Вазирлар Маҳкамасининг 17.07.2025 йилдаги «Ўқувчиларнинг физиология ва антропометрия ҳолатига баҳо бериш орқали уларни спорт турларига йўналтириш ҳамда спортни оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 447-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжатда болалар орасида касалликларнинг олдини олиш, уларнинг спорт салоҳиятини аниқлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган идоралараро тизим ишлаб чиқилган.
2025 йилдан бошлаб барча мактаб ўқувчилари ҳар йили чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтадилар. Бу кўрик жараёнида уларнинг физиологик ва антропометрия кўрсаткичлари – бўйи, вазни, жисмоний ривожланиши баҳоланади. Ушбу маълумотлар асосида махсус тизим ҳар бир бола учун мос спорт турларини автоматик равишда тавсия қилади.
«ERP-maktab» тизимида махсус модуль ишга туширилади, у ерда ўқувчилар ҳақидаги барча маълумотлар, жумладан тиббий кўрик натижалари ва спорт турлари бўйича тавсиялар сақланади. Бу маълумотлар Спорт вазирлигининг «ERP-sport» тизими билан интеграция қилинади ва иқтидорли болаларни спорт мактабларига автоматик тарзда йўналтириш имконини беради.
Ҳар бир мактабда камида битта олимпиада спорт турига ихтисослашган тўгарак ташкил этилиши режалаштирилган. Спорт мактаблари мураббийлари жисмоний тарбия фан ўқитувчиларига бириктирилади, жисмоний тайёргарликка оид дарслар эса ҳар бир ўқувчининг индивидуал кўрсаткичларига асосланади.
Дастур 2025–2030 йилларни қамраб олади ва соғлом авлодни шакллантириш, спорт салоҳиятини эрта аниқлаш бўйича барқарор тизим яратиш ҳамда мактаб ва ўсмирлар спортни ривожлантиришга қаратилган.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 18.07.2025 йилдан кучга кирди.
Саодат Усманова




