Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x

Товарларни ташишда қоидабузарликларга йўл қўйилганда божхона тўловлари сўзсиз ундирилади

12.10.2018

Рус тилида ўқиш


ДБҚнинг қарори (рўйхат рақами 2823-1, 8.10.2018 й.) билан Чет эл товарларини ташиш жараёнида божхона тўловлари тўланишини таъминлашни ваколатли шахслар билан реал вақт режимида интерактив шаклда ўзаро ҳамкорлик асосида ҳисобга олиш ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

 

Эслатиб ўтамиз, Божхона кодексининг (БК) 31-бобида товарларни ва транспорт воситаларини божхона назорати остида ташиш қоидалари белгиланган. Қатор ҳолларда товарларни ташишда божхона тўловлари (импорт божи, ҚҚС, акциз, божхона йиғимлари) тўланмаслиги ёки ҳали тўланмаганлиги боис божхона назорати ўрнатилади. Масалан, юклар Ўзбекистон орқали транзит қилинганда  Республика йўл жамғармасига битта авто учун 50 дан 400 долларгача йиғим тўланади (Президентнинг 29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорига 22-иловага қаранг). Бунда машинада транзит қилинаётган юк импорти учун божхона тўловлари бир неча марта кўп бўлиши мумкин, шунинг учун юк йўлда “йўқолиб” қолмаслиги учун назорат зарур.

 

Божхона назорати остида турган товарларни Ўзбекистон ҳудуди бўйича ташишда божхона қонунчилигига риоя қилиш:

  • божхона ҳамроҳлигида автотранспорт воситаларини кузатиб боришни қўллаш (бу ерда кутиш вақти Ўзбекистон ҳудудига келган пайтдан эътиборан 6 соатгача давом этиши мумкин, божхона йиғими эса битта авто учун 200 км масофагача эквивалентда 50 еврони, ундан ортиқ бўлса – 120 еврони ташкил этади);
  • Божхона ташувчилари реестрига киритилган махсус транспорт ташкилоти томонидан ташилиши;
  • БКнинг 47-бобига мувофиқ божхона тўловлари тўланишини таъминлаш (пул маблағларини божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига киритиш; товарларни гаровга қўйиш; банк кафолатини тақдим этиш; божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини суғурталаш; кафиллик) орқали таъминланади.

 

Амалиёт шундай тарзда шаклланганки, бунда таъминотни тақдим этиш қулайроқ ва арзонроқ. Бироқ, божхона назорати остида товарларни ташишда  қоидабузарликларга йўл қўймаслик талаб этилади.

 

Қабул қилинган ҳужжатда белгиланишича, божхона органи рухсатисиз товарлар бериб юборилганда, йўқотилганда ёки манзил божхона постига белгиланган муддатда ўзгармас ҳолатда (табиий эскириш ёхуд нормал ташиш ва сақлаш шароитларида камайиш оқибатидаги ўзгаришлар бундан мустасно) етказилмаганлиги ҳолати аниқланганда манзил божхона пости 3 иш куни ичида ҳудудий бошқармани хабардор қилади.

 

Тақдим қилинган ҳамда ДБҚ Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимидан олинган маълумотлар асосида ваколатли шахсдан божхона тўловлари ва пеняларни сўзсиз ундириб олиш ҳақида далолатнома тузилади.

 

Ваколатли шахс деганда чет эл товарларини ташиш жараёнида божхона тўловлари тўланиши таъминланганлигини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлган юк жўнатувчи, юк қабул қилувчи, ташувчи ёхуд бошқа манфаатдор шахс тушунилади. Бу тушунчага ваколатли шахс божхона тўловлари тўланиши учун ҳам жавобгар бўлиши махсус киритилди.

 

Далолатнома божхона тўловларини тўлаш тўғрисидаги талабнома билан бирга 3 иш куни ичида ваколатли шахсга, кафилга (кафиллик билан таъминланганда),  банкка (банк кафолати билан таъминланганда), суғурталовчи ташкилотга (суғурта билан таъминланганда) юборилади.

 

Товарларни тўлиқ манзил божхона постига етказиш ёки божхона тўловларини тўлаш учун 10 иш куни берилади. Агар бу бажарилмаса, БКнинг 47-бобида назарда тутилган чоралар кўрилади. Жумладан ваколатли шахсга божхона ҳамроҳлигида кузатиб боришдан озод килиш бўйича идентификацион код бериш вақтинча тўхтатиб турилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 9.10.2018 йилдан кучга кирди.

 

Самир Латипов.

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Валюталар курси

2018-10-16
  • USD:8208.04 (+26.96) сум
  • EUR:9490.14 (+63.08) сум
  • RUB:123.85 (+1.12) сум