Президент томонидан 28.10.2022 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги ЎРҚ-798-сон Қонун имзоланди.
Янги Меҳнат кодекси ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мувозанатини таъминлаш ҳамда уларни мувофиқлаштириш асосида якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солади.
Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик қуйидаги шахсларга нисбатан (агар улар бир вақтнинг ўзида иш берувчилар ёки уларнинг вакиллари сифатида иш юритмаса) татбиқ этилмайди:
- муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга;
- ташкилотларнинг кузатув кенгашлари аъзоларига;
- мазкур ташкилотнинг ходимлари бўлмаган тафтиш комиссиялари аъзоларига (тафтишчиларга);
- фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар асосида ишларни бажараётган (хизматлар кўрсатаётган) шахсларга;
- агар қонунда белгиланган бўлса, бошқа шахсларга.
Асосий принциплар белгиланмоқда
Янги кодексда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг қуйидаги асосий принциплари белгиланган
- меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш;
- меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш;
- меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик;
- меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатланганлиги;
- ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги.
Маълумот учун: Кодексда камситиш деганда жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, яшаш жойи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик сифатлари ва меҳнати натижалари билан боғлиқ бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнат ва машғулотлар соҳасида бирор-бир тўғридан-тўғри ёки билвосита чекловлар белгилаш, худди шунингдек бирор-бир тўғридан-тўғри ёки билвосита имтиёзлар бериш тушунилади
Мажбурий меҳнат бирор-бир жисмоний шахсдан жазони қўллаш таҳдиди остида талаб этиладиган, бажарилиши учун ушбу шахс ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф қилмаган ҳар қандай ишни ёки хизматни англатади.
Жазо деганда жисмоний шахснинг ихтиёрий розилиги мавжуд бўлмагани ҳолда, ушбу шахсга нисбатан уни меҳнат фаолиятини амалга оширишга мажбур қиладиган ҳар қандай моддий, жисмоний ёки руҳий таъсир чораларини қўллаш ёки қўллаш таҳдиди тушунилади.
Шунингдек ходим билан иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳақиқатда тартибга соладиган фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар тузиш тақиқланади.
Маълумот учун: якка тартибдаги меҳнат муносабатлари – бу меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартларини иш берувчи томонидан таъминлашда ходимнинг меҳнат вазифасини ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда ҳақ эвазига шахсан бажариши ҳақидаги, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга асосланган муносабатларидир.
Ижтимоий шерикликни амалга ошириш тартиби белгиланмоқда
Кодексда меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликка бағишланган бўлим мавжуд. Ушбу шериклик яъни ходимлар, иш берувчилар, давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар тизими бўлиб, бу тизим якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солиш масалалари юзасидан ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларини мувофиқлаштиришни таъминлашга қаратилган бўлади.
Маълумот учун: меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик органлари тизимини бошланғич, ҳудудий, тармоқ ва республика даражаларида тузиладиган ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссиялар ташкил этади.
Аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари белгиланмоқда
Давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча иш ўринларини, ихтисослаштирилган ташкилотларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар меҳнат қилиши учун ташкилотларни ташкил этиш, махсус қайта тайёрлаш ва малака ошириш дастурларини ташкил этиш, иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш кабиўшимча кафолатларни таъминлайди.
Маълумот учун: аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари жумласига қуйидагилар киради:
- ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота-она (уларнинг ўрнини босувчи шахс), шунингдек кўп болали оилалардаги ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар);
- умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларини, касб-ҳунар мактабларини, касб-ҳунар коллежларини ҳамда техникумларини тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар;
- «Меҳрибонлик» уйларининг битирувчилари, шунингдек олий таълим ташкилотларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари;
- Мудофаа вазирлигининг, Ички ишлар вазирлигининг, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Миллий гвардиянинг, Давлат хавфсизлик хизматининг қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар;
- ногиронлиги бўлган шахслар;
- пенсияолди ёшидаги шахслар (қонунда белгиланган пенсия ёшига қадар икки йил олдин);
- жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар ёки суднинг қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар;
- одам савдосидан жабрланганлар.
Оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари белгиланмоқда
Кодексда ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш чоғидаги кафолатлар белгиланмоқда. Хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарорларни ушбу кечиктириш келтириб чиқарган йўқотишларни иш берувчига бир вақтнинг ўзида қисман ёки тўлиқ компенсация қилиш орқали олти ой муддатгача тўхтатиб туриши мумкин.
Ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари жумласига қуйидагилар киради:
а) ходимларининг сони йигирма нафар ва ундан ортиқ бўлган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги ташкилотни (унинг алоҳида бўлинмасини) тугатиш;
б) ходимлар сонининг (штатининг) қуйидаги миқдорда:
- ўттиз календарь кун ичида эллик нафар ва ундан ортиқ ходимнинг;
- олтмиш календарь кун ичида икки юз нафар ва ундан ортиқ ходимнинг;
- тўқсон календарь кун ичида беш юз нафар ва ундан ортиқ ходимнинг қисқариши.
