Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак правильно составить отчет комиссионера План главбуха на май 2024 года Часто допускаемые ошибки при составлении исков Перечни видов деятельности, для которых требуются лицензия, разрешение или уведомление

Солиқ ва бюджет сиёсати: 2023 йилнинг дастлабки натижалари ва 2024 йил учун прогноз

25.12.2023

Читать на русском языке

Мазкур шарҳ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2024 йилга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ва 2023 йилга мўлжалланган даромадлар прогнози бажарилишини баҳолаш асосида тайёрланган.

 

2023 йил учун бюджетни тайёрлаш жараёнида белгиланган даромадлар прогнози бажарилиши кутилмоқда. Бироқ, ҚҚС, акциз солиғи, фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва ер қаъридан фойдаланганлик солиқ бўйича тушумлар кутилганидан кам бўлади.

 

Хусусан, ҚҚС бўйича прогнознинг бажарилмаслиги бюджетдан солиқни қоплаш суммасининг 4,5 трлн сўмга ошиши билан боғлиқ – 14,6 трлн сўм ўрнига 19,1 трлн сўм бўлиши кутилмоқда. Энергия ташувчиларга тарифларнинг бюджет лойиҳасини тайёрлаш жараёнида назарда тутилганидан кечроқ оширилиши, иқтисодиётнинг айрим секторларида, шу жумладан, энергетика секторида ишлаб чиқариш ҳажмларининг қисқариши ҳам бунга ўз таъсирини кўрсатди.

 

Шу билан бирга, 2023 йилда ҚҚС ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга пасайтирилишига қарамай, ҚҚС бўйича тушумлар ўтган йилга нисбатан 10,5 фоизга ўсади. «Импорт» ҚҚС бўйича юқори ўсиш (13 фоиз) кутилмоқда. Бу қуйидагилар билан шартланган:

– импортнинг ўсиши, божхона божларилари ставкаларини пасайтириш орқали уларни легаллаштириш;
– миллий валютанинг заифлашиши. 

 

Солиқ ставкаси 2023 йилда 15 фоиз даражасида сақлаб қолинган тақдирда, даромадларнинг ўтган йилга нисбатан ўсиши тахминан 40 фоизни ташкил этган бўларди.

 

Жорий йилда ҚҚСдан олинган бюджет даромадлари 60 трлн сўм миқдорида кутилмоқда, 2024 йилда эса 74 трлн сўм миқдорида ёки 14 трлн сўмга ёки 23,5 фоизга ўсиши режалаштирилмоқда. Тушумларнинг ўсиши қуйидагилар билан шартланади:

– ЯИМнинг ошиши (5,6 – 5,8 фоиз), инфляция (ўртача 8 – 10 фоиз);
– юридик шахслар учун 2023 йил 1 октябрдан бошлаб энергия ресурсларига тарифларнинг оширилиши;
– импорт ҳажмининг 15 фоизга ўсиши;
– бир қатор солиқ имтиёзларининг бекор қилиниши.

 

Дори-дармонларга ҚҚСнинг жорий этилиши ҚҚС бўйича бюджет даромадларини йил ҳисобида 2,5 млрд сўм миқдорида ошириш имконини беради (истеъмол ҳажми ҳисоб бўйича йилига 1,6 млрд долларни ташкил этади).

 

Солиқ ва божхона маъмуриятчилиги ҳисобига ҚҚС бўйича тушумларнинг, шунингдек, айрим солиқ ва божхона имтиёзларининг амал қилиш муддати тугаши муносабати билан тушумларнинг прогноз қилинаётган ошиши тахминан 5 трлн сўмни (ЯИМга нисбатан тахминан 0,4 фоизни) ташкил этади. Мазкур прогноз ҚҚСнинг умумий тушумида қайтариладиган ҚҚСнинг улуши янада пасайиш эҳтимолини ҳисобга олган.

 

Бунда, яширин иқтисодиётга қарши курашиш, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш, 2023 йил охирида энергия ресурсларига тарифларнинг ўсиши, импортнинг 15 фоизга ошишини ҳисобга олган ҳолда, ҚҚС бўйича даромадлар миқдори камида 80 трлн сўмни ташкил этиши мумкин (ҚҚСни қоплаш даражаси сақлаб қолинган тақдирда).



Шу билан бирга, 2024 йилга мўлжалланган солиқ сиёсати доирасида ҚҚС тўлашни мажбурий қўллашга ўтиш бўйича чегаравий миқдорни камайтириш ёки ошириш назарда тутилмаган.

 

Акциз солиғи бўйича, 2022 йилга нисбатан тушумларнинг ўсишига қарамай, 2023 йилда даромадлар прогнози 1,5 трлн сўмга (17,9 трлн сўм ўрнига 16,4 трлн сўм) бажарилмаслиги кутилмоқда. Бу асосан, жорий йил охиригача АИ-80 русумли бензинга акциз солиғининг нолга туширилиши, шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реализация қилиш ҳажмининг қисқариши билан шартланган.

 

Шу билан бирга, 2024 йил учун акциз солиғи 22,7 трлн сўм, яъни 36,3 фоизга ошиш прогноз қилинмоқда. Акциз солиғининг ошиши бензин бўйича имтиёзнинг бекор қилиниши ҳамда ставкаларнинг индексация қилиниши, айрим товарлар нархининг ўсиши ва акциз солиғи солинадиган товарлар рўйхатининг кенгайиши билан шартланган.

 

Қатъий белгиланган ставкаларни (алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, бензин, дизель ёқилғиси ва газ, шу жумладан уларни якуний истеъмолчига реализация қилиш) 12 фоизга индексация қилиш кўзда тутилмоқда. Бунда маҳаллий ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган тамаки ва алкоголь маҳсулотлари акциз солиғи ставкаларини тенглаштириш доирасида товарларнинг ушбу турлари  импортига акциз солиғи ставкаларини 5 фоизга пасайтириш кўзда тутилмоқда.

 

Аммо, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун сотиб олинган спирт бўйича ҳисобга олиш мавжуд эмаслигига қарамай, спиртга акциз солиғи ставкаларини икки баравар индексация қилиш назарда тутилмоқда. Ушбу чора алкоголь маҳсулотларига акциз солиғи ставкаларини тенглаштиришда (ЖСТ талаблари доирасида импорт қилиш ва ишлаб чиқаришда) маҳаллий ишлаб чиқарувчилар кейинчалик ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган спиртнинг юқори қиймати туфайли рақобатбардошлиги паст бўлишига олиб келиши мумкин.

 

Шунингдек, газланган ичимликларга акциз солиғини ва энергетик ичимликларга акциз солиғининг оширилган ставкасини жорий этиш назарда тутилмоқда. Хусусан, шакар мавжуд бўлган газланган ичимликларга ҳажмидан келиб чиққан ҳолда қатъий белгиланган суммада (1 литр учун 500 сўм) акциз солиғини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

 

Шакар мавжуд бўлган газланган ичимликларга акциз солиғининг жорий этилиши зарарлилиги сабабли уларнинг истеъмолини камайтиришга қаратилган чоралардан биридир. Бироқ, аксарият мамлакатлар ичимликлардаги шакар миқдорига қараб акциз солиғини жорий қилган (яъни ичимликнинг зарарлилик даражасини аниқланган – «sugar tax»). Шакар мавжуд бўлган 1 литр газланган ичимликка акциз солиғини жорий этишда ушбу мақсадга эришилмайди, бироқ бу кейинчалик маромига етказиб созланадиган механизмлардан бири ҳисобланади (шакар таркибидан келиб чиққан ҳолда солиқ солишга ўтиш).

 

Шу билан бирга, энергетик ичимликлар учун оширилган акциз солиғи ўз мақсадига эриша олмаслиги мумкин, сабаби шакар таркиби ва унинг таркибидаги ўзгаришлар турличадир.  «Энергетик ичимлик» тушунчасининг ҳуқуқий таърифи йўқ, у фақат ичимлик номида қўлланилади. Бу акциз солиғининг солиқ ва божхона маъмуриятчилигини мураккаблаштириши ва солиқни йиғиш унинг тушумига нисбатан анча харажатли бўлишига олиб келиши мумкин.

 

Бунда юқори акциз солиғи (1 литр учун 2000 сўм) ушбу ичимликларни ишлаб чиқариш ёки олиб киришда акциз солиғи мавжуд бўлмаган қўшни давлатлардан контрабанданинг ўсишига олиб келиши мумкин, бу эса нафақат режалаштирилган акциз солиғини, балки уларни олиб киришда ҚҚСни ҳам олиш имконини бермайди.



2024 йилда тушумларнинг ўсиши 2023 йил охирида юридик шахслар учун табиий газ нархларининг ошиши билан ҳам шартланган (баҳоланган қўшимча тушумлар 2,5 трлн сўм).

 

Фойда солиғи бўйича бюджет даромадлари қимматбаҳо металларнинг юқори нархлари сақланиб қолаётганига қарамай, жорий йилда прогноз қилинганидан деярли 2 трлн сўмга паст бўлиши кутилмоқда. Бу қисман энергия ресурсларига тарифларнинг ва тадбиркорлик субъектлари харажатларининг, шу жумладан валюта курси (курсдаги манфий фарқлар) ҳисобига ўсиши билан шартланган.

 

2024 йилда фойда солиғи ставкаси ўзгармайди. Мазкур солиқ бўйича тушумларнинг жорий йилга нисбатан бироз ўсиши (108,3 фоиз) бюджетни тайёрлашда киритилган олтин ва миснинг прогноз нархларининг пасайиши (олтиннинг унцияси учун 1 800 доллар ва миснинг бир тоннаси учун 7 800 доллар) билан шартланган. Агар жорий нархлар сақланиб қолса, тушумлар 4–5 трлн сўмга (ўсиш 118 фоиз) ошади.

 

Эълон қилинган солиқ сиёсатида 2024 йил учун фойда солиғи бўйича қўшимча солиқ имтиёзларини бериш, шунингдек, илгари берилган имтиёзларни бекор қилиш назарда тутилмаган.

 

Айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ ставкаси ва солиқ базаси сақланиб қолинган тақдирда, шунингдек, айланмадан олинадиган солиқнинг қатъий белгиланган суммасининг энг кам ставкаси ўртача 25 фоизга ўсган тақдирда, солиқнинг ўсиши тахминан 3 фоизни ёки 100 млн сўмни ташкил этиши прогноз қилинмоқда (17 фоиз ўртача ўсиш даражасида).



Бунда, айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар тоифасининг айланмаси 100 млн сўмдан ортиқ бўлган ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳисобига кенгайтириш режалаштирилмоқда, бироқ тушумларда мазкур кенгайиш ҳисобга олинмаган. Шунингдек, солиқ маъмуриятчилигини кучайтириш чоралари ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Хусусан, чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасида.

 

Бюджет секторида 2023 йилда энг кам иш ҳақининг икки баравар ошиши, шунингдек, 2024 йилда унинг инфляция даражасидан паст бўлмаган ўсишини ҳисобга олган ҳолда ЖШДС тушумларининг 1,3 баравар ошиши кутилмоқда. ЖШДС ставкасини 12% даражасида сақлаб қолиш режалаштирилмоқда.



Турар ва нотурар жой мулки ижара тўловининг энг кам ставкаларининг оширилиши яшаш учун мўлжалланган мулкни ижарага беришдан олинган даромаднинг 10 фоизини маҳаллалар тасарруфига ўтказиш ҳисобига тенглаштирилади.

 

Божхона божидан олинган даромадларнинг юқори даражада ўсиши импорт ҳажмининг 15 фоизга ошгани, миллий валюта курсининг ўзгариши, шунингдек, айрим солиқ имтиёзлари амал қилишининг тўхташи билан изоҳланади.

 

2024 йилда мол-мулк солиғи (19%) ва сув ресурсларидан фойдаланганлик солиқлари (44,5%) бўйича анча юқори ўсиш кутилмоқда. Бу Тошкент шаҳрида ва республиканинг бошқа ҳудудларида м2 учун мол-мулкнинг энг кам қийматининг ўсиши, шунингдек, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкасини индексация қилиш билан шартланган.



Бунда солиқ солиш мақсадларида мол-мулкнинг м2 энг кам қийматини индексация қилиш солиқ маъмуриятчилигини соддалаштиришга қаратилган бўлиб, мол-мулкнинг реал бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда солиқ солиш мақсадига эришилмайди.

 

Ер солиғи ставкаси 12 фоизга индексация қилинганига қарамай, келгуси йилда ушбу солиқдан тушумлар атиги 6 фоизга ўсиши кутилмоқда.



Катта эҳтимол билан бу жисмоний шахслардан солиқ тушумлари бўйича тушумларнинг бир қисмини маҳаллалар бюджетига ўтказиш билан шартланган.

 

 

kadrovik.uz

Курс валют

2024-04-26
  • USD:12640.21 (+0.00) сум
  • EUR:13559.15 (+0.00) сум
  • RUB:137.02 (+0.00) сум

Читайте в свежих номерах