Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Малака сертификати муддати узайтирилган аудиторлар рўйхати эълон қилинди - buxgalter.uz да ўқингҲисобварақ-фактуралардаги бош бухгалтер имзоси қаерга «йўқолди» - buxgalter.uz да ўқингАутсорсер билан ўзаро муносабатларда муаммолар бўлмасин - buxgalter.uz да ўқингМеҳнат дафтарчаси йўқ – стаж ҳам бўлмайдими? - buxgalter.uz да ўқинг

Лицензия ва рухсатномалар сони камаяди, уларни олиш осонлашади

25.08.2020

Рус тилида ўқиш

 

Президент 24 август куни лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Фармонни имзолади (24.08.2020 йилдаги ПФ-6044-сон Фармонга қаранг). 

 

2021 йил 1 январдан бошлаб лицензияланадиган фаолият ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг айрим турлари, шу жумладан бирлаштириш ва хабардор қилиш тартиби жорий этилиши йўли билан бекор қилинади. Кейингисига батафсилроқ тўхталиб ўтамиз. 

 

Хабардор қилиш тартиби субъектга фаолиятни бошлаш ёки ҳаракатни амалга ошириш учун ваколатли органнинг қарори талаб этилмаслигини, бироқ унинг белгиланган талаб ва шартларга мувофиқ эканлигини тасдиқловчи хабарнома юбориши зарурлигини англатади. Ушбу мувофиқлик ҳужжатларни тақдим этиш жараёнида, устувор равишда инсон аралашувисиз текширувдан ўтказилади. Бунда БҲМнинг 50%игача йиғим ундирилади, қурилиш-монтаж ишларини ва алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилишни бошлаганлик ҳақидаги хабарномалар бундан мустасно. Хабардор қилиш тартиби жорий этилган фаолият (ҳаракат) учун расмийлаштирилган лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиши ўз кучида қолади – уларнинг эгалари хабарнома юборишларига тўғри келмайди.

 

Шунингдек 2021 йил 1 январдан бошлаб:

1. айрим лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари қисқартирилади;

2. туризм фаолиятини лицензиялашда туроператорлар хизматларини сертификатлаш ихтиёрий этиб белгиланади;

3. қуйидагилар бекор қилинади:

  • кредит бюролари фаолиятини лицензиялашда – камида 10 та тижорат банки билан кредит алмашинувини амалга оширишга розилигини тасдиқловчи ҳужжат мавжудлиги талаби;
  • дорихоналар филиаллари учун алоҳида лицензияларни расмийлаштириш амалиёти, у ташкил этилганда ҳар бир филиал манзили асосий лицензияда кўрсатилади;
  • ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия олишда – талабгордан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг кафолат хатларини олишни талаб қилиш тартиби;
  • Президент ёки Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан ташкил этилган давлат унитар корхоналари ва нодавлат ташкилотларнинг тегишли лицензияни олмасдан фаолиятнинг лицензияланадиган тури билан шуғулланиш ҳуқуқи;

4. махсус мобиль иловаси мавжуд бўлган «Лицензия» ахборот тизими жорий этилади, унинг ёрдамида лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари босқичма-босқич тўлиқ онлайн-режимга ўтказилади. Қуйидагилар бундан мустасно:

  • ТИФ субъектларига «Ягона дарча» божхона ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда бериладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар;
  • давлат сири ва қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш чекланган маълумотларни ўз ичига олган тартиб-таомиллар; 

5. лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш ҳамда ваколатли органни хабардор қилиш ҳақидаги аризалар ва уларга илова қилинган ҳужжатлар электрон шаклда ЯИДХП орқали қабул қилинади;

6. барча турдаги лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ҳамда хабарнома қабул қилинганлиги ва реестрга киритилганлик ҳақида хат уларнинг ҳаққонийлигини онлайн текшириш имконини берадиган QR-код қўйилган ҳолда расмийлаштирилади. Тегишинча, уларни махсус бланкаларда бериш тартиби бекор қилинади, халқаро шартномаларда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

