Вазирлар Маҳкамасининг 12.06.2026 йилдаги "Ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат корхоналарида аутсорсинг хизматларини ташкил этиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 306-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб электрон давлат харидлари тизимида аутсорсинг хизматларини ташкил этиш учун махсус саҳифа ишга туширилиши белгиланди.
Ҳужжат билан Ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат корхоналарида аутсорсинг хизматларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди, унда қуйидагилар назарда тутилган:
• аутсорсерларни идентификация қилиш, шартнома тузиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби;
• аутсорсинг хизматларини ташкил этиш ва кўрсатишда коррупция ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш;
• аутсорсер ва буюртмачининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш;
• аутсорсинг хизматлари кўрсатилишини назорат қилиш ва мониторинг қилиш.
Давлат корхоналарида аутсорсинг шартларида бажарилиши лозим бўлган функциялар ва хизматлар рўйхати Президентнинг 18.11.2025 йилдаги Ф-59-сон фармойиши билан тасдиқланган.
Ҳужжат билан ижро этувчи ҳокимият органларида аутсорсингни жорий этишнинг устувор йўналишлари рўйхати тасдиқланди.
Низомга кўра, аутсорсинг хизмати қуйидаги шартлар асосида амалга оширилади:
• коррупция ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик;
• аутсорсер томонидан функцияларнинг сифатли бажарилиши;
• давлат буюртмачиси функцияларини бажариш билан банд бўлган ходимлар сонини (штатини) қисқартириш.
Иштирокчиларга қуйидаги талаблар қўйилади:
• тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган бўлиши;
• топширилаётган функциялар йўналишидаги фаолиятни камида 6 ой давомида амалга ошириш;
• аутсорсинг шартномасини бажариш учун етарли иш тажрибаси ва бошқа ресурсларнинг мавжудлиги;
• солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича муддати ўтган қарздорликнинг йўқлиги;
• иштирокчининг суд қарорлари бўйича бажарилмаган мажбуриятлари мавжуд эмаслиги.
Аутсорсинг хизмати кўрсатилишини назорат қилиш ва мониторинг қилиш давлат буюртмачиси томонидан шартномада белгиланган шартларда ва муддатларда амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.06.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




