Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
buxgalter.uz да янги:Ижарага олувчи ижара ҳақи ҳисобига таъмирлашни амалга оширсаUSB-токенга ёзилган электрон рақамли имзога ўтиш зарурми

Халқ таълими тизими ислоҳ қилинади

13.05.2022

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 11.05.2022 йилдаги Фармони билан 2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастур тасдиқланди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.

 

Дастурнинг асосий йўналишлари:

  • мактаб таълимига илғор халқаро тажрибалар асосида ишлаб чиқилган Миллий ўқув дастурини тўлақонли жорий этиш ҳамда маҳаллий ва хорижий муаллифлар томонидан яратилган замонавий дарсликларни амалиётга киритиш;
  • жамиятда ўқитувчи касби нуфузини ошириш, педагоглар учун қулай ижтимоий шароитлар яратиш ва меҳнатини муносиб рағбатлантириш;
  • ўқитувчиларнинг ёшларга таълим ва тарбия беришдаги масъулиятини ошириш;
  • умумий ўрта таълим муассасалари учун миллий кадрлар захирасини шакллантириш, илғор мактаб директори ва намунали ўқитувчи мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда улар асосида раҳбар ва педагог кадрлар фаолиятини баҳолаб бориш;
  • алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг халқ таълими тизимига интеграциясини кучайтириш ҳамда инклюзив таълим жараёнларини жадаллаштириш;
  • замонавий моделлар бўйича мактабларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ҳамда зарур жиҳозлар билан таъминлаш.

 

Халқ таълими вазирлигига қуйидагиларни таъминлаш топширилди:

  • 2024 йил 1 сентябрга қадар - Миллий ўқув дастурининг таълим жараёнига тўлиқ жорий этилишини, шу жумладан, 2022 йил якунига қадар 3-, 6-, 7- ва 10-синфлар учун, 2023-2024 йилларда 4-, 5-, 8-, 9- ва 11-синфлар учун дарсликлар, машқ дафтарлари ҳамда ўқув қўлланмалар яратилишини;
  • махсус электрон тизимлар (S-testing, Onlineedu, Raqamli darsliklar ва бошқалар) орқали:
    • 2022 йил якунига қадар - янги авлод дарсликлари учун 10 та мобиль электрон ресурс ва 100 та мультимедиа маҳсулотларини яратиш;
    • 2022 йил 1 сентябрга қадар - 3-, 6-, 7- ва 10-синф ўқитувчиларини Миллий ўқув дастури асосида ишлаб чиқилган қисқа муддатли малака ошириш курсларида ўқитиш.

 

Қуйидагиларни ташкил этиш назарда тутилган:

  • халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари негизида педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказлари;
  • Халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти негизида А.Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти.

 

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳамда унинг ҳузуридаги таълим ва илмий ташкилотлар Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилади.

 

2023 йил 1 августга қадар таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи ваколатли халқаро ташкилотларни жалб қилган ҳолда педагог кадрларнинг умумтаълим фанлари бўйича билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш тизими ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий қилинади.

 

2024 йил 1 январга қадар педагог кадрларнинг умумтаълим фанлари бўйича билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш тизимининг халқаро стандартлар талабларига жавоб бериши сертификациядан ўтказилади.

 

Фармон билан тартиб ўрнатилди, унга мувофиқ 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида:

  • умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама қуйидаги тартибда тўланади:
    • халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50% миқдорида;
    • халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50% миқдорида. Бунда, миллий баҳолаш тизимининг халқаро стандартлар талабларига жавоб бериши ваколатли халқаро ташкилотлар томонидан тасдиқланган бўлиши лозим;
    • Давлат тест марказининг миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20% миқдорида (чет тили бўйича сертификатлар бундан мустасно);
  • Давлат тест марказининг миллий баҳолаш тизимида чет тили бўйича олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама:
    • 2025 йил 1 январга қадар – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50% миқдорида;
    • 2025 йил 1 январдан бошлаб – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20% миқдорида тўланади.

Ҳар ойлик қўшимча устама сертификат амал қилиш муддати давомида, лекин уч йилдан кўп бўлмаган вақт мобайнида тўланади. Умумтаълим фанлари бўйича бир нечта сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама юқорироқ устама олиш ҳуқуқини берувчи сертификат бўйича тўланади.

 

2023 йил 1 январдан бошлаб мактаб директори лавозимига номзодлар менежерлик сертификатини олиш учун Миллий-тадқиқот институтида махсус пуллик дастурлар асосида ўқитилади.

 

Ўқитиш якуни бўйича Миллий-тадқиқот институти томонидан мактаб директори лавозимига номзодларнинг бошқарув соҳасига оид билим ва кўникмалари баҳоланади ҳамда натижаси бўйича -менежерлик сертификати берилади.

 

Мактаб директори лавозимига номзодлар фақат менежерлик сертификатига эга бўлган шахслар орасидан танлаб олинади ва келишиш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига тақдим этилади.

 

Юқори кўрсаткичларга эришган педагогларни қўшимча рағбатлантириш ва малакали ходимлар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Халқ таълими вазири жамғармаси ташкил этилади.

 

Лола Абдуазимова.


Валюталар курси

2022-06-24
  • USD:10830.17 (+0.00) сум
  • EUR:11391.17 (+0.00) сум
  • RUB:203.96 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2022, 21 июнь№ 25