Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
План главбуха на ноябрь 2025 года Что делать, если в базе данных налогового органа отражены неверные сведения Как ЭЦП передать аутсорсинговой компании

1 ноябрдан нималар ўзгаради

27.10.2025

Читать на русском языке

Norma.uz портали 2025 йил 1 ноябрдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар таҳлилини тақдим этади.



Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар

 

Қўшимча механизмлар жорий этилмоқда, жумладан:

  • ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги лойиҳаларга банклар орқали миллий ва хорижий валютада 10 миллиард сўмгача кредитлар ажратиш учун маблағларни жойлаштириш;
  • кичик тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва "яшил" иқтисодиёт йўналишидаги микролойиҳалари учун банклар томонидан ажратилган 500 миллион сўмгача бўлган кредитларни қуйидаги шартларда қайта молиялаштириш:

– ажратилган кредит фоиз ставкасини 6 фоизгача, бироқ Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоиз бандгача юқори бўлган ставкада пасайтириш;

– камида 1 йил фаолият юритаётган ва 2 нафар ходими мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектларининг 5 ва ундан ортиқ янги иш ўринларини яратишни назарда тутувчи лойиҳаларига тақдим этиш.

 

Аҳолини рўйхатга олиш бошланади

 

Аҳолининг айрим тоифаларини рўйхатга олишни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, ДХХ, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Дин ишлари қўмитаси амалга ошира бошлайди.

 

Давлат хизматлари мобил иловалар орқали

 

Мобил алоқа операторлари, тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари ЯИДХПдаги пуллик электрон давлат хизматларини мобил иловалар орқали киберхавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда кўрсата бошлайди.

 

Давлат хизматлари кўрсатиш такомиллаштирилмоқда

 

Жисмоний шахсларнинг шахсий маълумотлари ЯИДХПга реал вақт режимида уларнинг шахсий кабинети орқали тақдим этилади ва қоғоз шаклига тенглаштирилади. Шунингдек: 

  • агар ушбу маълумотлар ЯИДХП мобил иловасидан фойдаланган ҳолда тақдим этилган бўлса, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ушбу маълумотларнинг қоғоз шаклини талаб қилиш тақиқланади;
  • ДХМга мурожаат қилганда пенсионерлар, ҳомиладор аёллар ва уч ёшгача бўлган боласи билан келган фуқароларга давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш имтиёзи берилади;
  • жисмоний шахсларни Ягона идентификациялаш тизимида (OnelD) муқобил шаклда рўйхатдан ўтказишда шахсни биометрик идентификатсиялаш (Face ID) тартиби жорий этилади;
  • давлат хизматлари марказларига ЯИДХП орқали жорий этилган барча давлат хизматлари бўйича аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади.


Корпоратив этика комиссияси иш бошлайди

 

Корпоратив низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш ва судлар юкини камайтириш мақсадида Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши таркибида Корпоратив этика бўйича комиссия ташкил этилади.

 

Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг штатлари қисқартирилмоқда


Президентнинг 04.10.2025 йилдаги ПФ-178-сон Фармони билан 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб республика ижро этувчи ҳокимият органларининг бошқарув штат бирликларининг мақбуллаштирилган сони тасдиқланди.

 

Шаффоф "Очиқ бюджет"

 

Рақамлаштириш орқали шаффофликни ошириш мақсадида "Очиқ бюджет" порталида кенг жамоатчилик учун барча ғолиб лойиҳаларнинг интерактив харитаси ишга туширилади.


ЯТТлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги чоралар


Универсал рақамли платформалар яратилмоқда, улар орқали қуйидагилар амалга оширилади:

  • ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганларни масофавий биометрия орқали рўйхатдан ўтказиш;
  • ҳужжатларни электрон рақамли имзосиз (ЭРИ) имзолаш;
  • тўлақонли электрон ҳужжат айланиши ва молиявий жараён.


Ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринлари
 

 

Хўжалик юритувчи субъектлар фақат ногиронлиги бўлган шахслар, оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар, Камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзолари, муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етимлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захирасини шакллантиришлари шарт. Бунда мажбурий захира:

– ходимлар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаслиги керак;

– ходимлар сони 100 кишидан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланилади.


Қўшимча таълим учун
ваучерлар 

 

Малакасини ошириш ёки қўшимча касб эгаллашни истаган шахсларга қўшимча таълим олиш учун "касбий ваучер" бериш бошланди.

 

Ваучер кредит сифатида тақдим этилади. Шахс ўқишни тугатгач, сертификат олгач ва ишга жойлашгач, олинган кредитни (ногиронлиги бўлган шахслар ва Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзоларидан ташқари) икки йил ичида Бандликка кўмаклашиш жамғармасига қайтаради.

 

Ер тоифасини ўзгартиришнинг янги тартиби жорий этилмоқда

 

Ўрмон фонди ер майдонларининг тоифасини ўзгартириш фақат Президент қарорига мувофиқ амалга оширилади.

 

Халқаро туризм ҳафталиги ўтказилади

 

2025 йилдан бошлаб ҳар йили ноябрь ойининг учинчи ҳафтасида Халқаро туризм ҳафталиги ўтказилади.

 

Божхона қўмитасидан янги илова

 

Божхона қўмитаси чегара назорат пунктларидан ўтаётган йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида йўловчи божхона декларациясининг мобил иловасини ишга туширди.

 

Пахта бўйича фьючерс шартномалари тартиби ўзгартирилмоқда


2025 йил пахта ҳосилидан бошлаб хўжаликлар ва қайта ишловчилар ўртасида фьючерс шартномалари календарь йилнинг 1 ноябридан кейинги йилнинг 1 июнигача биржада эркин шаклланган, аммо эълон қилинган бошланғич нархдан паст бўлмаган нархда тузилади.