Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Тўсиқсиз туризмни ривожлантириш вазифалари белгиланди

22.01.2024

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 12.01.2024 йилдаги ПҚ-20-сон «Ўзбекистон Республикасида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.  

 

Ҳужжат билан тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди:

  • туристик индустрия объектлари, маданият ташкилотлари ва маданий мерос объектлари, шу жумладан музей, театр ва жойлаштириш воситаларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг бемалол ҳаракатланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
  • туризм соҳаси субъектлари, шу жумладан, туроператор ва турагентлар, жойлаштириш воситалари эгалари ҳамда транспорт хизматлари кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари, шунингдек саёҳат давомида ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамроҳлик қилувчи фуқароларни рағбатлантириш;
  • ногиронлиги бўлган шахслар тўсиқсиз саёҳат қилишлари учун республикамизда яратилган имкониятларни кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг хабардорлигини ошириш;
  • замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда туризм индустрияси объектларида ногиронлиги бўлган шахслар учун кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада ошириш.

 

2024 йилдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларнинг маданий мерос объектларида тўсиқсиз ҳаракатланиши учун мазкур объектларга уларга зиён етказмасдан пандус, плинтус ва лифтлар, шунингдек кўзи ожизлар учун маданий мерос объектларининг кичрайтирилган ўлчамдаги макетлари ўрнатилади ва улар тўғрисида Брайль алифбосидаги маълумотлар жойлаштирилади.

 

Ҳар йили Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида хорижий туризм бозорларида мамлакат туризм салоҳиятини тарғиб қилиш учун ажратиладиган маблағларнинг 5 фоизигача бўлган қисми «Ипак йўлида туризм» Тошкент халқаро туризм ярмаркасида «Ўзбекистонда тўсиқсиз туризм» экспозициясини ташкил қилиш учун йўналтирилади ва бошқа тадбирилар амалга оширилади.

 

2027 йил 1 январга қадар Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

  • Қорақалпоғистон Реслубликаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида минг нафар I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ 500 минг сўмдан ошмаган қисми;
  • эшитиш қобилиятини йўқотган ногиронлиги бўлган шахслар учун сурдогидлар тайёрлаш курслари харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.

 

2024 йил 1 апрелдан 2026 йил 1 апрелга қадар меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига тегишли чорак якунига кўра Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ўтказилган туристик (меҳмонхона) йиғимлар суммаси ҳисобидан субсидия ажратилади. Бунда тадбиркорлик субъектлари томонидан меҳмонхонанинг камида учта хонаси ногиронлиги бўлган шахслар ўриндиқли аравачадан фойдаланиши учун қулай тарзда жиҳозланганда, шунингдек эшитиши ва кўриши учун дисплей ҳамда овозли қурилмалар ўрнатилганда, ушбу тадбиркорлик субъектларига ҳар бир махсус жиҳозланган хона учун 1 млн сўмдан 2 млн сўмгача субсидия берилади.

 

Туризм қўмитасига 2024 йил 1 апрелга қадар илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда тўсиқсиз туризмни янада ривожлантириш бўйича тегишли стандартларни ишлаб чиқиш топширилди. Бунда:

  • ногиронлиги бўлган шахслар учун аравачалар, қўлтиқтаёқларнинг мавжудлиги;
  • меҳмонхоналар, туристик базалар ва мажмуалар, дам олиш уйлари ва зоналари, пансионатлар, мотеллар, санаторийлар ва бошқа туристик объектларда ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча қулайликларнинг яратилиши;
  • меҳмонхоналарнинг кириш қисмида аудио ва матнли маълумотларнинг тақдим этилиши;
  • бошқа турдаги қулайликлар яратиш бўйича талаблар жорий этилади.

 

Қуйидагилар тасдиқланди:

  • Ногиронлиги бўлган шахслар учун тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уларнинг саёҳат қилишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича чора-тадбирлар дастури;
  • 2024 йилда маданий мерос объектларида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича манзилли дастур;
  • 2024 йилда музейлар ва концерт-томоша объектларида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича манзилли дастур.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.01.2024 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова

 


Валюталар курси

2024-04-26
  • USD:12640.21 (+0.00) сум
  • EUR:13559.15 (+0.00) сум
  • RUB:137.02 (+0.00) сум