Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Вояга етмаган болаларнинг Ўзбекистондан ташқарига чиқиш ҳуқуқи қандай таъминланади

15.11.2021

Рус тилида ўқиш

Мамлакат сиёсий ҳаётида ва жамият турмуш тарзида аёлларнинг ролини ошириш, аёллар орасида тадбиркорликни ривожлантириш ҳақида кўп гапирилмоқда, аёлларни қўллаб-қувватлаш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда, Республика аёллари жамоат кенгаши каби турли тузилмалар ташкил этилмоқда. Бироқ қуйидагиларни англаб етмас эканмиз, бу саъй-ҳаракатлар натижа бермайди: ҳар қандай аёл, асосан ўз фарзандлари ҳаётини яхшилаш ва уларни бахтли қилиш учун сиёсат ёки тадбиркорлик билан шуғулланади. Давлат томонидан асосан оталарга онасининг ўз фарзандига ана шу бахтни яратиб бериши ва келажагини лозим даражада таъминлашини (республикадан ташқарида дам олиш, халқаро мусобақаларда ва олимпиадаларда иштирок этиш, хорижда истиқомат қиладиган қариндошларни кўргани бориш ва ҳ.к.) чеклаш ҳуқуқи берилмоқда. 

 

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низом (кейинги ўринларда – Низом) кўпчилик ёлғиз ота-оналарга бош оғриғи бўлмоқда. Ушбу ҳужжатнинг 18-бандига мувофиқ хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш чоғида вояга етмаган фуқаронинг хорижга чиқиши учун ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг нотариал тасдиқланган розилиги тақдим этилиши лозим.

 

Илгари амал қилган ЎзР фуқароси биометрик паспортини ҳамда 16 ёшга тўлмаган шахслар учун фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжатини бериш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган тартиб 5.12.2019 йилдаги 970-сон ВМҚга мувофиқ ўз кучини йўқотган. Унда хорижга вақтинчалик чиқиш учун стикерни расмийлаштиришда бошқа ҳужжатлар билан бирга қуйидагиларни ҳам нотариал тасдиқланган ҳолда тақдим этиш назарда тутилган эди: 

  • фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бирга яшайдиган ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг унинг хорижга чиқишига розилиги;
  • фуқарони ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни кузатиб борувчи шахснинг мажбуриятлари.

 

Бундан ташқари, фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс билан бирга ота-онасидан бири хорижга вақтинчалик чиқишида аввалги тартибга кўра ота-онанинг иккинчисининг розилиги талаб этилмаган.

 

Юқорида айтиб ўтилганлардан кўриниб турибдики, амалдаги Хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низом никоҳ расман қайд этилган-этилмаганлигидан қатъи назар, турмушидан ажрашган ва болалар тарбиясини ўз зиммасига олган оналар учун хорижга чиқиш тартиб-таомилларини мушкуллаштиради:

1. Улар биологик отанинг нотариал розилигини сўраб олишга мажбур бўладилар, лекин айрим ҳолларда бу осон кечмайди.
2. Боласи билан бирга яшамайдиган отанинг яшаш жойини ҳар доим ҳам осонгина аниқлаб бўлмайди. Кўпинча она турли инстанцияларга, шу жумладан Ўзбекистондан ташқаридаги идораларга ҳам мурожаат қилишига тўғри келади. Бу жараён кўп вақт олади ва бошқа ресурслар сарфланишига сабаб бўлади, булар кўп ҳолларда яшаш жойини аниқлаб беришни сўраб суд инстанцияларига мурожаат қилишлар билан боғлиқдир. Натижада санаб ўтилган барча жараёнлар якунланмагунга қадар болани мактаб таътиллари даврида хорижга олиб чиқиш имконсиз бўлади.
3. Низомнинг 21-бандига мувофиқ боланинг ота-онасидан бири хориж фуқароси бўлганида улардан бирининг розилиги талаб қилинмайди. Ота-онадан бири қандайдир йўллар билан иккинчи фуқароликни ҳам расмийлаштирган бўлиши мумкинлиги сабабли амалиётда ушбу бандни қўллаш рад этилмоқда.
4. Низомнинг 18-бандида айтилишича, фарзанди билан бирга яшамайдиган ота ёки онага ЎзРдан ташқарига чиқиш учун биометрик паспорт олишга ва, тегишли равишда, хорижга чиқишга тақиқ ўрнатиш шартсиз ҳуқуқи берилади. Боласи билан бирга яшайдиган ота ёки она (кўпинча оналар) фақат шартли ҳуқуққа эга бўладилар – бу ҳуқуқ бошқаларнинг нотариал розилигига асосланади.

