Вазирлар Маҳкамасининг 16.07.2025 йилдаги 446-сонли қарори билан 2025-2027 йилларда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида ички назорат тизимини янада такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди.
Концепция давлат секторида ички назорат тизимини ривожлантиришнинг халқаро тажрибасига ва мамлакатимиздаги мавжуд вазиятга асосланади ҳамда қуйидагиларни назарда тутади:
- назорат даврларининг яхлит тизимини шакллантириш ва хатарларни бошқаришнинг самарали тизимини жорий этиш;
- назорат жараёнлари самарадорлигини ошириш ва ахборот-коммуникация тизимини такомиллаштириш;
- ички назорат тизимини доимий кузатиб бориш ва ҳисобдорликни янада кучайтириш;
- ички назорат тизимини ташкил этишни стандартлаштириш мақсадида меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
- ички назорат тизимини ташкил этиш, шунингдек, ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ривожлантириш.
Ички назорат тизимини жорий этиш қуйидагиларга қаратилган:
- стратегик мақсадларни аниқ белгилаш ва уларга эришишга бўлган ишончни таъминлаш;
- самарали ишлайдиган бошқарув тизимини шакллантириш;
- қонунчиликка риоя қилиш ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш;
- замонавий бошқарув тамойилларини фаолиятга татбиқ этиш орқали бюрократик тўсиқларни камайтириш ва пировардида давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш;
- раҳбарлар ва ходимларнинг масъулиятини ошириш ҳамда уларнинг фаолиятини самарадорликка йўналтириш.
Шунингдек, 2025-2027 йилларда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида ички назорат тизимини янада такомиллаштириш концепциясини жорий этиш бўйича "Йўл харитаси" тасдиқланди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.07.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова