Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
2025 йилда фармацевтика маҳсулотларини ҳисобга олиш қоидаларида нималар ўзгарди Иш қидириш даврида ўртача ойлик иш ҳақи қандай ҳисоб-китоб қилинади Дивидендлар тўловлари ҳисобига асосий воситаларни бериш қандай ҳисобга олинади

Экология миллий қўмитаси ва экологик полиция фаолияти қандай ташкил этилади

20.11.2025

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 18.11.2025 йилдаги "Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-343-сон қарори қабул қилинди.

 

Экология қўмитасининг "Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган таҳлилий назорат маркази" давлат муассасаси негизида "Экологик мониторинг миллий маркази" давлат муассасаси ташкил этилади. У ўз фаолиятида бевосита Президентга ҳисобдордир ҳамда ўз фаолиятини барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади, ушбу мансабдор шахсларнинг унинг фаолиятига аралашуви тақиқланади.

 

Вазирлар Маҳкамасининг қонуности ҳужжатларида белгиланган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари уларга тегишли ўзгартишлар киритилгунига қадар бевосита Экология қўмитаси томонидан амалга оширилади. Қўмитанинг жорий фаолиятига раҳбарлик Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси томонидан амалга оширилади.

 

Соҳани рақамлаштириш ва экологик ишлаб чиқаришга ўтиш

 

2026 йил 1 сентябрга қадар Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ягона экологик онлайн платформа ишга туширилади.

 

Атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича I ва II тоифага мансуб саноат корхоналари 2026 йил 1 мартга қадар ўз ҳудудида фон мониторинг станцияларини ўрнатиши ва уларни Экология қўмитасининг Экологик мониторинг миллий маркази билан интеграция қилиши зарур. Ўрнатиш муддатини бузганлик учун компенсация тўловлари 5 бараварга оширилган ҳолда ундирилади.

 

2026 йил 1 мартдан бошлаб табиатга етказилган зарар учун компенсация тўловларидан озод қилиш тарзидаги имтиёзлар берилиши билан боғлиқ барча қонун ҳужжатлари ва юридик кучга эга бўлган кўрсатмалар ўз кучини йўқотади ҳамда ушбу имтиёзни бериш фақат қонун билан амалга оширилади.

 

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини истисно қилувчи ёки уларга риоя этмаган ҳолда рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш, шу жумладан давлат экологик экспертизаси хулосасини бериш, дарахтлар ва буталарни кесиш ва кўчириб ўтказишни назарда тутувчи Ҳукумат ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорлари, фармойишлари, топшириқларини қабул қилиш қатъиян тақиқланади.

 

Экополиция ходимларига жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар (электрошок қурилмалари) ва хизмат қуроли (резина ўқли, тўр отувчи) қўллаш ҳуқуқи берилиб, махсус кийимига боди камералар ўрнатилади.

 

Қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилгунга қадар экология хизмати ходимлари томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар ва хизмат қуролини қўллаш тартибига "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонунда белгиланган асослар ва шартлар татбиқ этилади.

 

2026 йил 1 апрелдан бошлаб ўрмон фондига кирмайдиган дарахт билан қопланган аҳоли пунктларининг (шаҳарлар, посёлкалар ва қишлоқ аҳоли пунктлари) ер майдонларини олиб қўйиш ёки бошқа мақсадлар учун ажратишни жамоатчилик томонидан тақиқлаш ташаббуси киритилади. Бунда:

  • фуқаро давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади;
  • дарахтлар билан қопланган ер майдони жойлашган маҳалла аҳолисининг камида 10 фоизи тақиқ қўйишга рози бўлса, Экология қўмитаси томонидан ушбу майдонни олиб қўйиш ва бошқа мақсадлар учун ажратиш тақиқланади;
  • Кадастр агентлиги тегишли ер майдони хусусий мулк эмаслигини ёки бошқа ер тоифасига кирмаслигини ўрганади, ижобий ҳолатлар аниқланганда Экология қўмитаси томонидан ушбу майдонга қўйилган тақиқни рўйхатдан ўтказади.

 

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни бошқаришни такомиллаштириш

 

Экология қўмитаси тизимидаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар умумдавлат аҳамиятига молик ҳудудлар ҳисобланади ва уларга нисбатан:

  • табиий ҳудудларни бошқариш ва бўйсундириш бевосита Экология қўмитаси томонидан амалга оширилади;
  • янги табиий ҳудудларни ташкил этиш ва мавжуд табиий ҳудудлар майдонларини кенгайтириш қонуности ҳужжатлари билан амалга оширилади;
  • табиий ҳудудлар фаолиятини тугатиш ёки уларнинг майдонини қисқартириш Олий Мажлис палаталарининг қарорлари билан амалга оширилади.

 

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан маҳаллий аҳамиятга эга табиат боғлари, буюртма қўриқхоналари, курорт табиий ҳудудлар ва ботаника боғлари ташкил этилиши мумкин ҳамда уларга нисбатан:

  • бошқариш ва бўйсуниш туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан амалга оширилади;
  • уларнинг фаолиятини тугатиш ёки майдонини қисқартириш Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорлари билан амалга оширилади.

 

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига 2026 йил 1 ноябрга қадар 2 тадан маҳаллий аҳамиятга молик табиат боғини ташкил этиш топширилди.

 

Экология соҳасидаги умуммиллий лойиҳаларни, экологик муаммоларни бартараф этиш мақсадида ўтказиладиган тадқиқотларни ва амалга ошириладиган лойиҳалар дастурларини молиялаштириш учун Экология қўмитаси ҳузурида Умуммиллий экологик муаммоларни бартараф этиш давлат мақсадли жамғармаси (Махсус жамғарма) ташкил этилади.

 

Унинг даромадларини шакллантириш манбалари:

  • 2025 йилда республика бюджетидан ажратиладиган 900 млрд сўм;
  • 2026 йилда республика бюджетидан тадбирлар учун мақсадли ажратиладиган 548 млрд сўм;

2026 йил 1 январдан бошлаб:

  • Ўзбекистон тасарруфидаги углерод бирликлари савдосидан тушадиган маблағларнинг 20 фоизи;
  • атроф табиий муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари, жарималар ва молиявий санкциялар;
  • транспорт воситаларини "эркин муомалага чиқариш (импорт)" божхона режимида расмийлаштирган жисмоний ва юридик шахслар томонидан тўланадиган утилизация йиғимининг 10 фоизи;

2027 йил 1 январдан бошлаб:

  • пневматик резина шиналар ва покришкалар учун 100% утилизация йиғимлари, шунингдек, кейинчалик янгидан жорий этиладиган утилизация йиғимлари;
  • транспорт воситаларини "эркин муомалага чиқариш (импорт)" божхона режимида расмийлаштирган жисмоний ва юридик шахслар томонидан тўланадиган утилизация йиғимининг 90 фоизи.

 

Президентнинг 18.11.2025 йилдаги ПФ-217-сон Фармонига мувофиқ:

  • Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ташкилий тузилмаси;
  • Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тўғрисидаги низом;
  • Давлат экологик назорат инспекцияси (экополиция) тўғрисидаги низом;
  • Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тизимидаги давлат инспектори мақомига эга ходимларга махсус унвонлар бериш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Экополиция ходимларини 2025-2027 йилларда махсус техника ва транспорт воситалари билан таъминлаш бўйича дастур;
  • Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ислоҳотларни янада кучайтириш бўйича чора-тадбирлар дастури.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.11.2025 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова