Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

1 апрелдан нималар ўзгаради

01.04.2020

Читать на русском языке

 

1 апрелдан кучга кирадиган қонун ҳужжатларидаги солиқ имтиёзлари, инқирозга қарши чоралар, қурилишда давлат назорати, пойтахт пропискаси, фуқаролик, давлат хизматларига оид ва бошқа ўзгартиришлар шарҳимизда жамланган.

 

Аввалги солиқ имтиёзлари амал қилмайди

 

1 январдан янги таҳрирдаги Солиқ кодекси амалга киритилган. Бироқ аввалги таҳрирдаги кодексда назарда тутилган солиқ имтиёзлари 1 апрелга қадар амал қилади. Тегишли равишда, 1 апрелдан бошлаб улар қўлланилмайди ва янги таҳрирдаги СКда назарда тутилган имтиёзлар амал қилади. Булар солиқ тўловчиларга қандай таъсир кўрсатиши ҳақида батафсил buxgalter.uz даги материалдан билиб олиш мумкин.

 

Инқирозга қарши чоралар жорий қилинади

 

COVID-19 пандемиясининг салбий оқибатларини ва глобал инқирознинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирини камайтириш мақсадида бизнес ва фуқароларга кўмаклашиш учун 2020 йил 1 апрелдан:

а) 1 октябргача:

  • якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг энг кам миқдори бир ойда БҲМнинг 50%игача камайтирилади;
  • алкоголли маҳсулотлар билан улгуржи савдо қилувчи корхоналар ажратмалари 5%дан 3%гача камайтирилади;
  • умумий овқатланиш корхоналари учун алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим белгиланган миқдорлардан 25%гача камайтирилади;

б) 1 июлгача туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатиб турилади;

в) жисмоний шахсларнинг хайрия ташкилотларидан моддий наф тарзида олинган даромадлари солиқ солишдан озод этилади. СКга тегишли тузатишлар киритилади;

г) импорт озиқ-овқат маҳсулотларини божхонада расмийлаштириш жадаллаштирилган тартибда олиб борилади. Янги тартиб доирасида товар Ўзбекистонга етиб келгунига қадар рухсатнома тусидаги ҳужжатлар берилади;

д) нафақа олувчилар – 14 ёшгача болалари бўлган оилалар, болани 2 ёшгача парваришлаш нафақасини ва моддий ёрдам олувчилар сони 10%га оширилади.

 

Акциз солиғи оширилади

 

2020 йилда қуйидаги товарларга акциз солиғи ставкалари:

  • алкоголли маҳсулотлар (табиий вино ва пиводан ташқари) ва тамаки маҳсулотларига икки марта – 1 апрелдан ва 1 октябрдан оширилади;
  • якуний истеъмолчига реализация қилинадиган бензин, дизель ёқилғиси, суюлтирилган газ, шунингдек пиво ва табиий винога – бир марта 1 апрелдан оширилади;
  • заргарлик буюмлари, мобиль алоқа хизматлари, кумушдан ишланган ошхона анжомлари, табиий газ, суюлтирилган газ, полиэтилен гранулалар бўйича ставкалар оширилмайди.

 

1 апрелдан бошлаб қуйидаги товарларга акциз солиғи ставкалари оширилади (1 январь ҳолатига кўра қийматга нисбатан индексация фоизлари қавсларда берилган):

 

а) озиқ-овқат хом ашёсидан ректификацияланган этил спирти, асосий этил спирти фракциясидан ва эфир альдегид фракциясидан ректификацияланган техник этил спирти (1 дал учун) – 11 700 сўм (+8,3%);

б) вино (1 дал учун): табиий ачитилган, этил спирти қўшилмаган табиий винолар – 8 300 сўм (+7,8%), бошқа винолар – 15 700 сўм (+8,3%);

в) коньяк (1 дал учун) –  109 100 сўм (+10,7%), таркибида спирт 40%дан юқори бўлганлари – 179 700 сўм (+6,9%);

г) ароқ ва бошқа алкоголли маҳсулотлар (1 дал учун) – 107 800 сўм (+10%), таркибида спирт 40%дан юқори бўлганлари – 179 000 сўм (+10%);

д) пиво (1 дал учун) – 11 700 сўм (+10,4%);

е) фильтрли, фильтрсиз сигареталар, папирослар – 152 800 сўм/ 1000 дона + 9% (+8%);

ж) якуний истеъмолчига реализация қилинадиган:

  • бензин – 1 литр учун 350 сўм (+22,8%%) / 1 тонна учун 465 530 сўм (+23%);
  • дизел ёқилғиси – 1 литр учун 350 сўм (+22,8%) / 1 тонна учун 425 918 сўм (+23%);
  • суюлтирилган газ – 1 литр учун 350 сўм (+22,8%) / 1 тонна учун 664 993 сўм (+23%);
  • сиқилган газ – 1 м3 учун 500 сўм (+15%).

 

Пойтахт маҳаллий бюджетига – кўпроқ тушумлар

 

Пойтахтда «Рақамли Тошкент» дастурини амалга ошириш режалаштирилган. Лойиҳада молиявий харажатлар назарда тутилган. Харажатлар учун маҳаллий бюджетдан маблағлар ажратилишига қарор қилинган, шу боис 1 апрелдан унга қуйидагилар ҳисобланади:

а) тўлиқ ҳажмда:

  • Тошкент шаҳридаги объектларда (конструкцияларда) ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи учун ҳар ойлик йиғимлар; реклама жойлари паспортларини беришдан тушган маблағлар; ташқи реклама объектларини қуриш ҳуқуқи учун электрон аукцион якунлари бўйича тўланадиган маблағлар (савдолар ташаббускорларига тўланадиган суммалар чегириб ташланади);
  • Тошкент шаҳридаги йўл чеккасидаги пулли тўхташ жойларида тўхташ қоидаларини бузганлик учун жарималар;

б) Тошкент шаҳрида фото- ва видео қайд этиш махсус воситалари ёрдамида қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарималарнинг 80%и (қолган 20%и пойтахт ИИББнинг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармасига ўтказилади.

 

50 000 киши мамлакатимиз фуқароси бўлиши мумкин

 

1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, ушбу Қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахслар Ўзбекистон фуқаролигини олишлари мумкин.

 

Бунинг учун улар доимий яшаш жойидаги ишчи ишлар органига мурожаат қилиши лозим. Ҳужжатлар жадаллаштирилган тартибда 3 ой ичида кўриб чиқилади. Ота-онаси (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистоннинг фуқароcи деб тан олинган бола ҳам шу асосларга кўра Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади.

 

Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида янги тартиб 50 мингга яқин ватандошларимизнинг фуқаролик билан боғлиқ узоқ йиллардан буён ечилмасдан келаётган муаммоларини ҳал этишга имкон бериши таъкидланган.

 

Мактабгача таълим муассасаларида иш ҳақи ҳудудлар бўйича табақалаштирилди

 

Мактабгача таълим бўлимлари тегишли ҳудуддаги мактабгача таълим ташкилотлари сонидан келиб чиқиб қуйидаги гуруҳларга ажратилади: 41 та ва ундан ортиқ бўлганда – I гуруҳга, 21 тадан 40 тагача бўлганда – II гуруҳга, 20 тагача бўлганда - III гуруҳга киритилади.

 

1 апрелдан бошлаб у ёки бу гуруҳга мансублик болалар мактабгача таълим муассасаларининг педагогик ва раҳбар ходимлари, шунингдек туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари ходимларининг иш ҳақига таъсир қилади. Уларнинг меҳнатига ҳақ тўлашнинг янги базавий тариф ставкалари билан бу ерда танишиш мумкин. 

 

ФҲДЁ Адлия вазирлиги тузилмасига ўтказилади

 

Дастлаб фуқаролик ҳолати ёзувларини қайд этиш органлари Адлия вазирлиги тизимида бўлган, бироқ 2018 йил 1 апрелдан улар маҳаллий ҳокимият органларига ўтказилган. ФҲДЁлар фаолияти туман (шаҳар) ҳокимлари ўринбосарлари – хотин-қизлар қўмитаси раислари томонидан бошқарилган.