 

Ноинсоф ота ёки онани ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш осонми

 

Юқорида айтиб ўтилган тартиб-таомилларни четлаб ўтишга ёрдам берувчи ягона ҳуқуқий механизм Оила кодексининг 79-моддасида назарда тутилган асослар бўйича ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳисобланади. Бундай асослар рўйхатида кўрсатилган энг кенг тарқалган сабаблардан бири алиментларни тўлашдан бўйин товлаш ҳисобланади, бошқа асосларни (бошқа мажбуриятлардан бўйин товлаш) исботлаш мушкулроқ бўлади, ёки – улар (масалан, қасддан жиноят содир этиш, наркомания) оммавий тусда бўлмайди.

 

Боланинг отаси алимент тўлайдиган бўлса, бу даъвони рад қилишга сабаб бўлади. Оналар, қоидага кўра, даъво беришдан воз кечадилар, сабаби адвокат хизматларига ва давлат божига озмунча маблағ сарфланишига қарамай қарор уларнинг фойдасига қабул қилинмаслиги эҳтимоли юқори бўлади. ЎзР Олий судининг қуйидаги статистика маълумотлари ҳам шундан далолат беради: 2020 йилда Ўзбекистондаги биринчи инстанция судларига ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисида жами 850 та даъво аризаси келиб тушган, бундан жами 552 таси қаноатлантирилган. Бунда Ўзбекистонда ҳар йили судлар томонидан 45 мингдан ортиқ алимент ундириш тўғрисидаги ҳужжатлар қабул қилиниши ҳисобга олинган.

 

Оила кодексининг 99-моддасида белгилашича, ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5%идан кам бўлмаслиги керак (2021 йил 1 сентябрдан – 822 минг сўм), бунда бир болага 217,83 минг сўм тўғри келади. Ушбу тўловлар болаларнинг базавий эҳтиёжларини тўлиқ қопламаслиги ҳаммага аён, лекин шунга қарамай ота-оналардан бирига болани хорижга чиқишига, масалан, мактаб таътиллари даврида хорижда дам олишига оид масалани ҳал этиш ҳуқуқи берилади.

 

Энг ачинарлиси шундаки, боланинг оддийгина бир орзусини рўёбга чиқариш билан боғлиқ ҳолатларда кўпинча турмуш ўртоғининг асабини бузиш истаги устун келиб, боланинг манфаатлари ҳисобга олинмасдан рад жавоби берилади.

 

Нима қилиш керак

 

Ҳозирги пайтда судларнинг позициясида ота-онадан бирининг нотариал тасдиқланган розилиги бу унинг ҳуқуқи эканлиги айтилмоқда. Бироқ бу масалада боланинг ҳуқуқи қаерда қолади?

 

Нима сабабдан бу ҳолат эътибордан четда қолиб кетяпти, бола эркинликка эга бўлмасдан ҳамда бирга яшамайдиган, алимент тўлашдан бошқа ҳеч қандай ота-оналик вазифаларини бажармайдиган масъулиятсиз ота-оналардан бирининг ҳаракатлари оқибатида тўлақонли ҳаёт кечира олмайдими?

 

Фикримизча, ушбу масаланинг адолатли ҳал этилишида, биринчи навбатда, боланинг манфаатлари ҳисобга олиниши – у билан бирга яшамайдиган ота-онадан бирининг нотариал тасдиқланган розилиги «хорижий» биометрик паспортни расмийлаштириш учун ҳужжатлар рўйхатидан чиқариб ташланиши керак. Бунинг учун Хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 21-бандига қуйидаги қўшимчалар киритилиши лозим:

«Ўзбекистон Республикасининг вояга етмаган фуқаросига хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш чоғида қуйидаги ҳолатларда ота-онадан бирининг розилиги талаб қилинмайди:

<…>

боланинг ота-онадан бири билан яшаш тартибини белгилашда (боланинг яшаш тартиби тўғрисидаги нотариал тасдиқланган битим ёки суд қарорининг нусхаси тақдим этилганда);

биометрик паспорт олиш учун ота-онадан бирининг розилиги талаб этилмаслиги тўғрисида суд қарори чиқарилганда (суд қарорининг нусхаси тақдим этилганда)».

