Вазирлар Маҳкамаси 12.10.2022 йилдаги «2022-2023 йилларнинг қиш-баҳор мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларининг асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 587-сон қарорни қабул қилди.
Аҳоли ва ижтимоий соҳа муассасаларини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, нархларнинг асоссиз ўсиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- 2022-2023 йиллар қиш-баҳор мавсумида аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турлари билан таъминлашнинг прогноз параметрлари;
- аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турлари билан таъминлашда аниқланган тақчилликни қоплаш манбалари;
- ички истеъмол бозори учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини ғамлаш ва маблағларга бўлган талаб-эҳтиёжнинг прогноз ҳажмлари;
- ижтимоий соҳа муассасалари томонидан ўз эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини ғамлаш ва ушбу мақсадларга бюджет маблағлари талаб-эҳтиёжларининг прогноз ҳажмлари;
- республиканинг бориш қийин бўлган тоғли ҳудудлари ва олис чўл зоналарида яшайдиган аҳоли истеъмоли учун олдиндан етказиб бериладиган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг прогноз ҳажмлари;
- қиш-баҳор мавсумига ғамлаб қўйилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий турларини ички истеъмол бозорида сотишнинг тармоқ жадваллари.
Қуйидагилар режалаштирилган захирага жамғариш ҳажмларини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:
• Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган Озиқ-овқат хавфсизлиги жамғармалари;
• мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш ва халқ таълими вазирликлари ташкилотлари учун – Давлат бюджети ва ушбу вазирликларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари;
• тижорат банкларининг тайёрлов ташкилотларига кредитлари.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий маълумотлар базасида эълон қилинган ва 13.10.2022 йилдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова.