Вазирлар Маҳкамасининг 17.02.2026 йилдаги 65-сон қарори билан Илмий фаолият соҳасидаги ташкилотларни лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлов материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат Президентнинг 30.01.2025 йилдаги "Ўзбекистон - 2030" стратегиясини "Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва "яшил" иқтисодиётни ривожлантириш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги ПФ-16-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Низом қуйидагиларни назарда тутади:
• илмий тадқиқотлар учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, сарфлов материаллари ва бутловчи қисмларга бўлган эҳтиёжни ўрганишни тизимлаштириш;
• илмий фаолият билан шуғулланувчи ташкилотларнинг буюртмалари бўйича харидларни мустақил ва марказлашган ҳолда амалга ошириш;
• Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиши лозим бўлган Ягона электрон платформа орқали илмий лаборатория ускуналарига буюртмаларни шакллантириш, топшириш, қабул қилиш, кўриб чиқиш ва ҳисобини юритиш.
Сотиб олинган лаборатория ускуналаридан фойдаланиш учун малакали ходимлар мавжуд бўлмаган тақдирда, 40 ёшгача бўлган ходимлар малака ошириш мақсадида икки ҳафтагача етакчи хорижий илмий ташкилотларга стажировкага юборилади.
Харажатлар Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бунда харидлар икки усулда (марказлаштирилган давлат харидлари ёки мустақил харидлар) илмий фаолиятнинг қуйидаги йўналишлари доирасида амалга оширилади:
• давлат илмий дастурлари доирасида амалга ошириладиган фундаментал ва амалий тадқиқотлар;
• давлат бюджетидан молиялаштириладиган тасдиқланган дастур доирасида аниқ мавзулар бўйича илмий-тадқиқот лойиҳалари;
• икки ёки ундан ортиқ докторантларнинг диссертациялари.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.02.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



