Президентнинг 14.08.2025 йилдаги "Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида"ги ПҚ-248 сон қарори қабул қилинди.
"Boston Consulting Group" билан биргаликда ишлаб чиқилган Қорақалпоғистон Республикасини 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси беш йиллик батафсил дастур асосида амалга оширилади. Дастурни молиялаштириш учун натижага асосланган молиялаштириш тизими (PforR) бўйича 150-200 млн доллар миқдорида хорижий маблағлар жалб қилинади.
Ҳужжатда 2025-2026 йиллар учун асосий мақсадли кўрсаткичлар белгиланди. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулот ўсишини 6-6,5 фоизга, саноат ишлаб чиқариши ҳажмини 5-6 фоизга, хизматлар бозорини эса 15-17 фоизга ошириш режалаштирилган.
Саноат соҳасида:
- юклатилган мажбуриятларни тўлиқ бажарган кичик ва ёшлар саноат зоналари иштирокчиларига саноат зоналаридаги фаолияти муддатидан қатъи назар, уларга берилган бино-иншоотларни (ёки уларнинг бир қисмини) тўлиқ хусусийлаштириш ҳуқуқи берилади;
- саноат зоналаридаги юридик шахслар учун хусусийлаштириладиган ер участкасининг сотиб олиш нархи Нукус шаҳрида 1 баравар, бошқа ҳудудларда 0,5 баравар юридик шахслардан олинадиган ер солиғининг базавий ставкаси миқдоридан келиб чиқиб белгиланади;
- 2025 йил 1 октябрдан бошлаб очиқ усулда фойдали қазилмалар қазиб олишни ташкил этувчи тадбиркорлик субъектларига ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномалар беришга оид аукционда тўлов таклиф этилган суммани бўлиб-бўлиб тўлаш имкони берилади.
2025 йил якунига қадар Хитой тажрибасига таянган ҳолда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш маркази ҳар бири камида 5 гектар майдонли иссиқхоналар қуради. Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалардан талабгорларга участкалар 2 йил муддатга ижарага берилади.
Бунда йиллик ижара ҳақи ер участкаси майдонидан келиб чиқиб юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича ҳисобланган суммасининг 10 фоизи миқдорида белгиланади.
"Яшил" тамойил асосида тасдиқланган рўйхат бўйича 11 та ижтимоий соҳа объектини қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилади.
Шунингдек, ҳужжатда Қорақалпоғистонда доимий яшовчи ва умумий ўрта, ўрта махсус, касбий таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар учун тартиб белгиланди:
- 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб кейинги 3 ўқув йили давомида давлат олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида ўқиш учун қўшимча 500 та квота ажратилади;
- республика ҳудудида фаолият юритувчи нодавлат ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда уларнинг филиалларида давлат гранти асосида ўқиш учун ҳар йили қўшимча 200 та квота ажратилади.
Ҳудудни ривожлантириш учун қўшимча молиявий имкониятлар
Қорақалпоғистон инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш ҳамда республика ҳаётининг коммунал ва бошқа соҳаларидаги долзарб масалаларни тезкор ҳал этиш мақсадида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.
Ҳужжатда жамғарманинг олий бошқарув органи ҳисобланган васийлик кенгашининг таркиби тасдиқланди, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси унинг ижро органи этиб белгиланди.
2026 йилдан бошлаб жамғармага Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети умумий харажатларининг камида 3 фоизи миқдоридаги маблағлар йўналтирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.08.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова