Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

1 октябрдан нималар ўзгарди

04.10.2019

Рус тилида ўқиш

2019 йил 1 октябрдан солиқ солиш, бизнес, туризм, ижтимоий соҳада қандай ўзгаришлар бўлганлиги ҳақида – шарҳимизда.


Солиқ солиш: имтиёзлар камайтирилди, ҚҚС тўловчилар кўпайди, акцизлар оширилди

 

2019 йил 1 октябрдан:

а) бензин, дизель ёқилғиси ва газни ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали охирги истеъмолчиларига сотадиган юридик шахслар, ушбу товарларни сотишдан тушумнинг миқдоридан қатъи назар, ҚҚС тўловчилари ҳисобланади;

б) товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъи назар, ҚҚС тўловчилари ҳисобланадилар. Бунда товарларни биринчи марта импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари импорт шартномаси тузилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида ҳисобга туриши шарт. Ушбу норма ҳақида батафсил – buxgalter.uz сайтида;

в) қуйидагилар бўйича ҚҚСга доир, шу жумладан, импорт қилинганда ҳам имтиёзлар бекор қилинади:

  • асбест, кўмир, ёғоч материаллари, ёғоч ва ундан тайёрланган буюмлар, углеводород хом ашёси;
  • соя данаги, кунгабоқар ва кунжут уруғлари, мойли хом ашё ва шакар хом ашёси;
  • қишлоқ хўжалиги техникаси, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, материаллар ва технологик асбоб-ускуналар;

г) ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан белгиланган ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинади;

д) юридик шахсларнинг тижорат банкларига жойлаштирган маблағларидан фоиз кўринишида олинган тўлов манбаида фойда солиғидан озод қилиш бўйича имтиёзлар бекор қилинади;

е) белгиланган пул айланмаси (тушуми) чегаравий даражасига етган ягона ер солиғи тўловчилар белгиланган даражага эришилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб ҚҚСни тўлашга ўтади.

 

ҚҚС ставкаси 15%гача пасайтирилди, buxgalter.uz сайтида батафсил кўринг. Бу билан боғлиқ бюджет йўқотишларини компенсация қилиш учун алкоголь ва тамаки маҳсулотларига акциз солиғи ставкалари ўртача 10%га, тамаки маҳсулотларига – 20%га оширилди. Ҳар бир товар позицияси кесимида янги рақамлар ўсиш динамикаси билан – бу ерда.

 

Чекларни сақлаб қўйинг – лотерея ўйналади

Пойтахт тадбиркорлари фойдаланадиган QR-кодли ёки фискал белгили онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеклари бўйича совринли ўйинлар тажриба тариқасида ўтказила бошлайди. Молия вазирлиги бунга бюджет маблағларидан 1 млрд сўм ажратади. Совринли ўйинларни ўтказиш тартиби алоҳида ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим.

 

Ер ажратиш тартиб-таомиллари шаффофлашди

 

Ҳокимлар хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарга узоқ муддатли ижарага ҳамда соддалаштирилган тартибда инвесторларга доимий эгаликка ёки фойдаланишга, муддатли (вақтинча) фойдаланишга қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни ижарага бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлишди. Бундан буён тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун турли ҳудудлардаги бўш турган ер участкаларини фақат «E-IJRO AUKSION» орқали олиш мумкин бўлади. Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ ер участкаларини тақдим этиш ҳолатлари бундан мустасно.

 

Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахслар «YERELEKTRON» ААТда аниқ инвестиция мажбуриятлари билан бирга ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш майдончаси тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш тўғрисида таклифларни киритишлари мумкин. Шундан сўнг уларни электрон онлайн-аукционга қўйиш масаласи кўриб чиқилади. Ер участкаси ҳақидаги маълумотни шакллантиришдан архитектура ва қурилиш ишларига бўлган барча янги тартиб-таомиллар бу ерда батафсил ёритилган.

