Вазирлар Маҳкамасининг 08.07.2025 йилдаги 420-сон қарори билан 2025 йилда давлат томониданг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий шериклик асосида жалб қилиш дастури тасдиқланди.
Дастурда қуйидаги меъёрлар белгиланган:
• давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ижтимоий шерикликни шакллантириш;
• тегишли тармоқ ва соҳалардаги муаммоларни самарали ҳал қилишни таъминловчи ташаббускорлик лойиҳаларини амалга ошириш;
• ижтимоий ҳаётнинг энг долзарб соҳаларида жамоатчилик назоратини ўрнатиш.
Шериклик инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коррупцияга қарши курашиш, таълим, соғлиқни сақлаш, экология, қурилиш, коммунал хўжалик, аҳоли бандлиги, ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва бошқа соҳалардаги энг долзарб муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган.
Хусусан, қуйидаги вазифалар белгиланган:
• таълим жараёнига интерактив электрон платформаларни жорий этиш орқали таълим сифатини ва ўқувчиларнинг ўқишга бўлган қизиқишини ошириш;
• оилаларда зўравонлик ва тазйиқнинг олдини олиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
• ёшларнинг экология соҳасидаги билим ва кўникмаларини такомиллаштириш;
• аҳолига кичик электр станциялари қуришнинг аҳамияти ва хавфсизлигини тушунтириш;
• давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиш;
• қишлоқ хўжалиги соҳасида аёлларнинг кичик бизнеси ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва бошқалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 09.07.2025 йилдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова