Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Молия вазирлиги МҲХС асосида Ҳисоб сиёсати бўйича услубий тавсияларни эълон қилдиАгар қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактуралар ўзини намоён қилган бўлса, нима қилиш лозим?“Фаолият тўғрисида маълумотлар”ни топшириш зарурми?

Фискал стратегия ва тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар

04.01.2021

Рус тилида ўқиш

 

Булар нима ва қандай ишлаши ҳақида Бюджет кодексига тузатишларда айтиб ўтилган (30.12.2020 йилдаги ЎРҚ-660-сон Қонунга қаранг).

 

Молия вазирлиги томонидан ўрта муддатли давр учун фискал стратегия ишлаб чиқилади. Ҳужжат қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозларини;
  • солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини;
  • Консолидациялашган бюджет даромадлари ва харажатларининг солиқ-бюджет сиёсатидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган прогнозларини;
  • келгуси молия йили учун даромадлар ва харажатлар прогнозларини ҳамда улар асосида келгуси 2 йил учун ишлаб чиқилган мақсадли мўлжалларни;
  • Давлат бюджетининг бирламчи профицити ёки бирламчи тақчиллиги прогнозларини;
  • фискал таваккалчиликлар таҳлилини.

 

Бунинг учун ваколатли органлар томонидан Молия вазирлигига белгиланган муддатларда зарур ахборотлар тақдим этилади – жадвалга қаранг.

Орган

Тақдим этиладиган ахборот

Ахборотни тақдим этиш муддати

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги

Ўрта муддатли давр учун камида иккита сценарийдаги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозининг дастлабки баҳоси

Ҳар йили 15 апрелга қадар

Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар

Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қабул қилинган қарорлари, шунингдек давлат дастурлари асосида ўрта муддатли даврда амалга ошириладиган, шунингдек тугаш муддати келган тадбирлар рўйхати ҳисобга олинган ҳолда зарур бўлган маблағлар, объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар тўғрисидаги дастлабки таклифлар

Ҳар йили 1 майга қадар

Давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органлар

  • Навбатдаги ўрта муддатли давр учун давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлар прогнозлари ва харажатларнинг дастлабки миқдорлари;
  • Президентнинг ва Вазирлар Маҳкамасининг қабул қилинган қарорлари, шунингдек давлат дастурлари асосида келгуси ўрта муддатли даврда амалга ошириладиган, шунингдек тугаш муддати келган тадбирларнинг бажарилишини зарур бўлган маблағлар билан таъминлаш учун республика бюджетидан ажратиладиган бюджетлараро трансфертларнинг дастлабки миқдорлари бўйича таклифлар

Ҳар йили 1 майга қадар

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

  • Даромадлар прогнозлари, харажатларнинг (жорий харажатлар ҳамда объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун капитал қўйилмалар) дастлабки миқдорлари;
  • республика бюджетидан ажратиладиган бюджетлараро трансфертларнинг дастлабки миқдорлари

Ҳар йили 1 майга қадар

ДСҚ, ДБҚ ва бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, шунингдек идоралар

Амалдаги солиқ-бюджет сиёсатидан келиб чиққан ҳолда ўрта муддатли давр учун Давлат бюджетига солиқ ва божхона тушумларининг прогнозлари бўйича ҳисоб-китоблар 

Ҳар йили 15 майга қадар

Келгуси йил учун янгиланган Фискал стратегия:

  • Молия вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасига жорий йилнинг 1 июнига қадар киритилади;
  • Вазирлар Маҳкамасида жорий йилнинг 15 июнига қадар муҳокама қилинади ва тасдиқланади;
  • тасдиқлангандан кейин Олий Мажлиснинг палаталарига маълумот учун киритилади ва Молия вазирлигининг сайтида эълон қилинади.

 

Тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар – қайтарилмаслик шарти билан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари харажатларининг тегишли даромадлар прогнозларидан ошган қисмини қоплаш учун берилади. Улар қуйидаги ҳолатларда белгиланади:

  • республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига – Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинаётганда;
  • Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан, вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига – Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари тўғрисидаги қарорлар тасдиқланаётганда.

 

Тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорларини, қуйи турувчи бюджетларнинг даромадлари прогнозларининг ижросидан қатъи назар, камайтиришга йўл қўйилмайди.

 

Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва 31.12.2020 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов.