Президентнинг 30.01.2026 йилдаги "Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар билан маданият ва туризм соҳасидаги алоқаларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-15-сон Фармони қабул қилинди.
Ўзбекистоннинг хориждаги маданият ва туризм соҳасидаги ташаббусларини мувофиқлаштириш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистоннинг мамлакатлардаги элчихоналари штат жадвалига (рўйхат бўйича) қўшимча равишда маданият ва туризм бўйича маслаҳатчи лавозими киритилмоқда.
Маслаҳатчи тегишли мамлакатдаги дипломатик ваколатхона раҳбарига бўйсунади ва икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашади, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Креатив иқтисодиёт ва туризм департаменти раҳбарига ҳисобот беради.
Рўйхатга Ўзбекистоннинг Буюк Британия, Франция, Индонезия, ХХР, АҚШ, БАА ва Россиядаги элчихоналари киритилган.
Маслаҳатчининг асосий вазифалари:
- Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, маданий ва бадиий ютуқларини оммалаштириш, бу билан мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
- маданият, санъат муассасалари ва илмий-тадқиқот ташкилотлари соҳасида қўшма таълим дастурларини ташкил этиш, кадрлар тайёрлаш ва тажриба алмашиш;
- қабул қилувчи мамлакатнинг ахборот маконида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини кенг ёритишга қаратилган ахборот кампанияларини ўтказиш, шунингдек, мамлакатнинг туристик жозибадорлигини оширувчи реклама материалларини мунтазам тарқатиш;
- тарихий-маданий, гастрономик, зиёрат, ҳунармандчилик, таълим ва тиббиёт туризми каби истиқболли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, ушбу соҳада эксперт таҳлилини ўтказиш ва аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ва бошқалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 03.02.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