 

Бироқ 2020 йил февралда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси тугатилган (Маҳалла ва оилалар ишлари бўйича вазирлик ташкил этилган), тегишли  равишда, ҳокимиятларда бундай лавозимлар ҳам тугатилган. Натижада, ФҲДЁ органларини аввалги тизимига ўтказишга қарор қилинган ҳамда 2020 йил 1 апрелдан улар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигига ҳисобдор бўладилар. Идора уларни назорат қилади, кадрларни танлаб беради, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштиради, ФҲДЁ ягона электрон архивини юритади ва ҳудудий архивларга раҳбарлик қилади.

 

Тошкент шаҳрида маҳаллий пропискасиз квартира сотиб олиш мумкин
 

2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулк харид қилишда доимий пропискага эга бўлиш талаб этилмайди. Яъни бошқа минтақаларда прописка қилинган мамлакатимиз фуқаролари пойтахтда ва унинг вилоятларида уй-жойни эркин сотиб оладилар.

 

Бинобарин ватандошларимиз учун Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаларининг нотариал тасдиқлангани учун давлат божининг оширилган ставкаси бекор қилинади. Илгари бундай битим шартнома қийматининг 5%и, бироқ 10 БҲМдан кам бўлмаган миқдорга тенг бўлган, энди давлат божи миқдори анча камайди: умумий майдони 100 м2 гача бўлганда – 1 БҲМ, 100 дан 200 м2 гача бўлганда – 2 БҲМ, 200 м2 ва ундан ортиқ бўлганда – 3 БҲМ. Квартира мулкдорнинг эрига ёки хотинига, ота-онасига ва эри ёки хотинининг ота-онасига, болаларига ва уларнинг эр-хотинларига, набираларга, бувисига, бувасига, ака-ука ва опа-сингилларига сотиладиган бўлса, кўрсатиб ўтилган ставкаларнинг ярми миқдорида тўланади.

 

Қурилишда – давлат назоратининг янги тартиби

 

1 апрелдан бошлаб хавф-хатарлар тоифалари ва объектларнинг функционал мақсадларидан келиб чиққан ҳолда давлат қурилиш назоратининг такомиллаштирилган тартиби жорий этилади:

  • объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини экспертиза қилишга, объектларда давлат қурилиш назоратини амалга ошириш тартиби ва даврийлигига уларнинг хавф-хатарлар тоифаси ва функционал мақсадларидан келиб чиққан ҳолда табақалашган талаблар қўйилади;
  • хавф-хатар тоифаси паст ва якка тартибдаги уй-жой қурилиши объектлари учун лойиҳа ҳужжатлари экспертизаси, муаллифлик назорати ва давлат қурилиш назоратини амалга ошириш бўйича мажбурий талаблар бекор қилинади. Бунинг ўрнига Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари қошидаги қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан объектнинг қурилиш соҳасига оид қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини инструментал техник текширувдан ўтказиш жорий қилинади;
  • Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва ҳудудий инспекциялар инспекторларига, шунингдек, хавф-хатар тоифаси юқори бўлган объектларда техник ва муаллифлик назоратини амалга оширувчи шахсларга қўйиладиган малакавий талаблар ва уларнинг жавобгарлиги кучайтирилади;
  • 2020 йил давомида «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида давлат қурилиш назоратини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, шу жумладан, электрон ҳужжат алмашинуви босқичма-босқич жорий этилади. «Қурилишдаги назорат» қуйи тизими 1 июндан бошлаб Тошкент шаҳрида синов тариқасида ишга туширилади.

 

Бундан ташқари, ушбу санадан давлат қурилиш назорати амалга оширилиши шарт бўлган барча объектлар бўйича ҳудудий инспекцияларга ажратмалар қурилиш-монтаж ишлари қийматининг 0,2%ига тенг ягона миқдор (ҚҚСсиз) жорий этилади. Улар қуйидаги тартибда тақсимланади:

  • 0,02%и – Қурилиш вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармасига, шу жумладан, 0,01%и – Инспекция ва унинг ҳудудий инспекциялари эҳтиёжларини молиялаштиришга йўналтирилади;
  • 0,18%и ҳудудий инспекциялар ихтиёрида қолдирилади.