 

Бизнесни тиклашга кўмаклашадиган амалдорларга – мукофотлар

 

Мансабдор шахслар ўз фаолиятини тўхтатган субъектларнинг бизнесини тиклаганлиги ва унга жалб қилганлиги, тегишли ҳудудда уларнинг сони оширилганлиги учун мукофотланадилар. Бу Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, ССП ва Бош вазир қабулхоналарининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларига тааллуқлидир. Мукофотлар механизми ва рағбатлантиришнинг аниқ миқдорлари ишлаб чиқилган, улар яқин кунларда тасдиқланиши лозим. Ҳозирча лойиҳа шарҳи билан танишиб чиқиш мумкин. 

 

Давлат харидлари устидан назорат кучайтирилади

 

Давлат буюртмачилари давлат харидлари якунлари тўғрисидаги эълонларни расмий сайтларида ёки юқори турувчи органнинг сайтида жойлаштиришлари зарур бўлади. Харид қилинадиган товарлар, ишлар ва хизматлар (шу жумладан импорт қилинганлари) тўғрисидаги маълумотларни давлат харидлари порталида жойлаштирилиши лозим. Энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан аниқланадиган етказиб берувчилар, шу тариқа ушбу жараёнда иштирок этишлари мумкин.

 

Ҳисоб палатаси ва Монополияга қарши қўмита доимий асосда давлат харидлари самарадорлиги ва натижадорлигини масофадан туриб таҳлил қилади, зарурат туғилганда жойга борилади. Таҳлил якунлари билан ушбу идораларнинг расмий сайтларида ва давлат харидлари порталида танишиш мумкин.

 

Қайта суғурталаш – янги қоидалар бўйича

 

Суғурта мажбуриятларини қайта суғурталаш учун хорижий суғурта компанияларига бериш тартиби ўзгартирилди. Қайта суғурталовчи (қайта суғурта брокери) қайта суғурталаш бўйича офертани (қайта суғурталаш шартномаларини тузиш таклифларини) маҳаллий бозорда фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган суғурта ташкилотларига мажбурий тартибда юборади. Бу таклифлар бериладиган суғурта мажбуриятларининг камида 50%ини ўз ичига олиши лозим.

 

Маҳаллий қайта суғурталовчилар:

  • 2 иш кунида оферта акцепти шартларини қабул қилишлари ёки офертада кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, акцептни рад этишлари лозим;
  • суғурта мажбуриятларини ўзининг ушлаб қолиш ҳажми доирасида қабул қилишлари керак;
  • суғурта ҳодисаси содир бўлган тақдирда ва асосий суғурта шартномаси бўйича суғурта тўловини амалга оширишда қайта суғурталаш шартномаси шартлари доирасида қайта суғурта қилдирувчининг қарорларига амал қилишлари лозим.

 

Янги механизм облигатор қайта суғурталашга татбиқ этилмайди (асосий суғурта шартномалари бўйича таваккалчиликлар қайта суғурталовчига ўтади ва у эса уларни қабул қилиши шарт, таҳр. изоҳи) ҳамда халқаро шартномалар ва Ўзбекистон инвестиция битимларида ўзгача тартиб назарда тутилган бўлса, қўлланилмайди.

 

Автомобилни қариндошларига беришда ишончнома нотариусда тасдиқланмайди

 

Яқин қариндошлар ўртасида транспорт воситасидан фойдаланиш ва бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномани бундан буён мажбурий нотариал тасдиқланмайди. Бироқ бир шарти – улар автомобиль эгасининг ОСГО суғурта полисида кўрсатилган бўлиши лозим. Яқин қариндошлар ота-она, эр (хотин), болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ҳисобланади.

 

Ҳудуднинг ободонлаштирилиши учун бино мулкдори масъул бўлади

 

Бино ва иншоотларнинг мулкдори ёки ундан фойдаланувчи, ижарага олувчи (юридик ва жисмоний шахслар) уларга бириктирилган ҳудудни ободонлаштириш бўйича ўз вақтида ва сифатли ишлар олиб борилиши учун масъул бўлади. Экспертларнинг ҳисоблашича, ҳуқуқбузарларга нисбатан МЖТКнинг 161-моддаси қўлланилиши ва фуқароларга 1 БҲМдан 3 БҲМгача, мансабдор шахсларга 3 БҲМдан 5 БҲМгача жарима солиниши мумкин.

