Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Как устранить «уязвимость» персонального кабинета налогоплательщика Какими бухгалтерскими проводками отражаются расчеты с поставщиками и подрядчиками Какие налоговые последствия возникают при экспорте товаров

1 июндан нималар ўзгаради

28.05.2025

Читать на русском языке

Norma.uz портали 2025 йил 1 июндан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгартиришлар шарҳини тақдим этади.

 

Камбағал оилалар реестридаги оилаларни қўллаб-қувватлаш чоралари кенгайтирилади

 

Қонунчилик ҳужжатларида Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилалар учун белгиланган ижтимоий хизматлар, ёрдамлар ва имтиёзлар Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга ҳам татбиқ этилади.

 

Давлат хизматларидан фойдаланиш учун божлар, йиғимлар ва бошқа тўловларни тўлашда "сариқ" тоифага киритилган оилаларга 50%, "қизил" тоифага киритилган оилаларга эса 75% миқдорида чегирмалар қўлланилади. Камбағал оилалар "қизил" ёки "сариқ" тоифадан "яшил" тоифага ўтганда улар учун қонунчиликда назарда тутилган давлат ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кейинги 12 ой муддатга сақлаб қолинади. 

 

Шунингдек "қизил" тоифага киритилган оилаларнинг "аъло" баҳоларга ўқийдиган талаба қизларига Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси ҳисобидан базавий стипендиянинг икки баравари миқдоридаги махсус стипендия тўланади.

 

Тадбиркор иш берувчилар рағбатлантирилади

 

2025 йил 1 июндан бошлаб I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига 50 млн сўмгача субсидия ажратилиши белгиланди. Бунда:

  • субсидия сурдотаржимон, психолог ва ҳамроҳлик хизматини ташкил қилиш харажатларини қоплаш учун ажратилади;
  • жисмоний шахсларга ҳамроҳлик хизматини ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида кўрсатишга рухсат берилади.


Яна учта мамлакат учун визасиз режим жорий этилмоқда

 

Баҳрайн Қироллиги, Қувайт Давлати ва Уммон Султонлиги фуқаролари учун Ўзбекистонга кириш кунидан бошлаб 30 кун муддатга визасиз режим жорий этилади. 


Йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини фото ва видео қайд этиш қоидалари ўзгаради

 

Йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар билан белгилаб қўйилган талабларга риоя этмаслик ҳолатларини ҳар қандай махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари орқали қайд этишга йўл қўйилмайди.

 

Шунингдек, шаҳарлар автомобиль йўлларида таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш билан боғлиқ ишларни соат 07.00 дан 21.00 га қадар амалга ошириш (дам олиш кунлари, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно) тақиқланади.

 

«Фаол ҳаётга қадам» дастури ишга туширилади

 

Ўзгалар парваришига муҳтож вояга етган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган «Фаол ҳаётга қадам» дастури жорий этилади Дастур доирасида қуйидаги 5 турдаги янги ижтимоий хизматлар кўрсатилади:

  • уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш хизмати;
  • уй шароитида қараб туриш хизмати;
  • тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати;
  • кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати;
  • шахсий ёрдамчи хизмати. 

 

Ҳарбий хизматчиларга ипотека кредитлари

 

Календар ҳисобида ўн йилдан ортиқ ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчилар учун турар жой сотиб олиш (қуриш) учун ипотека кредити олинишида дастлабки бадал миқдори уй-жойнинг ҳисобланган қийматининг 35 фоизи миқдорида белгиланади. Бу ўзгариш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган ипотека кредитларини ажратиш кўрсаткичлари асосида уй-жой билан таъминланадиган ҳарбий хизматчиларга тегишли (илгари дастлабки бадал барча учун 25 фоизни ташкил этарди).

 

Ёш олимларни қўллаб-қувватлаш чоралари


 

Нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 100 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларида илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган 35 ёшгача бўлган мутахассисларга уй-жой сотиб олиш учун уй-жой жойлашган ҳудуддан келиб чиқиб, ўн йил муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2150 бараваригача миқдорда фоизсиз ссуда ажратилади.

 

Нуфузли халқаро фан олимпиадалари ғолиб ва совриндорларига тўланадиган бир марталик пул мукофотининг амалдаги миқдорлари 5 бараварга оширилади.


 

Қурилиш талаблари кучайтирилмоқда

 

Бино-иншоотларни қуриш ҳамда реконструкция қилишни лойиҳалаштиришда ушбу объектларнинг лойиҳа ҳужжатларида биноларнинг ўз эҳтиёжлари учун энергия тежовчи ускуналар, муқобил иссиқлик тизимлари (гелиоколлекторлар, иссиқлик насослари ва шу кабилар) ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини (қуёш панеллари ва шу кабилар) мажбурий ўрнатиш талаби киритилади.


Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини қўллаб-қувватлашнинг янги чоралари 

 

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспортга реализация қилиш учун фойдаланадиган импорт хомашё, материал ва бутловчи қисмларни божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) тўламаган ҳолда «товарларни божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимига жойлаштириш орқали уларни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади

Собир Нурбердиев