Вазирлар Маҳкамасининг 28.02.2026 йилдаги 85-сон қарори билан "Саноат корхоналарининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш ҳаракатларини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги низом тасдиқланди.
Ҳужжатга кўра, саноат корхоналарининг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш бўйича саъй-ҳаракатлари қуйидагича рағбатлантирилади:
- биринчи босқичда – атмосфера ҳавоси ифлосланишини мониторинг қилиш фон станциясини (кузатув станциясини) ўрнатган саноат корхонасининг атроф-муҳитга етказилган зарар учун компенсация тўловлари натижасида ҳосил бўлган қарзлари ҳисобдан чиқарилади. Шунингдек, икки йил давомида атроф-муҳитга етказилган зарар учун республика бюджетига компенсация тўловларининг 50 фоизигача миқдорда тўлаб берилади;
- иккинчи босқичда – мониторинг станциясини ўрнатган саноат корхонаси келгуси йил давомида чангли газларни мониторинг қилиш ва оқова сувларни тозалаш ускуналарини ўрнатса, атроф-муҳитга етказилган зарар учун республика бюджетига йўналтирилган компенсация тўловларининг 70 фоизи икки йил ичида қайтарилади.
Мазкур имтиёзлар Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг хулосаси асосида давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали тақдим этилади. Ҳужжатлар хабарнома олинган кундан бошлаб 15 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 02.03.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