 

Ободонлаштириладиган ҳудуд майдонини ҳокимият белгилайди. Майдон «тегишли» ер участкаси майдонидан катта бўлмаслиги айтилган. Бунда «тегишли» ер участкаси дейилганда бино ёки иншоотлар билан банд бўлган ва улардан фойдаланиш учун зарур ҳудуддан (туташ ҳудуд) иборат майдон назарда тутилган бўлиши мумкин. Ободонлаштириш ишларида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг ташқи кўриниши талабларига риоя қилиш лозим.

 

Янги электрон тизимлар ишга туширилади

 

Биринчидан, «Инвестиция лойиҳаларини амалга оширилишини назорат ва мониторинг қилиш» ахборот тизими ишга туширилади. У давлат органларига республика ва минтақавий инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини барча босқичларида онлайн-режимда кузатиш имконини беради (регламентга қаранг).

 

Иккинчидан, Мажбурий ижро бюроси томонидан Ижро ҳужжатларининг ягона электрон базаси жорий этилади. Унга келиб тушаётган барча ижро ҳужжатлари ҳамда тайинланган ва ундирилган маъмурий жарималар тўғрисидаги маълумотлар киритилади. Шу боис эндиликда ходимларга ундирувчи ва қарздорнинг электрон почтаси ёки уяли телефони маълум бўлса, ижро иши қўзғатилганлиги тўғрисидаги хабарнома электрон хат ёки SMS-хабар кўринишида йўлланади. Бюронинг расмий сайтида автоматлаштирилган онлайн-режимда ижро ҳаракатлари амалга оширилишини мониторинг қилиш мумкин бўлади. Ушбу давлат хизмати бепул кўрсатилади.

 

Учинчидан, «labor-migration» дастурий комплекси жорий этилмоқда. Унинг ёрдамида потенциал меҳнат мигрантлари барча зарур маълумотларни ва хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун микроқарз олишлари мумкин, қарз 2019–2020 йилларда – 1 йилга, 10% билан ҳамда 2021 йилда 12% билан 2 млн сўм миқдорида берилади, банк маржаси – фоиз ставкасининг 50%и миқдорида бўлади. Микроқарз тезкор режимда расмийлаштирилади, 1 банк куни ичида берилади. Бунинг учун фақат паспорт, ариза ва меҳнат органининг илтимосномаси зарур бўлади.

 

Тўртинчидан, Сирдарё вилоятида пилот лойиҳа иш бошлайди. Унинг доирасида ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинланади, бу «Ижтимоий ҳимоялаш ягона реестри» ахборот тизими воситасида амалга оширилади (схемага қаранг). 2019 йил 1 октябрдан 2020 йил 1 апрелга қадар тартиб вақтинчалик низомга мувофиқ белгиланади.

 

Бешинчидан, ишлаб чиқилган ва келишилган қонун ва қонун ости ҳужжатлари лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасига ва Президент Администрациясига фақат электрон шаклда киритилади. Бунинг учун фойдаланиладиган Ягона электрон тизим 1 майдан «пилот» режимида синовдан ўтказилди ва энди Адлия вазирлигига берилади.

 

Тўртта аэропортда «очиқ осмон» режими

«Қарши», «Нукус», «Термиз» ва «Бухоро» халқаро аэропортларида «Очиқ осмон» режими жорий этилади. Дастлабки учтасида халқаро-ҳуқуқий нормаларга мувофиқ «бешинчи ҳаво эркинлиги»ни қўлланилади. Бу узоқ магистрал рейсларга чиққан авиаташувчиларга тўхтаб танаффус қилишларига, бортдан йўловчиларни тушириш ҳамда йўловчилар, почта ва юкларни қабул қилишга имкон беради. Бухорода эса «бешинчи ҳаво эркинлиги» хорижий давлатлар фуқароларини ташишда қўлланилади.

