Президент томонидан 07.03.2024 йилдаги ПҚ-122-сонли “Хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори имзоланди.
Хотин-қизларни касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга йиллик 14% ставкада жами 100 млн АҚШ доллари эквивалентида кредит ресурслари ажратилади, бунда:
- "Халқ банки"га 35 млн АҚШ доллари;
- "Бизнесни ривожлантириш банки"га 35 млн АҚШ доллари;
- "Микрокредитбанк"га 30 млн АҚШ доллари ажратилади.
Савдо-саноат палатаси ва учта банкда қуйидагиларни назарда тутувчи хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб- қувватлаш тизими яратилади:
- ташаббускор хотин-қизларнинг бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш;
- маҳаллаларда хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш;
- хотин-қизлар томонидан тайёрланган маҳсулотларни сотиш;
- кооперация асосида лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш;
- лойиҳалар амалга оширилишини кузатиб бориш ва аёл тадбиркорлар билан доимий мулоқот қилиш.
Шунингдек, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш Дастури ишлаб чиқилади.
Кредит ажратишда устуворлик "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимига, "Аёллар дафтари", "Ёшлар дафтари" ва "Темир дафтар"га киритилган хотин-қизлар томонидан амалга ошириш таклиф этилаётган лойиҳаларга берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 09.03.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев