Вазирлар Маҳкамасининг 05.03.2026 йилдаги 93-сон қарори билан республика ҳудудлари, соҳалари ва тармоқларида рақамли технологияларни жорий этишни янада жадаллаштириш юзасидан Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (Президентнинг 16.09.2025 йилдаги ПҚ-286-сон қарорига мувофиқ).
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларда рақамли технологияларни жорий этиш тизимини такомиллаштириш мақсадида уларнинг ахборот инфратузилмаси (дастурий таъминот, ускуналар, тармоқлар, фойдаланувчиларнинг кириши, маълумотларни сақлаш, ўзгаришларни бошқариш) ахборот технологияларининг тизимли аудити (IТ-аудит) функциялари жорий этилмоқда.
АКТ соҳасида экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида Технологик парк резидентларига реклама хизматлари ва дастурий таъминот обуналари учун 500 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда корпоратив банк карталари орқали тўловларни амалга оширишга, шунингдек, яратилган дастурий маҳсулотларга обуна бўлиш учун хорижий давлатлардан тўловларни "Электрон контракт" ташқи савдо ахборот тизимига киритмасдан оммавий оферта асосида қабул қилишга рухсат берилади.
Оммавий ахборот воситалари Технопарк резидентлари учун рухсат этилган фаолият турлари рўйхатига киритилди.
Шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотлари, "Рақамли стартаплар" дастури ва Марказий банкнинг "тартибга солиш қумдони"да иштирок этувчи стартап лойиҳалар учун "Электрон ҳукумат" тизими доирасида ахборот алмашинувини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Рақамли технологиялар вазирлиги тўғрисидаги низомга (01.05.2018 й. 318-сон ВМҚ), Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга (15.07.2019 й. 589-сон ВМҚ) ва бошқа ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 07.03.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