«Job offer» тартибга солинмоқда
Агар иш берувчи ишга жойлаштириш тўғрисидаги таклиф билан жисмоний шахсга таклифнома юборган бўлса, иш берувчи таклифноманинг амал қилиш муддати давомида, агар таклифномада муддат шартлашилмаган бўлса, таклифнома юборилган кундан эътиборан 1 ой ичида ушбу шахсни ишга қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.
Таклифнома деганда иш берувчининг ушбу жисмоний шахс билан меҳнат шартномасини тузиш учун тўғридан-тўғри, аниқ ифодаланган розилик билдириши тушунилади.
Таклифнома иш берувчининг тегишли ваколатли мансабдор шахси томонидан ёзма ёки электрон шаклда юборилиши мумкин.
Меҳнат шартномасида акс эттирилиши лозим бўлган мажбурий шартлар ва реквизитлар рўйхати кенгаймоқда
Меҳнат шартномасига киритилиши шарт бўлган шартлар қуйидагилардан иборат:
- иш жойи – ходим шартномада шарт қилиб кўрсатилган меҳнат вазифасига кўра меҳнат фаолиятини амалга оширадиган иш берувчи (ташкилот, унинг алоҳида бўлинмаси ёки жисмоний шахс), шунингдек ходим меҳнат қилиши керак бўлган жой;
- меҳнат вазифаси – муайян касб, мутахассислик, малака ёхуд лавозим бўйича иш, шунингдек ходимга топшириладиган ишнинг аниқ тури;
- ишнинг бошланиш санаси – ходим меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни бажаришга киришиши керак бўлган календарь сана;
- меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари (шу жумладан ходимнинг тариф ставкаси ёки маоши миқдори, қўшимча тўловлар, устамалар ва рағбатлантирувчи тўловлар);
- ходим билан муддатли меҳнат шартномаси тузилган тақдирда меҳнат шартномасининг муддати, шунингдек муддатли шартномани тузиш учун асослар;
- иш вақти ва дам олиш вақти режими, агар бу ходим учун ушбу режим мазкур иш берувчида меҳнат фаолиятини амалга оширадиган ходимлар учун назарда тутилган иш вақтининг ва дам олиш вақтининг умумий режимидан фарқ қиладиган бўлса;
- иш жойидаги меҳнат шароитларининг хусусиятлари кўрсатилган ҳолда нормал шароитлардан фарқ қиладиган шароитлардаги иш учун кафолатлар ва компенсациялар, агар ходим мазкур ишга қабул қилинаётган бўлса; зарур бўлган ҳолларда ишнинг хусусиятини белгилайдиган шартлар (кўчма, сайёр, йўлдаги, ишнинг бошқа хусусияти).
- меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган ҳолларда бошқа шартлар
Агар меҳнат шартномасини тузиш чоғида ушбу шартлардан бирор-бири шартномага киритилмаган бўлса, бу меҳнат шартномасини тузилмаган деб эътироф этиш ёки уни бекор қилиш учун асос бўлмайди. Бу ҳолатда меҳнат шартномаси қўшимча келишувда ифодаланган қўшимча шартлар билан тўлдирилиши керак.
Ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатиладиган реквизитлари қуйидагилардан иборат:
- Ф.И.Ш.;
- шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар;
- яшаш ёки турган жойининг манзили ва у билан боғланишга доир маълумотлар;
- СТИР;
- ЖШШИР (мавжуд бўлганда);
- шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи рақами.
Иш берувчининг меҳнат шартномасида кўрсатиладиган реквизитлари қуйидагилардан иборат:
- меҳнат шартномасини тузган иш берувчининг номи:
- ташкилотнинг номи, агар иш берувчи ташкилотнинг алоҳида бўлинма бўлса, – ушбу бўлинманинг номи, иш берувчи жисмоний шахс бўлган ҳолларда, – жисмоний шахс бўлган иш берувчининг Ф.И.Ш. ва паспорт маълумотлари (идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари), ЯТТ бўлган иш берувчи учун эса унинг Ф.И.Ш., паспорт маълумотлари (идентификацияловчи ID-картаси маълумотлари), шунингдек давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг рақами ва берилган санаси; иш берувчининг меҳнат шартномасини имзолаган вакили ҳақидаги маълумотлар ва агар ташкилот ёки унинг алоҳида бўлинмаси иш берувчи бўлса, вакилга тегишли ваколатлар берилганлигининг асоси;
- иш берувчи ташкилотнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки ташкилотнинг алоҳида бўлинмаси ходим билан меҳнат шартномасини тузган иш берувчи бўлган ҳолларда, ушбу алоҳида бўлинманинг жойлашган ери (почта манзили) ёхуд жисмоний шахс бўлган иш берувчининг яшаш ёки турган жойи манзили;
- СТИР (бундан ЯТТ деб ҳисобланмайдиган жисмоний шахслар бўлган иш берувчилар мустасно);
- ташкилотлар ёки уларнинг алоҳида бўлинмалари бўлган иш берувчиларнинг, шунингдек ЯТТларнинг банк реквизитлари;
- иш берувчининг алоқа маълумотлари (телефон рақамлари, электрон почта манзили ва бошқалар).
Агар меҳнат шартномасини тузишда ушбу реквизитлардан бирортас шартномага киритилмаган бўлса, бу меҳнат шартномасини тузилмаган деб эътироф этиш ёки уни бекор қилиш учун асос бўлмайди. Ушбу ҳолатда меҳнат шартномаси қўшимча келишув тузиш орқали етишмаётган реквизитлар билан тўлдирилиши керак.
Реквизитлар ўзгарган тақдирда, меҳнат шартномасининг тарафи улар ўзгартирилган пайтдан эътиборан 3 иш куни ичида бу ҳақда бошқа тарафга ёзма шаклда хабар қилиши керак.
Муддатли меҳнат шартномасининг муддати қисқармоқда
Эндиликда меҳнат шартномаси:
- номуайян муддатга;
- уч йилдан кўп бўлмаган муайян муддатга (муддатли меҳнат шартномаси) тузилиши мумкин.
Шу билан бирга меҳнат шартномасини муайян муддатга тузилиши асосли ва қуйидаги ҳолатларга тўғри келиши лозим:
Муддатли меҳнат шартномаси: |
Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра муддатли меҳнат шартномаси: |
меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, меҳнат шартномасига мувофиқ иш жойи ўзида сақланиб қоладиган, йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажариш вақти учун; |
микрофирмалар ёхуд якка тартибдаги тадбиркорлар бўлган иш берувчиларга ишга кираётган шахслар билан; |
вақтинчалик (2 ойгача) ишларни бажариш вақти учун; |
жисмоний шахслар бўлган иш берувчиларга шахсий хизмат кўрсатиш ва уй хўжалигини юритиш бўйича ёрдам бериш мақсадида ишга кираётган шахслар (уй ишчилари) билан; |
табиий шароитлар туфайли иш фақат муайян давр (мавсум) ичида амалга оширилиши мумкин бўлганда мавсумий ишларни бажариш учун; |
чўлдаги, баланд тоғли, аҳолиси кам бўлган туманларда жойлашган ташкилотларга ишга кираётган шахслар билан, агар бу иш жойига кўчиб ўтиш билан боғлиқ бўлса. Бундай туманларнинг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда белгиланади; |
иш берувчининг одатдаги фаолияти доирасидан ташқарига чиқадиган ишларни (реконструкция қилиш, монтаж қилиш, ишга тушириш-созлаш ишлари ва бошқа ишлар), шунингдек ишлаб чиқаришни ёки ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмини олдиндан маълум бўлган вақтинчалик (бир йилгача) кенгайтириш билан боғлиқ ишларни бажариш учун; |
ҳалокатлар, авариялар, бахтсиз ҳодисалар, эпидемиялар, эпизоотияларнинг олдини олиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган ишларни амалга ошириш, шунингдек ушбу ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этиш учун; |
таъсис ҳужжатларига биноан олдиндан белгиланган муддатга ташкил этилган ташкилотларга ишга кираётган шахслар билан; |
маданий-томоша ташкилотларининг, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларининг ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг ижодий ходимлари, профессионал спортчилар, шунингдек асарларни яратишда ва (ёки) ижро этишда (намойиш этишда) иштирок этувчи бошқа шахслар билан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси билан келишилган ҳолда ишлар, касблар, лавозимларнинг тасдиқланадиган рўйхатларига мувофиқ; |
ишнинг тамомланиши аниқ сана билан белгиланиши мумкин бўлмаган ҳолларда муддатли хусусиятга эга бўлган, олдиндан белгиланган ишларни бажариш учун қабул қилинадиган шахслар билан; |
агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ўз ташкилийҳуқуқий шаклларидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ташкилотларнинг раҳбарлари, раҳбар ўринбосарлари ва бош бухгалтерлари, шунингдек улар алоҳида бўлинмаларнинг раҳбарлари билан; |
ишлаб чиқаришда ўқитиш шартномаси билан бевосита боғлиқ бўлган ишларни бажариш, ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётини ёки стажировкани ўташ учун; меҳнат органлари томонидан вақтинчалик хусусиятга эга бўлган ишларга ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишларига юборилган шахслар билан; |
кундузги ўқитиш шакли бўйича таълим олаётган шахслар билан; |
муқобил хизматни ўташ учун юборилган фуқаролар билан; |
ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар билан; |
Ўзбекистон Республикасига унинг ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қонуний равишда кириб келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар билан тузилади. |
ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра бошқа ҳолларда хам тузилиши мумкин. |
«Норма» ҳуқуқшунослари ва kadrovik.uz экспертлари янги МК муаллифлари билан ҳамкорликда янги ҳужжат бўйича қиёсий жадваллар ва батафсил тушунтиришлар тайёрлашни бошладилар.
Шунингдек, kadrovik.uzнинг барча архив материаллари янги МКга тушунтиришлар ва ҳаволалар билан таъминланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.04.2023 йилдан кучга киради.
Собир Нурбердиев.