Вазирлар Маҳкамасининг 11.12.2025 йилдаги 784-сон қарори билан хўжалик юритувчи субъектларга бериладиган субсидиялар, имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари белгиланди.
Президентнинг 24.05.2024 йилдаги ПҚ-193-сон қарорига мувофиқ Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари самарадорлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш якунлари бўйича асоссиз олинган ва мақсадсиз фойдаланилган субсидияларни қайтариш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Вазирлик ва идоралар тармоқ хусусиятларини инобатга олган ҳолда тасдиқланган Низом асосида самарадорликни баҳолаш бўйича ўз услубиётларини ишлаб чиқади. Ушбу ҳужжатлар тегишли идораларнинг, шунингдек ССП ва Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
Услубиётлар қўллаб-қувватлаш олувчилар учун аниқ мақсадли кўрсаткичларни белгилашни, маблағлардан мақсадли фойдаланилишини мунтазам мониторинг қилишни, самарадорликни дастлабки баҳолашни, қоидабузарликларга йўл қўйган хўжалик юритувчи субъектлар рўйхатини шакллантиришни, шунингдек асоссиз олинган субсидияларни тегишли молиялаштириш манбаларига қайтариш тартибини назарда тутади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 мартга қадар subsidiya.mf.uz платформасида барча давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисидаги маълумотлар ягона реестрга киритилиши лозим. 2026 йил 1 июнга қадар субсидия ажратиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш ва ахборот тизимларини интеграция қилиш режалаштирилган.
Қарор билан субсидия, имтиёз ва преференциялар тақдим этилишини мониторинг қилиш ҳамда уларнинг самарадорлигини баҳолашга масъул вазирлик ва идоралар рўйхати тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.03.2026 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова



