўп дуч келадиган давлат хизматчиларининг фаолият соҳалари ва лавозимлари, шунингдек, уларнинг функциялари (ваколатлари)нинг рўйхати шакллантирилади;
  • идоравий коррупцияга қарши курашиш дастурлари ижросининг ҳар чораклик мониторинги амалга оширилади;
  • ҳар йилги идоравий коррупцияга қарши курашиш дастурлари ишлаб чиқилади.

 

Амалдор жазоланади ёки рағбатлантирилади

Айрим давлат хизматчилари иш натижалари учун моддий рағбатлантирила ёки жазолана бошлайди:

  • лавозим маошининг 50%игача – ҳукуматлараро комиссияларнинг Ўзбекистонга оид қисмлари ҳамраислари ва аъзолари, ўз фаолиятини баҳолаш якунларидан келиб чиққан ҳолда;
  • 2 лавозим маошигача бўлган миқдорда бирйўла мукофотлаш ёки ҳайфсан эълон қилиш, лавозим маошининг 50%игача миқдорида жарима солиш ёки эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш тарзида давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарларининг интизомий жавобгарлиги тизими жорий этилади.

 

Электр энергетикаси: имтиёз ва преференциялар

Электротехника саноати тармоғи корхоналари учун:

  • ўзлари ишлаб чиқарган электротехника ва электромаиший маҳсулотларни экспорт қилиш операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг ягона муддати БЮД расмийлаштирилган санадан бошлаб 180 кун этиб;
  • ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун технологик ускуналарни республикага олиб кириш ва «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига расмийлаштириш ёки импорт контрактлари бўйича улар учун тўланган пул маблағларини қайтариш муддати импорт контрактлари бўйича тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 270 кун этиб белгиланди.

 

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси электротехника саноати тармоғи корхоналарининг кредитлар бўйича фоизларининг бир қисмини – белгиланган фоиз ставкасининг 50%и миқдорида, лекин кредит ставкасининг 5 фоизлик пунктидан ошмаган миқдорда қоплайди.

 

Электр энергиясини ишлаб чиқариш ва харид қилиш қисмида:

  • қуввати 10 МВтдан кўпроқ энергия истеъмол қиладиган саноат корхоналарини қуриш ва ер майдонлари ажратиш тўғрисидаги қарор қабул қилингунга қадар республика ҳудудларида жойлаштириш фақат Энергетика вазирлиги билан келишган ҳолда амалга оширилади;
  • хусусий мустақил ишлаб чиқарувчилардан электр энергияни харид қилиш танлов асосида (Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган лойиҳалар бундан мустасно) унинг максимал қиймати кўрсатилган ҳолда амалга оширилади.

 

Қулоғи оғирлар учун махсус ёрдам  

ФВВ таркибида Эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш диспетчерлик хизмати ташкил этилди.

 

Автомобилда юк ташиш ва такси соҳалари либераллаштирилади

1 июлдан қуйидагилар бекор қилинди:

  • халқаро ташишларда фойдаланиладиган тягач (шатакчи) автомобилларга лицензия карточкалари берилиши учун давлат божи тўлаш;
  • олиб кириладиган ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларида ишлаб чиқарилган «Евро-5» ва «Евро-6» экологик синф талабларига мос келадиган янги юк ва махсус автотранспорт воситалари, шунингдек, автомобиль транспортида юк ташиш учун фойдаланиладиган тиркама ва яримтиркамаларни, шунингдек транспорт-экспедиторлик хизматларини мажбурий сертификатлаш;
  • йўловчилар ташишда фойдаланиладиган автотранспорт воситаларида НКМ мавжуд бўлиши ҳақидаги талаблар. Улар ўрнига қўлланиладиган инструментлар чек бериши ёки йўловчининг юрганлигини электрон қайд этиши шарт;
  • юк ташиш билан шуғулланувчи якка тадбиркорларнинг ва аттестациядан ўтган, масъул мутахассиси бўлган юридик шахслар раҳбарларининг аттестациядан ўтиши;
  • автомобиль транспортида йўловчилар ва юкларни ташиш учун лицензия олишда юридик шахсларнинг балансида юк машиналари мавжуд бўлиши ҳақидаги талаблар.

Таксичилар учун шарт-шароитлар анча соддалаштирилди:

  • йўналишсиз такси учун талаб этиладиган тўлов терминаллари, ҳисоблагич-таксометрлар ва радиоалоқа воситалари алмаштириладиган приборларнинг функцияларини таъминлайдиган махсус иловали қурилмаларга (уяли телефонлар, планшетлар, электрон тўлов тизимлари) алмаштирилиши мумкин;
  • йўналишсиз такси рангини талаб қилинган рангга (сариқ, фил суяги) мувофиқ ҳолга келтириш учун уларни бўямасдан ўзи елимланадиган материаллардан фойдаланишга йўл қўйилади;
  • «шашкачали» енгил автомобиллар махсус ҳаракат йўналишида ҳаракатланиши ҳамда «Тўхташ тақиқланади» белгиси амал қилиш ҳудудида тўхташи мумкин;
  • халқаро автомобилда ташишга хорижий/кўп томонлама рухсатномаларни олиш учун аризалар улар олинган пайтдан бошлаб бир иш куни мобайнида кўриб чиқилади.

 

Стационарларда тиббий ёрдамни молиялаштиришнинг янги тизими

Вилоят ва туман (шаҳар) даражаларидаги тиббий стационарларда кафолатланган бепул тиббий ёрдам ҳажмига кирмайдиган даволаш хизматлари пуллик асосда кўрсатилади. Эслатиб ўтамиз, бепул тиббий ёрдам кўрсатиш қуйидаги ҳужжатлар билан тартибга солинади:

  • «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонун;
  • Республика ихтисослаштирилган марказлар томонидан давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиладиган шахсларнинг имтиёзли тоифаси рўйхати
  • Имтиёзли тоифага кирувчи беморларга ордер бериш, уларни шифохонага жойлаштириш ва давлат бюджети маблағлари ҳисобига даволаш қийматини тўлаш тартиби;
  • Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом ва бошқа қонун ҳужжатлари.

 

Янги йиғим жорий этилди 

Хўжалик юритувчи субъектларнинг бирлашуви ва қўшиб олиниши бўйича битимлар, шунингдек, шахс ва шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъект устав капитали (жамғармаси)даги акциялар (улушлар)ни сотиб олиш бўйича битимларга дастлабки розилик бериш учун 10 ЭКИҲ миқдорида йиғим ундирилади. Илгари ушбу йиғим мавжуд эмас эди.

 

ЯТТ учун «солиқ амнистияси» тугади

2018 йил 28 июлгача юзага келган қатъий белгиланган солиқ ва ҳисобланган пенялар бўйича қарздорлик, шунингдек молиявий санкциялар ва суд харажатлари (суд чиқимлари бундан мустасно) бўйича қарздорликни ҳисобдан чиқариш бўйича акция тугади:

  • 2018 йил 1 апрелгача якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларда ва 2018 йил 1 апрелдан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган (шу жумладан вақтинча фаолиятини тўхтатган) якка тартибдаги тадбиркорларда;
  • давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширганлик учун қатъий белгиланган солиқнинг йиллик суммаси ҳисобланган жисмоний шахсларда.

Қарзлар ҳисобдан чиқарилиши учун 2019 йил 1 июлгача фаолиятни тиклаш ёки ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтиш лозим эди.

 

Олег Заманов.