 

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ва ТИВ хорижий давлатларнинг авиация маъмуриятлари ва чет эл авиаташувчилари бу ҳақда хабардор қиладилар. Кўрсатилган халқаро аэропортларнинг учиш-қўниш йўллари, ҳаракатланиш йўллари, қўмондонлик-диспетчерлик пунктлари, аэронавигация жиҳозлари ва стационар ер усти алоқа тармоқлари реконструкция қилинади.


Автомобиль саноати: акцизлар, йиғимлар ва «TRADE-IN»

 

1 октябрдан кейин тузиладиган шартномалар бўйича «UzAutoMotors» АЖ томонидан ишлаб чиқариладиган автомобилларга акциз солиғи бекор қилинади. Юртимизда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғимни харидорлар эмас, ишлаб чиқарувчилар тўлайди.

 

Бундан ташқари, «TRADE-IN» дастури татбиқ этилади. Харидорлар  илгари фойдаланилган ўзларига тегишли машинани расмий дилерга топшириб, улар қийматидаги фарқни тўлаб янги авто сотиб олишлари мумкин. Авто олди-сотди шартномалари (илгари фойдаланилган ва янги) мажбурий нотариал расмийлаштирилмайди.

Шахсий маълумотлар – ҳимоя остида

 

«Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги Қонун кучга киради. Унда шахсий маълумотларни қайта ишлаш ва ушбу жараён иштирокчилари – субъект (улар тааллуқли бўлган шахс) ва операторнинг (қайта ишлашни амалга оширадиган давлат органи, жисмоний ёки юридик шахс) ўзаро муносабатлари тартиби баён этилган.

 

Шу билан бир вақтда шахсий маълумотларни ноқонуний тарзда ошкор этганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Бунинг учун 3 йилга озодликдан маҳрум этишлари мумкин.

 

Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Институтда «доктор» илмий даражасини олиш мумкин

 

Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институти ҳузурида илмий кенгаш иш бошлайди. Кенгаш «Эконометрика ва статистика» ҳамда «Иқтисодиётда ахборот тизимлари ва технологиялари» ихтисосликлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражасини беради.


Кимларнинг иш ҳақи оширилади

 

1 октябрдан:

  • фуқаролар йиғинлари раислари ва масъул котиблари – уларнинг ойлик иш ҳақи 1,2 баравар оширилди;
  • «Меҳрибонлик» уйлари, болалар шаҳарчаларининг олий маълумотли раҳбарлари ва тарбиячилари, шунингдек барча турдаги халқ таълими муассасаларининг олий маълумотли тарбиячилари – уларнинг базавий тариф разрядлари умумий таълим мактабларининг раҳбар ходимлари ва педагог ходимлариникига тенглаштирилди. Айрим фанлар чуқурлаштириб ўрганиладиган давлат ихтисослаштириш таълим муассасаларининг тарбиячиларига тўланадиган устамалар бекор қилинади. Жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва тарбиячиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи лавозим маошининг 75%и миқдорида тўланади;
  • «Ўзархив» агентлиги марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари ходимларининг иш ҳақи оширилди – уларнинг ЯТС бўйича тариф коэффициентлари 1,6 бараварга ошади ва уларга мазкур соҳада узоқ муддат хизмат қилгани учун устамалар тўланади.

 

Ноширлик фаолиятида – имтиёз 

 

Болалар адабиётлари ва ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган маҳсулотлар чоп этишга ихтисослашган нашриётлар эндиликда ноширлик фаолиятини амалга оширишга лицензия берганлик учун давлат божи тўламайдилар. Улар аввал ҳам имтиёзга эга эдилар – белгиланган ставкадан 50 фоизлик «чегирма». Бироқ буни ҳам ҳисобга олганда 1 115 000 сўм бўлаётган эди (5 БҲМ).  

Олег Заманов.


В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Валюталар курси

2024-04-19
  • USD:12697.00 (+0.00) сум
  • EUR:13547.70 (+0.00) сум
  • RUB:135.05 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16