Президент томонидан 24 июль куни суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичини назарда тутувчи Фармон имзоланди.
Олий суд тузилмасида :
- йирик инвесторлар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низоларни ($20 млн эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар);
- рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби ташкил қилинади.
Судлов таркиби тегишли ишларни йирик инвесторларнинг ва рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, биринчи инстанция суди сифатида кўради. Қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкин.
Шунингдек, Олий судда аппарат раҳбари пайдо бўлади, у бошқармалар ва бўлимлар фаолиятини ташкиллаштиради ва мувофиқлаштиради. Лавозим Олий суд Пленумига ҳисобдор, Олий суд раисининг тақдимномасига асосан Олий суд Пленуми томонидан лавозимига тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади. Бундан ташқари, олий суд инстанцияси тузилмасида 2 та бошқарма:
- суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси, унга Судьялар олий мактабининг Суд амалиёти муаммоларини ўрганиш марказини тугатиш ҳисобидан бўшаётган 9 та штат бирликлари берилади;
- жамоатчилик ва ОАВ билан ҳамкорлик бошқармаси ташкил этилади. Вилоят ва унга тенглаштирилган судларда матбуот хизматлари пайдо бўлади.
Яқин икки ойда Олий Мажлисга Олий суд ва Судьялар олий кенгаши томонидан қонунчилик ташаббуси асосида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси келиб тушиши керак. Лойиҳага асосан 2021 йил 1 январдан бошлаб:
- вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади. Бунда судьяларнинг қатъий ихтисослашуви сақлаб қолинади ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатлари ташкил этилади;
- маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга қайтарилади (2017 йил 1 июндан бошлаб - маъмурий судлар ваколатида, таҳр.);
- Қорақалпоғистон ва вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилади. Шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилади, бироқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинади;
- Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом туманлари иқтисодий судлари тугатилади;
- фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро суди, фуқаролик ишлари бўйича Ургут, Сўх, Хатирчи, Пахтакор туманлари судлари, Пастдарғом туманлараро иқтисодий суди, жиноят ишлари бўйича Бўзатов, Тахиатош, Бандихон, Тупроққалъа туманлари судлари ташкил этилади;
- Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда ҳудудий судлар судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш мумкин.
Бундан ташқари, шунингдек келаси йилдан бошлаб:
а) суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатилади, Олий суд раиси, Бош прокурор ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинади;
б) жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартиби жорий қилинади, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичи киритилади;
в) суд ишини юритишнинг қуйидаги қоидалари жорий этилади:
- туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқилиши мумкин;
- апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқилиши мумкин;
- Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Олий суд раиси, Бош прокурор ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқилиши мумкин;
- давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатишга сабаб бўлади;
- прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганилиши мумкин;
- қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас.
2020 йил 1 ноябрга қадар юқорида таърифланган барча янгиликлар расмийлаштириладиган янги таҳрирдаги «Судлар тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши ва Қонунчилик палатасига киритилиши керак.
Олег Заманов.