Президент 11.09.2026 йилдаги ЎРҚ-1177-сонли «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш тўғрисида»ги Қонунни имзолади, мазкур ҳужжат суд органлари фаолиятини молиялаштириш соҳасидаги муносабатларни ҳамда судларнинг тўлақонли ва мустақил фаолиятини Давлат бюджети ҳисобидан таъминлашни тартибга солади.
Ҳужжатда судларни молиялаштириш фақат Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши, судлар эса бюджет лойиҳасини тайёрлашда мустақил иштирок этиши лозимлиги назарда тутилган.
Эндиликда Бюджет кодекси мамлакатдаги иқтисодий вазият ёки бюджет тақчиллиги ошишидан қатъи назар, судлар фаолиятига ажратиладиган маблағларни қисқартиришни тақиқлайди. Шунингдек, келгуси йил учун ажратиладиган маблағлар ҳажми ўтган йилдагидан кам бўлмаслиги кафолатланади.
Янги тартибга кўра, ажратилган маблағларни Конституциявий, Олий судлар ва Судьялар олий кенгаши мустақил тасарруф этади, қуйи судлар тизими учун эса бу Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти томонидан амалга оширилади.
Шунингдек, ҳужжат билан Бюджет кодексига, «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги ва «Судлар тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиришлар киритилиб, уларда судларни молиялаштириш харажатларини қисқартиришга йўл қўйилмаслиги ҳамда ҳар бир суд алоҳида бино, қўриқлаш хизмати ва автотранспорт билан таъминланиши тўғрисидаги нормалар мустаҳкамланмоқда.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинди ва 12.09.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




