Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бизнеснинг мавсумий хусусиятида амортизацияни ҳисоблашнинг қайси усулидан фойдаланиш керак Ижаранинг минимал ставкаларини ҳисобга олган ҳолда ижарага берувчининг даромадларидан ЖШДС қандай ушлаб қолинади Қайси мулк МҲХС бўйича актив сифатида киритилади

2019 йил 1 мартдан нималар ўзгарди?

04.03.2019

Рус тилида ўқиш

 

Мартда қонун ҳужжатларига киритилган кўп янгиликлар кучга кирди: сигареталарга акциз ошди, бизнеснинг бюрократик чиқимлари камайди, тадбиркорлик фаолиятининг янги тури ва янги божхона йўлаклари юзага келди. Шунингдек интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, божхонада расмийлаштириш, хусусийлаштириш, ижтимоий ва бошқа соҳаларда муҳим ўзгаришлар юз берди. Уларни тартиби билан кўриб чиқамиз.

 

Сигареталарга акциз ошди

 

1 мартдан қатъий белгиланган ставкага қўшимча равишда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган сигареталарга акциз солиғининг адвалор ставкаси жорий этилди. Шу тариқа, акциз солиғининг аралаш ставкаси 117 900 сўм/1 000 дона + 4%ни ташкил этди.

 

Қатъий белгиланган ставка, илгаригидек, акциз тўланадиган товарлар ҳажмига (сонига) нисбатан натура ифодасида, адвалор – реализация қилинган, акциз солиғи ва ҚҚСни ўз ичига олмайдиган сигареталар қийматига нисбатан қўлланилади. 

 

Бюрократик чиқимлар камайди

 

1 мартдан таъсисчилари Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахсларга ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга уларни давлат рўйхатидан ўтказиш пайтида банк ҳисобварақлари масофадан туриб очилади. Ҳисобварақ очишнинг янги механизми ҳақида батафсил бу ерда ўқишингиз мумкин.

 

Энди давлат органлари ва бошқа ташкилотлар тадбиркорлик субъектлари ҳужжатларга муҳр қўйишларини талаб қилмайдилар. Эслатиб ўтамиз, илгари фақат кичик тадбиркорлик субъектларига «фирма» муҳрисиз ишлашга рухсат берилган эди.

 

Бундан ташқари, қурилиш, электр таъминоти тизимига уланиш, мулкни рўйхатдан ўтказиш, миноритар акциядорларни ҳимоя қилиш, халқаро савдо ва контрактларни ижро этиш соҳасидаги бир қатор янгиликлар бизнес юритиш шарт-шароити яхшиланишига олиб келади. Ушбу йўналишлар бежиз танланмаган – «Doing Business» йиллик ҳисоботини тайёрлаш чоғида улар индикаторлар сифатида баҳоланади. Давлатнинг вазифаси – 2022 йилга келиб ушбу халқаро рейтингда 20-ўринга эришиш. Маълумот учун – «Doing Business–2019»да Ўзбекистон 190 мамлакат орасида 76-ўринни эгаллади (батафсил қаранг).

  

Қазиб олувчилар «легаллаштирилди»

 

1 мартда Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятининг янги тури – қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти жорий қилинди. У билан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар – жисмоний шахслар шуғулланишлари мумкин. Фаолият лицензиялаштирилади, асосий талаблар ва шартлар бу ерда баён этилган.

 

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб оладиган шахслар қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш қисми бўйича барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан, ЯИТдан ташқари, озод этилади.

 

Божхонада – янги йўлаклар

 

1 мартдан божхонада расмийлаштириш тизимига янги рангли йўлаклар жорий этилди:

  • «яшил йўлак» – хавф даражаси паст бўлган товар ва транспорт воситалари учун (божхона назоратидан ўтказилмайди);
  • «кўк йўлак» – хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танлов асосида аниқланган товарлар учун (енгиллаштирилган божхона назорати).

 

Шу тариқа, энди чегарадаги божхона назорати 4 та йўлакни қўллаган ҳолда амалга оширилади, шу туфайли хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими тўлақонли ишлайди (батафсил қаранг).

 

Март ойидан бошлаб олиб кириладиган товарларнинг божхона кўриги видеокузатув тизими билан жиҳозланган жойлардагина амалга оширилади. Видеоёзувлар 3 ой давомида сақланади.

 

Хорижий инвесторлар, хуш келибсиз!

 

Виза режими ва хорижий инвесторлар учун мамлакатда бўлиш қоидалари соддалаштирилди. Хусусан, мамлакатдан чиқмасдан муддатини узайтириш мумкин бўлган 3 йиллик махсус «инвестиция визаси» жорий этилди. Маҳаллий ишлаб чиқаришга камида $3 млн инвестиция киритган хорижий фуқароларга Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси 10 йил муддатга соддалаштирилган тартибда берилади. Энди уларнинг рўйхатдан ўтиши ҳам осонлашди. У инвестиция лойиҳаси рўёбга чиқарилаётган ҳудудда расмийлаштирилади, мамлакатнинг бошқа ҳудудига кўчганда қайта рўйхатдан ўтиш зарур бўлмайди.

 

Қурилишда сертификатлаштириш – янги талаблар

 

Ўзбекистонда лойиҳалаш фаолиятини амалга оширишга штатида тегишли сертификатга эга ва доимий асосда ишлайдиган камида 2 нафар муҳандис мавжуд бўлган ёхуд Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмаси аъзоси бўлган юридик шахсларга рухсат берилади.

