Вазирлар Маҳкамасининг 11.08.2023 йилдаги “Иқлим ўзгариши ва табиий офатлар хавфига нисбатан миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда самарали амалга оширишни ташкил этиш тўғрисида”ги 362-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2023-2030 йилларда табиий офатлар хавфини камайтириш ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳаракатлар режаси тасдиқланмоқда.
Қуйидаги офатларга алоҳида эътибор қаратилади:
- зилзила;
- ер ва тош кўчиши;
- кучли шамоллар;
- қор кўчиши;
- қурғоқчилик;
- сел ва сув тошқини;
- табиий ёнғинлар;
- табиий ходисалар билан боғлиқ техноген хавфлар.
Миллий ҳаракатлар режасининг асосий мақсади – бу табиий офатлар хавфини камайтириш ва иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш бўйича комплекс чораларни ишлаб чиқишдир.
Шунга кўра қуйидагилар режалаштирилмоқда:
- янги қонунчилик нормаларини, республика ва ҳудудий стратегияларни ишлаб чиқиш, ушбу йўналишда маҳаллий ҳокимият иштироки ва жавобгарилигини ошириш;
- табиий офатлар хавфини аниқлаш ва баҳолаш, аҳолини бундай ҳолатлар ҳақида хабардорлигини ошириш;
- давлат ва хусусий инвестицияларини жалб этиш; авариявий-қутқарув ва бошқа махсус техникани ишлаб чиқаришни ДХШ тамойиллари асосида маҳаллийлаштириш ва бошқалар.
Шунингдек Миллий ҳаракатлар режасини амалга ошириш бўйича 26 та асосий чора-тадбирдан иборат “Йўл харита”си тасдиқланмоқда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.08.2023 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев.