Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Ҳисоб, ҳисобот ва солиқ агентлари мақоми: электрон тижорат учун янги талаблар ЎРҚ-1173-сонли Қонун маркетплейслар, агрегаторлар ва ўзини ўзи банд қилганлар ишини қандай ўзгартиради

Марказий банкнинг асосий ставкаси ўзгаришсиз қолдирилди

17.09.2026

Рус тилида ўқиш

Марказий банк бошқаруви 2026 йил 16 сентябрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

Таъкидланишича, инфляциянинг пасайиши давом этаётгани ва иқтисодиётнинг янада мувозанатлашган динамикасининг айрим белгилари пайдо бўлаётганига қарамай, айрим проинфляцион хатарларнинг сақланиб қолиши жорий қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолишни тақозо этмоқда.

 

Инфляция ва инфляцион кутилмалар

 

Август ойида умумий йиллик инфляция 6,2 фоизгача секинлашиб, пасайиш тенденциясини давом эттирди. Базавий инфляция 5,5 фоиз атрофида шаклланди.

 

Шу билан бирга, нархлари йилига 5 фоиздан юқори суръатларда ўсиб бораётган товар ва хизматлар улушининг ортиши иқтисодиётда барқарор хусусиятга эга бўлган нарх босими сақланиб қолаётганидан далолат беради.

 

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ҳам пасайишда давом этди. Шу билан бирга, инфляцион кутилмалар умумий инфляцияга қараганда секинроқ пасаймоқда, бу эса нарх шаклланиши жараёнларида инфляцион инерциянинг маълум таъсири сақланиб қолаётганини кўрсатади.

 

Ички талаб ва иқтисодий фаоллик 

 

Чакана савдо, хизматлар ва инвестициялар динамикасидаги ижобий тенденциялар фаол истеъмол ва инвестиция талабидан далолат беради. Шу билан бирга, сўнгги ойларда ялпи талабнинг айрим таркибий қисмлари барқарорлашуви белгилари намоён бўла бошлади.

 

Хусусан, жорий пул-кредит шароитлари таъсирида иқтисодиётни кредитлашнинг ўсиш суръатлари аста-секин меъёрлашиб бормоқда. Шу билан бирга, ижобий реал фоиз ставкалари аҳолининг жамғаришга мойиллигини қўллаб-қувватламоқда.

 

Ташқи проинфляцион хатарлар 

 

Жаҳон хомашё, озиқ-овқат ва энергия ресурслари бозорларида нархларнинг юқори даражаси ўрта муддатли истиқболда импорт нархлари, транспорт ва логистика харажатлари орқали ички инфляцияга босимнинг сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда.

 

Ички инфляция учун ташқи нарх шокларининг иккиламчи таъсирлари кўлами кўп жиҳатдан ички талаб динамикаси ва қабул қилинаётган таркибий чораларга боғлиқ бўлади.

 

Йил давомида айрим асосий савдо ҳамкорлари валюталарининг заифлашиши фонида сўмнинг реал самарали алмашув курсининг мустаҳкамланиши импорт нархлари орқали инфляцион босимни юмшатишга хизмат қилмоқда.

 

Ички проинфляцион хатарлар

 

Тартибга солинадиган нархларни либераллаштиришнинг давом этаётган жараёни ишлаб чиқариш харажатлари ва хизматлар нархлари орқали иккиламчи инфляцион таъсирларни кучайтириши мумкин.

 

Жорий қатъий пул-кредит шароитларининг сақлаб қолиниши мазкур хатарларнинг барқарор инфляцион жараёнларга айланиб кетишини чеклаш, уларнинг эҳтимолий иккиламчи таъсирларини юмшатиш ва инфляцион кутилмаларнинг барқарор пасайишини таъминлаш учун зарур деб баҳоланмоқда.

 

Марказий банк инфляция ва инфляцион кутилмалар динамикаси, ички талаб омиллари ва ташқи иқтисодий шароитларнинг ўзгаришини диққат билан кузатиб боради ҳамда 2027 йил якунига қадар инфляцияни 5 фоизлик мақсадли даражагача пасайтириш учун зарур бўлган пул-кредит шароитларини таъминлашда давом этади.

 

Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 28 октябрга белгиланган.