Президентнинг 12.01.2026 йилдаги "Маҳаллий енгил саноат корхоналарининг халқаро етказиб бериш занжирларида иштирокини кенгайтириш ҳамда ташқи бозорларда ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-4-сон Фармони қабул қилинди.
2026-2027 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида мақсадли кўрсаткичлар:
• ишлаб чиқариш ҳажмининг 9 фоизга ўсишини таъминлаш ва 2026 йилда 146 трлн сўмга, 10 фоизга ва 2027 йилда 167 трлн сўмга етказиш;
• соҳага 2026 йилда 2,2 млрд АҚШ доллари, 2027 йилда 2,5 млрд АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
• экспортни 2026 йилда 4 млрд долларга, шу жумладан электрон савдо платформалари орқали – 700 млн долларга, 2027 йилда – 4,5 млрд долларга, шу жумладан электрон савдо платформалари орқали – 1 млрд долларга етказиш;
• амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида 2026-2027 йилларда 80 мингта иш ўрни яратиш;
• 2026-2027 йилларда 40 та хорижий бренд ва сорсинг компаниялар билан ҳамкорлик ўрнатиш.
Корхоналарни молиявий соғломлаштириш
Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2026-2027 йилларда тўқимачилик соҳасида ишлаб чиқариш жараёнларини стандартлаштириш ва меҳнат унумдорлигини ошириш бўйича ўрта ва йирик корхоналарда тежамкор ишлаб чиқариш ва самарали бошқарувнинг бошқа моделларини жорий этиш дастурини молиялаштириш режалаштирилмоқда.
Тўқимачилик корхоналари иқтисодий ва молиявий кўрсаткичларидан келиб чиқиб, "яшил", "сариқ" ва "қизил" тоифаларга ажратилади ҳамда уларнинг фаолиятига манзилли кўмаклашилади. Бунда қуйидагиларга рухсат берилади:
• банклар томонидан корхоналарга улар томонидан харид қилинган ва тўловлар тўлиқ амалга оширилган хомашё ёки улар томонидан ишлаб чиқарилган хомашёни (пахта хомашёси ва толани) гаровга олган ҳолда Агентлик ресурслари ҳисобидан 2 млн АҚШ долларигача миқдорда кредитлар ажратиш;
• соғломлаштириш имкониятига эга деб топилган корхоналарнинг илгари олинган тижорат кредитлари муддатини 7 йилгача узайтириш;
• енгил саноат корхоналарига Агентлик томонидан ажратиладиган ресурслар, шу жумладан, Жамғармага жалб қилинадиган хорижий кредит линиялари ҳисобидан хорижий валютадаги фоиз ставкаси 7 фоиздан юқори ва миллий валютадаги фоиз ставкаси 16 фоиздан юқори бўлган амалдаги кредитларни қайта молиялаштириш асосида фоиз ставкаларини пасайтириш;
• пахта хомашёсини сотиб олиш учун жалб қилинган кредитлар бўйича 2026-2027 йиллар учун тўлов жадвалларида январь-февраль ойлари учун белгиланган тўловларни кредит шартномаси асосида сўнгги олти ойга тенг тақсимлаган ҳолда амалга ошириш.
2026 йил 1 январдан бошлаб енгил саноат корхоналарида қуввати 5 МВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларидан фойдаланган ҳолда корхоналар томонидан ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясини сотиш тизими жорий этилади.
Хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва экспортнинг ўсиши
Агентликнинг АҚШ, Хитой, Россия, Туркия, Германия, Польша, Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистонидаги ваколатхоналари ва вакиллари фаолияти йўлга қўйилади.
Ҳужжат билан маҳаллий енгил саноат корхоналари иштирокини қўллаб-қувватлаш бўйича 2026 йилда ўтказиладиган халқаро енгил саноат кўргазмалари рўйхати тасдиқланди.
Имтиёзлар
Кўзда тутилган имтиёзлар:
• 1.01.2026 йилдан 1.01.2028 йилгача пахта тайёрлаш пунктларига пахта тайёрлаш пунктлари фаолиятининг мавсумийлигини ҳисобга олган ҳолда мол-мулк солиғи ва ер солиғини 50%га камайтирилган ставкада тўлашга рухсат бериш;
• 2026 йил 1 январдан 2029 йил 1 январга қадар:
– тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарининг тижорат банклари балансидаги мол-мулкини инвесторларга сотишда ҚҚСдан озод қилиш;
– тижорат банклари балансида бўлган тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарининг мол-мулкини сотиб олган инвесторларга ушбу корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолиятини 6 ой давомида тўлиқ тиклаш шарти билан мол-мулк солиғини 50 фоизга камайтирилган ставкада бир йил муддатга тўлашга рухсат бериш;
– чарм-пойабзал ва мўйначилик тармоқлари корхоналари, чорва молларини сўйиш ва жунни қайта ишлаш ташкилотлари учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, шунингдек импорт қилинадиган асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган хомашё, материаллар ва фурнитура учун божхона тўловлари бўйича назарда тутилган имтиёзлар муддатини узайтириш.
Молиялаштириш манбалари ва тизимлари
Жамғармага енгил саноат корхоналарида қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш учун халқаро молия ташкилотларидан 100 миллион доллар миқдорида кредитлар ажратиш вазифаси қўйилмоқда.
Шунингдек, 10.01.2023 йилдаги ПФ-2-сон Фармонга мувофиқ "Савдони ривожлантириш компанияси" АЖга ажратилиши белгиланган 250 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағлардан Жамғармага:
• 2026-2027 йилларда енгил саноат корхоналарини Фармонда белгиланган шартлар асосида айланма маблағлар билан таъминлаш учун мутаносиб равишда 200 млн АҚШ доллари;
• қуёш фотоэлектр станциясини қуриш учун 2026 йилда енгил саноат корхоналарига йиллик 6 фоиз ставкада (шу жумладан, банк маржаси –1,5 фоиз ва Агентлик харажатлари – 0,5 фоиз) 4 йилгача муддатга 50 миллион АҚШ доллари ажратиш.
Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига маблағларни қайтариш муддати 2030 йил 31 декабрга қадар узайтирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.01.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



