Вазирлар Маҳкамасининг 27.08.2025 йилдаги 541-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясининг магистратурасига қабул қилиш тартиби белгиланган.
Ҳужжат билан номзодларни тавсия этиш, уларни тест синовлари ва суҳбатдан ўтказиш тартибини белгилайдиган Академияга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом, шунингдек хорижий давлатлар фуқароларини қабул қилиш, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини назарда тутувчи хорижий давлатлар фуқароларини қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Академия магистратурасига қабул қонунийлик, холислик, шаффофлик, коллегиаллик ва тенг ҳуқуқлилик тамойиллари асосида амалга оширилади.
Ўқитиш олий таълимнинг давлат таълим стандартларига мувофиқ, давлат буюртмаси бўйича грант ва тўлов-контракт асосида, магистр даражаси берилган ва белгиланган давлат намунасидаги диплом топширилган ҳолда қуйидаги мутахассисликлар бўйича амалга оширилади:
- «Ҳудудларни комплекс ривожлантириш»;
- «Давлат бошқаруви»;
- «Инсон ресурсларини ривожлантириш»;
- «Давлат сиёсати»;
- «Давлат молиясини бошқариш».
Академияда давлат буюртмасига асосан магистратура мутахассисликларига қабул қилиш учун номзод сифатида қуйидагилар бўлиши мумкин:
- «Давлат бошқаруви» мутахассислиги бўйича 45 ёшдан ошмаган, таянч олий маълумотга эга, камида республика даражасида бўлим бошлиғи ўринбосари, ҳудудий ва туман (шаҳар) даражасида туман (шаҳар) бўлим бошлиғи лавозимида меҳнат қилаётган ҳамда 2 йилдан кам бўлмаган бошқарув лавозимида иш стажига эга бўлган шахслар;
- бошқа барча мутахассисликлар бўйича 45 ёшдан ошмаган, таянч олий маълумотга ва камида 2 йил бошқарув лавозимларида иш тажрибасига эга шахслар.
Шунингдек, Академия магистратура ва қайта тайёрлаш курсларига хорижий давлатлар фуқароларини қабул қилиш учун ҳужжатларини ўзининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда қабул қилади.
Хорижий фуқароларнинг тўлов-контракт асосида ўқиш қиймати Академиянинг Васийлик кенгаши томонидан белгиланади.
Хорижий фуқаролар қабул қилиниши учун камида бакалавр даражасидаги (ёки унга тенглаштирилган даражадаги) дипломга эга бўлиши, шунингдек тегишли таълим дастурларида назарда тутилган тилни билиш даражаси, хорижий тилларни белгиловчи миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар бўйича B2 ва ундан юқорида даражада бўлиши керак.
Хорижий фуқаролар белгиланган тартибда ўтказиладиган суҳбат, шу жумладан мотивацион хатнинг мазмунини баҳолаш натижасидан келиб чиқиб қабул қилинади.
Суҳбат жараёни шаффоф ва адолатли ўтказилади ҳамда жараён видеотасвирга ёзиб олинади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.08.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова