Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

E-commerce: хорижий тажрибани жорий этиш керакми

22.12.2022

Читать на русском языке

Ушбу соҳага бағишланган мақолаларни эълон қилишни якунлаймиз. Муаллиф – Музаффар Аъзамов, Ўзбекистон Электрон тижорат уюшмаси раиси, www.mato.uz асосчиси.

 

Охири. Боши бу ерда – 1, 2, 3, 4.

 

Кўп мамлакатлар фаолияти давлат иқтисодий барқарорлигининг негизини ташкил этадиган кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича турли чора-тадбирларни кўрадилар. Бу борада Қирғизистон тажрибаси эътиборга молик, уни Тожикистонда ҳам қўллашни режалаштирмоқдалар.

 

Чунончи, ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан 2022 йил июль ойида Қирғизистон Солиқ кодексига 61-боб: Электрон савдо соҳасидаги фаолиятга солинадиган солиқ қўшилди. Чунончи, 443-моддада қуйидагилар белгиланган:

«электрон савдо соҳасидаги фаолият учун солиқ тўловчилар ушбу фаолият бўйича барча операцияларга доир ҳисоб-китобларни банкда очилган махсус ҳисобрақам орқали, шу жумладан ушбу ҳисобрақамга боғланган электрон ҳамён ва бошқа виртуал тўлов дастаклари воситасида амалга оширишлари шарт».

 

Электрон савдо соҳасидаги фаолиятга солинадиган солиқ қуйидагилар ўрнига электрон савдо соҳасидаги фаолият учун солиқ тўлашни назарда тутади:

  • фойда солиғи;
  • солиқ солинадиган етказиб беришларга ҚҚС;
  • савдодан солиқ.

 

Электрон савдо соҳасида фаолият юритадиган, ушбу модда талабларига мувофиқ келмайдиган солиқ тўловчилар умумбелгиланган тартибда солиқ тўлайдилар. 

 

Бюрократик тилдан тушунарли тилга ўгирамиз. Масалан, қандайдир маркетплейс орқали онлайн буюртмаларни қабул қилишга қарор қилган қаҳвахона эгаси, ўз қаҳвахонасида таом тайёрлаш ва сотиш бўйича асосий фаолиятидан ташқари, банкда махсус ҳисобрақам очиши, барча маркетплейслар ва интернет-дўконлар (электрон савдо майдончалари) билан барча операциялар бўйича ҳисоб-китобларни у орқали амалга ошириши керак. 

 

Тўғри, қаҳвахона эгаси махсус ҳисобрақам очмасдан, маркетплейсдан тўловларни банкдаги асосий ҳисобрақамига қабул қилиши мумкин, бироқ бу ҳолда у одатдагидек солиқ тўлайди, ҚР СК 61-боби қоидалари унинг фаолиятига нисбатан татбиқ этилмайди.

 

Бундан ташқари, тадбиркорни ушбу моддада кўрсатилмаган солиқларни, масалан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва бошқаларни тўлашдан озод қилмайди.

 

Бундай ёндашув Ўзбекистонда жорий этилса, бу билан бир нечта муаммо ечимини топади.

 

Биринчидан, корхона электрон савдо билан шуғулланишини аниқлаш механизми осон ва барчага тушунарли бўлади. Транзакциялар у орқали ўтадиган махсус ҳисобрақами бўлса, демак, шуғулланади. Бундай ҳисобрақами бўлмаса, бинобарин, унга алоқаси бўлмайди.

 

Иккинчидан, Ўзбекистон Марказий банки ҳисобот даври учун қуйидагилар ҳақида аниқ ва долзарб маълумотларга эга бўлиб, уларни эълон қилади:

  • электрон тижорат билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларининг сони;
  • ҳисобот даврида улар реализация қилган товарлар, хизматлар ва ишларнинг ҳажмлари;
  • электрон тижорат иштирокчилари қабул қилган нақд ва нақд бўлмаган маблағларнинг ҳажмлари; 
  • электрон тижорат иштирокчилари тўлаган солиқлар ва йиғимларнинг ҳажмлари, –

юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар – тадбиркорлик турлари бўйича Ўзбекистон ДСҚга бу ҳақда хабар бера олади, бу учинчидан.

 

Ушбу механизм корхонанинг электрон тижоратга дахлдорлиги борасидаги ҳар қандай низолар, айниқса порахўрликнинг олдини олади.

 

ҚР СК 444-моддасида солиқ солиш объектлари белгиланган. Бу солиқ тўловчи электрон савдо соҳасида амалга оширадиган тадбиркорлик фаолияти.

 

ҚР СК 445-моддасида маркетплейсдаги сотувчи ва маркетплейснинг солиқ базаси белгиланган:  

  • электрон савдо майдончаси оператори ва электрон савдо иштирокчиси учун қуйидагилардан тушум:
    • электрон шаклда хизматлар кўрсатишдан;
    • товарларни реализация қилишдан.

 

ҚР СК 445-моддаси иккинчи хатбошисида назарда тутилишича, «реализация қилинаётган товарлар савдо платформаси операторининг мулки ҳисобланмаса, у ҳолда солиқ базаси реализация қилинган товарлар учун харидордан олинган тушум билан реализация қилинган товарлар ва хизматлар учун мулкдорга тўланган/мулкдор олган пул маблағлари ўртасидаги фарқдан кам бўлиши мумкин эмас». Содда ва тушунарли.

 

Қирғизистонда электрон савдо соҳасидаги фаолият учун солиқ ставкаси 2% миқдорида белгиланган.

 

Бизнинг Солиқ кодексида товарлар (ишлар, хизматлар) билан электрон савдо қилувчи тадбиркорлик субъектлари учун янада кам ставкалар белгиланган, яъни 

467-моддада ягона солиқ тўловини тўловчилар учун солиқ ставкаси тушумдан 4% ўрнига 2%ни ташкил этади, ва

337-моддада умумбелгиланган солиқ солишда солиқ тўловчилар учун фойда солиғи ставкаси одатдаги 15% ўрнига 7,5% миқдорида белгиланган.

 

Бироқ, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига  ҚР СКга айнан ўхшаш тузатишларни киритиш зарур. Бу муайян даражада наф келтиради.

 

Биринчидан, муайян тадбиркорлик субъекти ҳисобот даврида электрон савдо билан шуғулланганини аниқ белгилаш имконини берувчи ҳуқуқий механизм юзага келади.

 

Иккинчидан, солиқларни ҳисоблаб чиқариш тартиб-таомиллари соддалаштирилади. Илгари қайд этилганидек, ҚҚС ва фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш учун камида 7 та операцияни ўтказиш талаб этилади, қирғиз электрон тижоратчилари эса бунинг учун атиги иккитасини бажаришлари зарур.

 

Учинчидан, сотувчилар учун ЭСМдаги савдо асосий фаолият, масалан, ўз савдо павильонида товарларни сотиш билан бир қаторда яна битта, кўпинча қўшимча фаолият тури ҳисобланади. Қонун ҳужжатларига киритилиши таклиф қилинаётган ўзгартириш кичик ва ўрта бизнесни асосий электрон савдо каналига айлантиришга ундайди. Бу, ўз навбатида, бизнес очиқ-ойдин юритилишини таъминлаш, банкдан ташқари айланмани қисқартириш, давлат бюджетига солиқ тушумларини ошириш имконини беради.

 

Тўртинчидан, аксарият машҳур электрон савдо майдончаларининг даромад манбаи унда савдоларни ташкил этиш билан боғлиқ фаолият ҳисобланади. Уларнинг деярли барчаси ҚҚС ва фойда солиғини тўловчилар ҳисобланади. Сотишдан воситачилик ҳақи ЭСМ операторларининг солиқ солиш базаси ҳисобланади, уларнинг миқдори 2%дан 18%гача, унинг медиан (ўртача) қиймати эса тақсимланмаган фойданинг 12-14%ини ташкил этади. Бинобарин, воситачилик ҳақидан ҚҚС миқдори 1,8-2,1%га тенг, уни Қирғизистон солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган 2% ставка билан солиштириш мумкин.

 

Бундан ташқари, улар кўп йилдан буён ишлаётганига қарамай, аввалгидек зарар кўриб ишлайди, фаолияти эса ташқи инвестициялар ҳисобига ёки бошқа даромад манбаларидан молиялаштирилади. Бинобарин, Ўзбекистон СК 337-моддаси билан тақдим этилган фойда солиғини 50% пасайтиришдан ЭСМ операторлари амалда фойдалана олмайдилар.

 

Ҳисоб-китобларнинг кўрсатишича, Ўзбекистонда қирғиз тажрибасини жорий этиш электрон тижорат иштирокчилари амалда тўлайдиган суммалар бундай сотиш даражасида деярли аввалгидек қолиши, бироқ солиқлар сонини қисқартириш, уни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиб-таомилини соддалаштириш ҳисобига электрон савдога кўпроқ сотувчиларни (улар учун ушбу фаолият аввалбошдан қўшимча фаолият ҳисобланиб, у секин-аста асосий даромад манбаига айланади) жалб этиш учун қулай шароитлар яратилишига олиб келади. Буларнинг бари давлат бюджетига жами солиқ тушумлари кўпайишига олиб келади.

 

Қирғизистон Электрон тижорат уюшмасидаги ҳамкасблар билан суҳбатлашганимда қонун ижодкорлари пулли реклама интернет-сервисларининг аксарияти мамлакат ташқарисида жойлашганини, улардан фойдаланганда субъектда хизматлар импорти учун ҚҚС тўлаш мажбурияти юзага келишини инобатга олмаганлари маълум бўлди. 

 

Импорт қилинадиган хизматларни ҚҚС тўлашдан озод қилиш зарур, бу билан меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан (40-50%) кейин энг кўп сарф-харажатларни тақсимланмаган фойдадан (маржадан) 15-20% реклама харажатлари ташкил этадиган электрон савдо майдончалари операторлари янада қўллаб-қавватланади. Жаҳон ижтимоий тармоқларида пулли рекламадан фойдаланган жисмоний шахсларга ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда тўлов учун ҳисобварақлар тақдим этилишини инобатга олган ҳолда. Ушбу импорт қилинадиган хизматлар учун ҚҚС тўлашдан озод қилиш электрон тижоратда ўз бизнесини қонунийлаштириш учун жиддий омил бўлади.

 

Кичик ва ўрта бизнес вакилларининг аксарияти пандемия пайтида ва ундан сўнг ўз истеъмолчилари билан онлайн алоқани йўлга қўйганлар. Бозорлардаги деярли ҳар битта дўкон ўз каналини юритади, у орқали мижозларини янги товарлар келгани ҳақида хабардор қилади, буюртма қабул қилади, етказиб бериш ҳақида хабардор қилади, бир сўз билан айтганда савдо қилади. Бу Қонундаги «электрон тижорат – тадбиркорлик фаолияти доирасида ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда электрон савдо майдончаси орқали тузилган шартномага мувофиқ товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдиси» таърифига тўлиқ мос келади.

 

«Электрон савдо» солиғи пайдо бўлиши билан тадбиркорларнинг ушбу тоифаси, эҳтимол расмиятчилик учун, дастлаб қайсидир электрон савдо майдончаси билан шартнома тузиб, барча нақд ва нақд пулсиз тўловларини босқичма-босқич банкдаги махсус ҳисобрақамга инкассация қилади, бу билан ҳозирги пайтдагига қараганда пул оқимининг катта қисмини қонуний банк айланмасига жалб этади. 

 

Электрон савдо майдончаларига эга бўлган савдо тармоқлари, гипотетик жиҳатдан, махсус солиқ режимига ўтишлари мумкин, бироқ амалда ўтмасликлари эҳтимоли катта, сабаби бизнес катталашгани сари унинг ривожи ва юритилишига жиддий таъсир кўрсатувчи қарорлар янада эҳтиёткорлик билан қабул қилинади. Савдо тармоқларининг ўзига хос хусусияти шундаки, улар етказиб берилган товар ҳақини 90 календарь кун ўтгач тўлаш шарти билан етказиб берувчилар билан ишлайдилар. Бундан ташқари, умумбелгиланган солиқ солишда ҚҚС тўлаш тартиби уларга ҚҚС тўлашни 50 кунгача кечиктириш имконини беради.

 

Савдо тармоқлари жами 140 кунгача тўловни кечиктириш имконига эга, бу эса ўз етказиб берувчиларидан фоизсиз товар кредити олганликларини, ундан осонликча воз кечмасликларини англатади. Дарҳақиқат, уни текинга олиш имкони бўла туриб, йиллик 24-28% остида ва гаров қўйиб банкдан кредит олишнинг нима ҳожати бор?

 

Табиийки, барча солиқларни тўлашдан озод қилиш тартибини сақлаб қолиш керак, ўзини ўзи банд қилганлар, шу жумладан электрон савдо билан шуғулланувчилар учун ижтимоий солиқ бундан мустасно.

 

Тадбиркорлар  қонуний ишлашни одат тусига киритишлари учун махсус солиқ режими камида 10 йил, ҳатто 15 йил, энг яхшиси 20-25 йил мавжуд бўлиши керак.

 

Бундай катта муддат иккита омилга асосланган. Биринчиси – бир неча ўн йиллар давомида «расман ишлаш фойдали, қулай ва осон бўлиши учун» шароит бўлмаган, бу даврда бизнес билан шуғулланиб, солиқларни тўламаслик мумкин деган фикрдаги тадбиркорларнинг бутун бир авлоди етишиб чиққан. Ушбу муаммо мавжудлигини тан олиш лозим, ушбу тоифадаги тадбиркорлар тушунтириш чора-тадбирлари натижасида махсус солиқ режимига ўтишлари, уч ва ундан ортиқ йил давомида ўз бизнесларини ривожлантиришни режалаштира бошлашлари, бизнес жараёнларини ўзгартиришлари учун бир неча йил керак бўлади. Бу тез орада юз бермайди, янги одатни шакллантириш исталганидан кўра кўпроқ вақтни талаб этади.

 

Иккинчиси ҳар йили Ўзбекистон меҳнат бозорига 500-600 мингдан ортиқ ходим келади. Давстатқўм хабарига кўра, 2020-2021 ўқув йилининг бошига келиб республика умумтаълим муассасаларида 6,3 млн ўқувчи таълим олмоқда. 

 

Ўзбекистон меҳнат бозорига яқин 10-15 йил ичида 6 млн дан ортиқ, 20-25 йил давомида эса 12-13 млн янги ишчи кучи келишини ҳисоблаш қийин эмас, уларнинг барчасини иш билан таъминлаш керак бўлади.

 

Башарти қирғиз тажрибаси тўғри мослаштирилса ва ушбу йўналишда тизимли иш олиб борилса, 20-25 йил ичида онлайн сотишни ўрганган, энг асосийси, «расман ишлаш фойдали, қулай ва осон» деб ҳисоблайдиган ва солиқларни мунтазам тўлайдиган аҳолининг иккита авлоди етишиб чиқади.

 

Электрон тижорат орқали аҳолининг кенг қатламларини қонуний тадбиркорликка жалб этиш бўйича иқтисодий соҳадаги мақбул ва узоқ муддатли қарорлар нафақат хуфия иқтисодиётни қисқартириш, балки ишсизлик даражасини пасайтириш, жамиятнинг энг креатив, қатъиятли ва меҳнатсевар вакиллари бўлган тадбиркорлар учун ўзига хос ижтимоий лифтга айланиш имконини беради.

 

Йирик инвестиция лойиҳалари, одатда, ўн ва ундан ортиқ йилга мўлжалланади, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бундай йирик трансформация қилиш эса, фикримча, хуфия иқтисодиёт ҳажмини камайтириш ва жамият фаровонлигини ошириш йўлидаги давлатнинг энг муҳим инвестицияси бўлади.