 

10 та давлат хизмати тўлиқ рақамланган

 

1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳрида бир қатор давлат хизматларини фақат ЯИДХП ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий сайтлари орқали олиш мумкин. Бундай тартибда, масалан, Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестридан кўчирмалар, манзилли-маълумотларни олиш, солиқ тўловчи жисмоний шахс сифатида рўйхатдан ўтиш ва СТИР олиш, якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини тўхтатиб туриш мумкин. Давлат хизматларининг тўлиқ рўйхати – бу ерда


Давлат хизматлари мавзусини давом эттирамиз. Психоневрологик ёки наркологик диспансерлардан маълумотномалар (ҳисобда туриш/турмаслик тўғрисида) энди давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали берилади. Яъни маълумотномалар олиш учун бу муассасаларга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш шарт эмас. Наркологик ва руҳий бузилишлар бўлган фуқароларни ҳисобга олишнинг электрон форматига ўтилиши туфайли бундай имконият яратилди.

 

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ажратишнинг янги механизми синовдан ўтказилади


Тошкент вилоятининг Қибрай ва Тошкент туманларида, Фарғона вилоятининг Фарғона ва Олтиариқ туманларида, шунингдек Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Нишон туманларида эксперимент ўтказилади.

 

Қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ерлар очиқ-ошкора ўтказилган танлов якунларига кўра берилади. Бунда жисмоний ва юридик шахслар томонидан махсус геопортал орқали ер участкалари тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилади, кейин эса уларни танловга жойлаштириш ташаббуси кўрсатилади. Шунингдек қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг бозор қийматини баҳолаш ва солиқ солишда улардан фойдаланиш механизмлари жорий этилади.

 

Сирдарёда – соғлиқни сақлаш соҳасида эксперимент

 

Сирдарё вилоятида тажриба тариқасида «даволанган ҳолат» учун тиббий хизматлар тўлови механизми ва «жон бошига нормативи» асосида молиялаштириш тизими методологияси жорий этилади. Биринчи босқичда, 1 апрелдан бошлаб, янги тартиблар вилоятдаги қуйидаги саккизта тиббий муассасада амал қилади: кўп тармоқли тиббий марказ, кўз, наркология, кардиология, тери-венерология, онкология ва эндокринология диспансерларида, шунингдек юқумли касалликлар шифохоналарида.  

 

Импорт ун ва ош тузи бойитилган бўлиши лозим

 

1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонга I нав буғдой уни ва ош тузини фақат микронутриентлар – инсон организмининг нормал ўсиши ва ривожланиши учун зарур бўлган витамин ва минераллар билан бойитилган ҳолда импорт қилиш мумкин бўлади.

 

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилдан бошлаб ички бозорда фақат бойитилган ҳолдаги маҳаллий ун сотилмоқда. Бироқ 2019 йил охирига келиб у ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган жами ун ҳажмининг 30%ини ташкил этмоқда ва бу унни аҳолининг 56%и истеъмол қилади. Темир етишмаслиги анемияси профилактикасини таъминлаш учун аҳолининг 90%ини қамраб олиш даркор. Янги чора-тадбирлар ушбу муаммони ҳал этишга имкон беради.

 

Ҳибсга олиш жараёни видеотасвирга олинади

 

Жиноий ишлар бўйича иш юритувига янгиликлар киритилди. Энди гумондорни ҳибсга олиш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш, унинг ҳимоячи олишни рад этиши мажбурий тартибда видео тасвирга олиниши лозим. Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳибсга олинган шахснинг оила аъзоларига, улар мавжуд бўлмаганда бошқа қариндошлари ёки яқин шахсларига унинг ҳибсга олингани ва сақланаётган жойи ҳақида зудлик билан хабар беришлари лозим.

 

   Бюджет ташкилотлари валютаси учун - ғазна ижроси механизми

 

1 апрелдан бошлаб барча бюджет ташкилотларини янгилик кутмоқда. Уларнинг чет эл валютасидаги маблағларига нисбатан ғазна ижроси механизми жорий этилади. Бунинг учун Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақлари очилади. Бу амалдаги давлат харидлари тизимини такомиллаштириш доирасида амалга оширилмоқда.

Олег Заманов.

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_