 

Қурилишнинг барча босқичларида объектлар устидан муаллифлик назорати, техник назорат ва текширув фақат белгиланган тартибда сертификат олган мутахассислар томонидан амалга оширилади.

 

Товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш учун талабномалар оммавий равишда олдиндан кўриб чиқилади

 

Товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва товар келиб чиққан жой номини рўйхатдан ўтказишнинг янги тартиби жорий этилди. Энди Интеллектуал мулк агентлиги бундай объектларни рўйхатдан ўтказиш учун келиб тушган талабномалар ҳақидаги маълумотларни 1 иш куни мобайнида ўзининг сайтига жойлаштиради. Ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар, сотувчилар ёки уларнинг вакиллари у эълон қилингандан сўнг у ёки бу буюртманома ноҳалол топширилгани ҳақида ёзма эътирозларини тақдим этишлари мумкин.

 

 

Санаб ўтилган интеллектуал мулк объектларига доир мутлоқ ҳуқуқ улар Товар белгилари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади, бу ҳақидаги маълумотлар ҳам Агентликнинг расмий сайтида жойлаштирилади.

 

Хусусийлаштириш доирасида сотиб олиш тўловлари қачон тўланади

 

Энди давлат кўчмас мулк объектлари ва давлат улушлари учун сотиб олиш тўловларини тўлаш муддати савдолар ўтказилган санадаги (олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб) сотиб олиш тўловлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда белгиланади:

  • ЭКИҲнинг 3 000 бараваригача – 3 ойдан кўп бўлмаган муддатда;
  • ЭКИҲнинг 3 000 бараваридан юқори, лекин ЭКИҲнинг 7 000 бараваридан кўп бўлмаганда – 6 ойдан кўп бўлмаган муддатда;
  • ЭКИҲнинг 7 000 бараваридан юқори, лекин ЭКИҲнинг 15 000 бараваридан кўп бўлмаганда – 1 йилдан кўп бўлмаган муддатда;
  • ЭКИҲнинг 15 000 бараваридан юқори, лекин ЭКИҲнинг 20 000 бараваридан кўп бўлмаганда – 2 йилдан кўп бўлмаган муддатда;
  • ЭКИҲнинг 20 000 бараваридан юқори бўлганда – 3 йилдан кўп бўлмаган муддатда.

 

Янгиликка қуйидагича изоҳ бериб ўтилган: Президент ҳужжатлари ёки Вазирлар Маҳкамаси ёхуд Давлат тендер комиссиясининг қарорлари ёхуд Давлат тендер комиссиясининг қарорлари билан сотиб олиш тўловларини тўлашнинг бошқача тартиби ва муддатлари ўрнатилиши мумкин. 

 

«Бюджетдагиларнинг» харажатлари – очиқ манбада

 

Март ойида вазирликлар, идоралар, давлат мақсадли жамғармалари ва бошқа бюджет маблағлари тақсимловчилари бюджетдан ажратилган маблағлар, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларидан фойдаланиш, ўтказилган танлов (тендер)лар ва сотиб олинган товарларни етказиб бериш ҳақидаги тегишли ахборотни ўз расмий веб-сайтларида жойлаштиради. Президентнинг 26.12.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020–2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги ПҚ–4086-сон қарори 31-бандида ана шундай талаб белгиланган.   

 

Янги ижтимоий нафақа, ижтимоий соҳадагиларнинг иш ҳақи ошди

 

1 мартдан болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга ижтимоий нафақа тўланади. Уни пенсия ёшига тўлган аёллар пенсия тайинлаш учун зарур стаж мавжуд бўлмаганда оладилар. Муаммо ҳақида батафсил – бу ерда

 

Ўзгартиришлар етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ҳам дахл қилади.  Патронат оиладаги ҳар бир бола учун тўланадиган нафақа миқдори 1,33 баробарга оширилиб, 820 000 сўмни ташкил қилади. Кейинчалик у инфляция ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда ошириб борилади.

 

«Меҳрибонлик» уйлари, болалар шаҳарчалари раҳбар ходимлари ва тарбиячилари, барча турдаги халқ таълими муассасалари тарбиячиларининг базавий тариф ставкаси 1,5 баробарга оширилди.

 

Суд бошқарувчиларини тайёрлаш

 

ЛБМА қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактабида талабгорлар учун махсус курслар ташкил этилди. Ўқишни тугатганлик тўғрисидаги гувоҳнома аттестат олиш учун асос бўлади. Фаолият юритаётган суд бошқарувчилари ушбу курсларда касбий даража ва малакаларини оширишлари мумкин.

 

Жиззах вилояти – «Илғор ҳудуд»

 

Жиззах вилоятида «Илғор ҳудуд» синов лойиҳаси амалга оширилади. Унда ҳудуднинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш назарда тутилган. Бу ҳақда бу ерда батафсил ўқишингиз мумкин.

 

Хорижий давлатларнинг дипломларини нострификация қилиш осонлашди

 

Шу йил 1 мартдан бошлаб аксарият ҳолларда хорижий давлатларда берилган таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш (эквивалентлигини қайд этиш) тўғридан-тўғри, махсус синовларсиз амалга оширилади. Бунинг учун асосларнинг тўлиқ рўйхати бу ерда берилган.

 

 

Энди тан олиш ва нострификация қилиш тўғрисидаги аризалар фақат давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали қабул қилинади, бу мазкур жараённи анча соддалаштиради ва жадаллаштиради.

  

Олег Заманов.


 

Валюталар курси

2024-12-04
  • USD:12825.43 (+0.00) сум
  • EUR:13493.63 (+0.00) сум
  • RUB:120.98 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 26 ноябрь№ 48