7. асосий ваколатли орган мустақил равишда қўшимча ҳужжатларни олади ёки «Лицензия» тизими орқали бошқа идоралар билан келишишни амалга оширади, тадбиркорлик субъекти бунда иштирок этмайди;

8. қуйидаги қонун бузилишларини аниқлаб, бу ҳақда ваколатли органларга хабар берган фуқаролар ундирилган жариманинг 10%и миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

  • тегишли фаолият билан лицензиясиз ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатсиз ёҳуд хабарнома юбормасдан шуғулланиш;
  • белгиланган талаб ва шартларни бузиш ҳолатлари билан боғлиқ;
  • ваколатли органлар томонидан аризаларни кўриб чиқиш, лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш ёҳуд беришни рад этиш ҳамда унинг амал қилишини тўхтатиб туриш билан боғлиқ;

9. ваколатли органлар ташаббуси билан лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни тугатиш ва бекор қилиш фақат суд тартибида амалга оширилади. Лицензиатнинг лицензия берганлик учун давлат божини тўламаган ҳоллар бундан мустасно;

10. лицензия даъвогари худди шу соҳада бошқа лицензия бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилса, лицензияловчи органга фақатгина қўшимча лицензия талаблари ва шартларини қаноатлантирадиган маълумотларни тақдим этади.

 

! 2020 йилда муддати тугайдиган барча лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг амал қилиш муддати 2021 йил 1 январга қадар узайтирилади. Уларнинг муддати ўтганлиги муносабати билан жавобгарликка тортиш ва бошқа чораларни қўллаш тақиқланади.

 

Бундан ташқари, ваколатли органлар томонидан қуйидаги ҳаракатларнинг амалга оширилиши тақиқланди:

  • лицензиялар бериш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш ва уларни қайта расмийлаштиришда – лицензия талабгорининг электр энергияси, табиий газ етказиб бериш, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича, шунингдек, ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлиги мавжудлиги сабабли давлат хизматлари кўрсатишни рад этиш;
  • лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни давлат органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тузиладиган ўзаро шартномаларга алмаштириш;
  • лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш ҳақидаги аризаларни кўриб чиқиш, ушбу ҳужжатларни бериш, шунингдек, назорат функцияларини амалга ошириш жараёнида – тадбиркорлик субъектини лицензия ва рухсат беришга доир талаб ва шартларда назарда тутилмаган ҳақ эвазига бошқа турдаги хизматлардан фойдаланишга ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олишга бевосита ёки билвосита мажбурлаш.

 

«Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги ва «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунлар бирлаштирилади. Консолидацияланган ҳужжатга лицензиялар, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва хабардор қилиш тартиби амал қиладиган соҳалар рўйхатлари киритилади. Шундан сўнг жисмоний ва юридик шахслар маъмурий тартиб-таомиллардан ўтмасдан, ушбу рўйхатларга киритилмаган фаолият билан шуғуллана ва ҳаракатларни амалга ошира оладилар.

 

НҲҲ лойиҳасида янги турдаги лицензияланадиган фаолият йўналиши ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни ёхуд фаолиятни бошлашнинг хабардор қилиш тартибини жорий этиш назарда тутилаётганда ушбу тартиб-таомилнинг тартибга солиш таъсирини мажбурий баҳолаш йўлга қўйилади. Бундай лойиҳалар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ижобий хулосалари мавжуд бўлгандагина, шунингдек, бизнес-омбудсман ва ССП билан келишилган ҳолда Адлия вазирлигига киритилиши зарур.

 

Ҳар бир лицензиялаш, рухсат бериш ҳамда хабардор қилиш тартиб-таомили унинг амал қилиши натижасида эришилган мақсадларни, ижтимоий-иқтисодий, инновацион ва технологик ривожланишнинг жорий ҳолатини, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг харажатларини баҳолаган ҳолда камида ҳар беш йилда қайта кўриб чиқилади.

 

Олег Заманов.