Президентнинг 2026 йил 8 июлдаги ПҚ-257-сон қарори билан “Рақамли ҳукумат” тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланди.
Мақсадли кўрсаткичлар:
- 2028 йил якунига қадар давлат органларининг камида 5 000 та маъмурий функциясини рақамлаштириш;
- давлат ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ва эксплуатация қилиш харажатларини камида 30 фоизга қисқартириш;
- 2030 йил якунига қадар платформа маълумотлари ва намунавий сервислар асосида ЯИДХПда сунъий интеллект асосида кўрсатиладиган хизматлар улушини 10 фоизга ошириш;
- вазирлик ва идораларни қоғозсиз иш юритишга ҳамда идоралараро электрон ҳамкорликка ўтказиш ва бошқалар.
Платформавий ёндашувни таъминлаш
Ягона интеграциялашган рақамли платформа қуйидагиларни таъминлашга хизмат қилувчи “Рақамли ҳукумат” тизимининг технологик элементи ҳисобланади:
- давлат ахборот тизимларини яратиш, ишлаб чиқиш ва қўллаб-қувватлашда ҳамда уларнинг киберхавфсизлигини таъминлашда ягона архитектура, стандартлар, технологик ва ташкилий ёндашувларни қўллаш;
- қайта фойдаланиладиган рақамли компонентлар ва сервислардан фойдаланиш ҳисобига давлат ахборот тизимларини ишлаб чиқиш харажатларини камайтириш;
- давлат маълумотларини марказлашган ҳолда бошқариш, шу жумладан маълумотларни йиғиш, таснифлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш;
- давлат хизматларини кўрсатганлик учун йиғимлар, тўловлар, божлар ва бошқа мажбурий тўловларни қабул қилиш учун тўлов инфратузилмаси фаолиятини таъминлаш.
Платформани ишлаб чиқишни 2027 йил 1 июлга қадар таъминлаш режалаштирилган.
Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор — “Uzinfocom” МЧЖ Платформанинг техник оператори ва тизимли интегратори ҳисобланади.
Ҳудудларда рақамли бошқарув тизимини жорий этиш
Инсон омилини истисно этган ҳолда ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий жараёнларини реал вақт режимида бошқариш имконини берувчи “Ақлли туман” платформаси Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани вазиятлар марказида жорий этилди ва ижобий натижалар кўрсатди.
“Ақлли туман” платформаси негизида қуйидаги модулларни ўз ичига олган “Рақамли ҳокимлик” дастурий комплекси такомиллаштирилади:
- “Раҳбар панели” – ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини мониторинг ва таҳлил қилиш имконини беради;
- “Инсон қадри индекси” – фуқароларнинг яшаш даражаси ва фаровонлигини ошириш чора-тадбирларини белгилаш имконини беради;
- Геопортал – давлат органлари, тижорат ташкилотлари ва бошқа тузилмаларнинг ҳудудий бўлинмалари кесимида соҳага оид объектлар бўйича статистик маълумотларни ягона рақамли харитада жамлаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини беради;
- “Ҳокимнинг виртуал ассистенти” — сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайди, туман, маҳалла ва секторлар кесимида вазиятни реал вақт режимида акс эттиради ҳамда раҳбарият сўровлари бўйича тезкор маълумот, хулоса ва таклифларни шакллантиради.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, шунингдек Тошкент шаҳрида «Рақамли бошқарув» дастурий-техник комплексини босқичма-босқич жорий этиш 2026 йил якунига қадар, республиканинг қолган туман ва шаҳарларида эса – 2027-2028 йилларда режалаштирилган.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- Ягона интеграциялашган рақамли платформани ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича “йўл харитаси”;
- 2026-2028 йилларда Ягона интеграциялашган рақамли платформанинг таркибига кирувчи давлат ахборот тизимлари рўйхати;
- “Рақамли ҳокимлик” дастурий комплексини ҳудудларда жорий этиш бўйича “йўл харитаси”;
- “Рақамли ҳокимлик” дастурий комплекси доирасида интеграция қилинадиган ахборот тизимлари ва маълумотлар ҳамда уларни тақдим этиш учун масъул давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2026 йил 9 июлдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





