Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Масофавий ишга ўтказиш ва аввалги иш режимига қайтишни қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин - buxgalter.uz да ўқингБош бухгалтернинг тақвими: июнь ойидаги муҳим саналар - buxgalter.uz да ўқингКарантин даврида олдинги йилларда кўрилган зарарни ҳисобга олиш мумкинми - buxgalter.uz да ўқингПФ-5996-сон Фармонни инобатга олган ҳолда кичик бизнесга имтиёзлар - buxgalter.uz да ўқинг«Кечикаётган» ЭҲФ муаммосини контрагент билан тузилган шартномада ҳал этиш мумкин - buxgalter.uz да ўқингАгар дебиторлик қарзи мажбуриятларни бажаришга халақит берса, нима қилиш керак- buxgalter.uz да ўқинг

Кўчмас мулк ноқонуний бузилганда қаерга мурожаат қилиш керак

10.03.2020

Рус тилида ўқиш

 

Халқаро пресс-клубнинг февраль ойида ўтказилган сессиясида фуқаролар ва тадбиркорларнинг турар жойлар ва бошқа кўчмас мулкларга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш муаммолари муҳокама қилинди. Адлия вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура ва Давергеодезкадастр қўмитаси вакиллари ушбу муаммоларни ҳал этиш тўғрисида сўзлаб бердилар.

 

2019 йил август-ноябрь ойларида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган, уларда кўчмас мулкни олиб қўйиш, бузиш ва унга компенсация тўлаш жараёнлари тартибга солиниши белгиланган. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги қарори билан Ер участкалари олиб қўйилиши ва уларда жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида низом тасдиқланган.

 

2020 йил 1 январдан кучга кирган ҳужжатга мувофиқ фақат Президент, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларига асосан ер участкаси олиб қўйилиши мумкин.

 

Жамоатчиликда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган маҳаллий ҳокимият органларининг бу борадаги ҳаракатлари тақиқланган. Ҳокимиятлар ер участкалари ва уларни бузишга тааллуқли ҳужжатларни чиқариш ҳуқуқига эга эмаслар. Ҳоким лавозимдан бўшатилганидан кейин у қабул қилган қарорларни бекор қилиш амалиётига ҳам чек қўйилди.

 

Жўқорғи Кенгес ва халқ депутатлари Кенгашлари ерни олиб қўйиш юзасидан фойда ва харажатларни кўриб чиқишлари шарт. Мулкдорларга зарарни қоплаш учун инвесторнинг ресурслари етарли бўлгандагина, шунингдек фойда ижобий баҳоланганда олиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Бундан ташқари, адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлгандагина, ҳокимлар томонидан олиб қўйилаётган ер участкасидаги кўчмас мулк объектларини бузиш тўғрисида қарор чиқарилади.

 

Тижорат кўчмас мулкини қуриш учун жой бузилаётган бўлса, ерни олиб қўйиш ташаббускори ва кўчмас мулк эгаси ўртасида компенсация тақдим этиш тўғрисида битим тузилиши ва у нотариал тасдиқланиши лозим. Унда компенсация миқдори ва тури, тўлов муддатлари ва бошқа шартлар қайд этилади. Битимда кўрсатилган жами компенсация суммаси мулкдорга тўланганидан кейин бузишга рухсат берилади.

 

Мулкдор шу жойда бунёд этиладиган бинодан янги жой олишни танлайдиган бўлса, уч томонлама битим тузилади. Ҳокимиятлар мазкур ҳолатда вақтинчалик турар жой ижараси ва янги жой олиш учун тўлов тўланишига кафил бўладилар. Мулкдорга бузилган жой учун  вақтинчалик фойдаланиш учун кўчмас мулк олган кунидан бошлаб 2 йил мобайнида янги объект тақдим этилиши лозим.

 

Асосийси, олиб қўйиш режалаштириладиган олдин ташаббускорлар, мулкдорлар иштирокида ушбу масалалар очиқ муҳокама этилади, бунда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этиши шарт. Бу ҳақдаги эълон, сўнгра муҳокама натижалари ҳокимиятларнинг расмий сайтларида жойлаштирилади ва ОАВларда чоп этилади.

 

Бузилаётган мол-мулк баҳоловчи ташкилотлар томонидан ташаббускорлар (инвестор ёки ҳокимият) маблағлари ҳисобига баҳоланади. Мулкдорга бузилаётган кўчмас мулк объектининг бозор қиймати, ер участкасига бўлган ҳуқуқи, кўчиш харажатлари, шунингдек вақтинчалик бошқа турар жой сотиб олиш харажатлари қопланади.

 

– Мулкдорларнинг ҳуқуқлари бузилган ҳолатлар аниқланганда кадастр хизматларига эмас, балки маъмурий судга мурожаат қилиш лозим, – деб таъкидлади Олий суд раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров. – Шу билан бирга Олий суд электрон қабулхонаси ҳам ишламоқда. Ишонч телефони: (+998) 71 239-02-71.

 

Бош прокуратура бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Беҳзод Исмоиловнинг айтишича, бугунги кунда 15 мингтага яқин кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилган. Кўпгина муаммолар жойида ҳал этилмоқда. Бош вазир раҳбарлигидаги Республика комиссияси томонидан кўчмас мулкнинг ноқонуний олиб қўйилиши ҳолатларини таҳлил қилиш бўйича улкан ишлар амалга оширилган. Жойларда доимий кўчма қабул йўлга қўйилган. Фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқлари бузилган тақдирда, Бош прокуратуранинг 1007 рақамли ишонч телефони орқали мурожаат қилишлари мумкин.

 

Бўш турган ер участкаларининг тадбиркорлар томонидан сотиб олинишига келсак, айни пайтда буни фақат e-auksion.uz да электрон савдо орқали амалга ошириш мумкин. Ҳокимиятга ёки бошқа давлат органларига мурожаат қилиш шарт эмас. Ер участкаси аукцион реестрига киритилмаган бўлса, сайтда зарур босқичлардан ўтган ҳолда буюртма бериш мумкин.

 

Лола Абдуазимова.