 

Боланинг хорижга чиқишига норозилик сабаби объектив бўлганда

 

Ота-оналарга сўзсиз равишда, жиддий ва объектив сабабларга кўра боланинг Ўзбекистондан ташқарига чиқишини чеклаш ҳуқуқи берилиши шарт. Бундай ҳолатлар учун ота-оналарда шундай ҳуқуқнинг юзага келиши ва тегишли ваколатли идоралар орқали амалга оширилиши регламентини ишлаб чиқиш зарур.

 

Шуни ҳисобга олиш муҳимки, мазкур регламентда биринчи навбатда боланинг, шунингдек ота-онанинг ҳуқуқлари тенг даражада кўриб чиқилиши лозим.

 

Шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилиши назарда тутилиши лозим, ушбу ўзгартиришлар муайян сабаблар кўрсатилган ҳолда боланинг хорижга чиқишини чеклашга оид ҳуқуқларни амалга оширишни суд тартибида низолашишга имкон бериши керак, бунда боланинг хорижга чиқишига тўсқинлик қилмайдиган ота-онадан бири ёки 14 ёшга тўлган боланинг ўзи даъвогар бўлади. Суд томонидан боланинг хорижга чиқишига тўсқинлик қилмайдиган ота-онадан бирига ёки боланинг ўзига нисбатан ижобий қарор чиқарилган тақдирда, ушбу сабаб (сабаблар) кўрсатилган даъво аризаси кейинги 3 йил мобайнида берилиши мумкин эмас.

 

Боланинг ҳуқуқлари устун бўлиши лозим

 

Турли сабаблар туфайли кўпчилик ота-оналарнинг ўз фарзандларининг республикадан ташқарига чиқиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга уринишлари зое кетганлиги ҳолатлари ушбу мақоланинг ёзилишига туртки бўлди. Уларнинг кўпчилиги оналар эди, улар турли идоралар ва суд органларининг остонасида сарсон бўлдилар. Бироқ бу ўз фарзандини мустақил тарбиялаётган оталар ҳурматга нолойиқлигини ҳамда ўз ҳуқуқлари ва фарзандларининг ҳуқуқларини амалга ошира олмаслигини англатмайди. Ушбу масаланинг ҳал этилиши боласи билан бирга яшайдиган ва ўз вазифаларини муносиб тарзда бажарадиган ҳар бир ота-онага тааллуқлидир. Ҳаммамиз биргаликда фарзандларимиз дунёга ўз кўзлари билан қарашлари, халқаро мусобақалар ва олимпиадаларда иштирок этишлари, мактаб таътиллари кунларида муносиб дам олишлари, хорижда яшайдиган қариндошлари билан кўришишлари борасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз.

 

Биз ташаббус кўрсатишимиз учун қуйидаги ҳуқуқий асослар мавжуд:

  • Оила кодексининг 73-моддасига мувофиқ ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт;
  • Оила кодексининг 75-моддасига мувофиқ ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Ўз ота-оналик ҳуқуқини болаларининг ҳуқуқ ва манфаатларига зид тарзда амалга ошираётган ота-она қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади;
  • «Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ ҳар бир болага Конституцияга, ушбу Қонунга ва бошқа қонун ҳужжатларига биноан инсон ва фуқаро сифатида ҳуқуқ ва эркинликлар берилади ҳамда улар давлат томонидан кафолатланади. Конститутициянинг 28-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин ҳаракатланиш, республика ҳудудидан ташқарига чиқиш ва қайтиш ҳуқуқига эга, қонунда белгиланган чекловлар бундан мустасно.

 

Ушбу муаммога Президент Шавкат Миромонович МИРЗИЁЕВ Администрацияси эътибор қаратишига умид қиламиз. Шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташаббусимизни қўллаб-қувватлашига ишонамиз.

 

Татьяна НАЗАРОВА,

«ElectEx» консалтинг компанияси директори,

Лилия ШИШОВА,

умумий фойдаланишдаги «Хорижга чиқишга рухсатнома» ТГ-гуруҳи маъмури.


Валюталар курси

2024-04-17
  • USD:12671.84 (+0.00) сум
  • EUR:13468.90 (+0.00) сум
  • RUB:134.64 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16