Президентнинг 29.04.2026 йилдаги "2026 йилда энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-70-сон Фармони қабул қилинди.
Мақсад – 4,3 млрд кВт/соат электр энергияси ва 2,8 млрд куб метр табиий газни 2026 йилда энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни кенгайтириш орқали таъминлайди.
2026 йил 1 июлдан бошлаб давлат органлари, ижтимоий соҳа ташкилотлари ва муассасаларининг янги қурилаётган, реконструкция (модернизация) қилинадиган ва капитал таъмирланадиган бино ва иншоотларида "С" ва ундан юқори энергия самарадорлиги тоифасига эга бўлиш талаби жорий этилади.
Бунда истеъмолчиларни тармоқлардан узиб қўйиш ва чекловлар жорий этиш ҳисобига электр энергияси ва табиий газни тежашга йўл қўйилмайди.
2026 йил 1 октябрга қадар катта маълумотлар (Big Data), бизнес-таҳлил (Business Intellegence) ва сунъий интеллект технологиялари асосида объектлар кесимида энергия истеъмоли ва энергия самарадорлиги кўрсаткичларини таҳлил қилишни жорий этиш режалаштирилган.
Ҳудудларда лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида Энергия самарадорлиги миллий агентлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:
• жойларда энергия самарадорлигини ошириш бўйича ишлар кўламини кенгайтириш, шунингдек, минтақавий ташкилотларнинг ягона ёндашуви ва ҳамкорлигини таъминлаш;
• яшил тамойиллар ва энергия самарадорлиги талаблари асосида лойиҳаларни амалга ошириш;
• ҳудудларда энергия тежамкор қурилмалар ва ускуналарга хизмат кўрсатувчи объектлар ("service point") фаолиятини кенгайтириш ва бошқалар.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабаларида энергияни тежаш бўйича билим ва кўникмаларни шакллантиришга қаратилган тадбирлар мунтазам равишда ташкил этилади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 июлга қадар ёқилғи-энергетика тармоғи корхоналари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини жорий этиш, шунингдек, 2026/2027-ўқув йили учун "70710410 – энергия тежаш ва энергия аудити" магистратура мутахассислиги бўйича қабул параметрларини 25 фоизга ошириш режалаштирилган.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
• 2026 йилда электр энергияси ва табиий газни тежашнинг мақсадли кўрсаткичлари;
• 2026 йилда энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича "йўл харитаси".
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.04.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




