Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

1 Сентябрдан нималар ўзгаради

28.08.2023

Рус тилида ўқиш

Norma.uz портали 2023 йил 1 сентябрдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар шарҳини тақдим этади.

 

Пахта саноатида АКТ жорий этилади

 

Ҳудудлар ва кластерлар кесимида пахта хомашёсини йиғиб олиш билан боғлиқ маълумотлар шакллантириладиган ахборот тизими ишга туширилади, 2023 йил 15 сентябрдан бошлаб эса у “Агроплатформа” ахборот тизимига интеграция қилинади.

 

“Ёнғиндан огоҳлик” умуммиллий кампанияси амалга оширилади

Унинг доирасида:

  • таълим ташкилотларида ёнғинларнинг олдини олиш ва ёнғин содир бўлган вазиятда ҳаракат қилиш бўйича батафсил услубий машғулотлар ўтказилади;
  • давлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотларда иш жойларида ёнғин хавфсизлиги бўйича ўқитиш ташкил этилади, жумладан, эвакуация режалари ўт ўчириш воситаларидан фойдаланиш қоидалари билан таништирилади;
  • аҳоли тарқатма материаллар билан таъминланади
  • ОАВда ушбу йўналишдаги мақола, интервью ва кўрсатувлар  намойиш этилади.


     

Давлат органлари тўлиқ электрон иш юритувига ўтишади

 

 “Рақамли ҳукумат” тизими доирасида ижро этувчи ҳокимиятнинг марказий аппаратлари тўлиқ электрон ҳужжат айланиш тизимига ўтказилади.

 

Юридик олийгоҳ талабаларига ишлашга рухсат берилади

 

Олий таълим муассасаларининг  битирувчи талаба-юристларига ўқишдан бўш вақтда адвокат ёрдамчиси сифатида фаолият юритишга рухсат берилади.

 

Болалар учун музейларга кириш бепул бўлади

 

18 ёшгача бўлган болаларнинг маданий мерос объектларига, жумладан кўргазмалар, тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар, шунингдек, давлат музейларига тўловсиз кириш тартиби жорий этилмоқда.

 

 

Давлат иштирокидаги корхоналар депозит учун банкларни аукцион орқали танлашади

 

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг бўш пул маблағларини депозитга жойлаштириш бўйича тижорат банклари ўртасида фоиз ошиб бориш тарзида банк капитали етарлилиги, банк капиталининг унинг мажбуриятларига нисбати, ликвидлилик коэффициенти каби шартларни назарда тутган ҳолда аукцион савдолари ўтказилади. 

 

Таълим тизими ислоҳоти

 

Туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятини текшириш ва таълим сифатини баҳолаш бўйича ваколатлари бекор қилинади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида энг тажрибали директорлардан иборат бўлган Директорлар кенгашлари тузилади.

 

2023/2024 ўқув йилидан бошлаб:

  • мактабларнинг 1-4-синф ўқувчиларига бошланғич, 5-9-синфларида таянч ҳамда 10-11-синф ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятига мос бўлган билимларни беришга йўналтирилган ўқув дастурлари жорий этилади;
  • бошланғич синфларда информатика фани, ўрта синфларда эса ўқувчиларнинг молиявий саводхонлигини оширишга қаратилган дарслар жорий этилади;
  • барча фанлар бўйича амалий машғулотлар улуши 60%га етказилади. Бунда, дарслардаги мавзулар аниқ муаммони ҳал қилиш орқали ўргатилади, амалиёт дарслари эса лойиҳани бажариш шаклида ўтказилади.

 


Бюджет ташкилотлари қуёш батареялари ўрнатишга мажбур бўлишади

 

Бюджет ташкилотларига қуёш панели ва иссиқ сув коллекторини ўрнатиш мажбурияти юклатилади ҳамда 2026 йилга қадар уларнинг бинолари энергия истеъмолининг 60 фоизи “яшил энергия”га босқичма-босқич ўтказилади.

 

Ҳайдовчилик гувоҳномалари алмаштиришнинг сўнгги муддати келмоқда

 

            Хусусан ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар:

  • 2013–2015 йилларда берилган бўлса – 2023 йил 30 сентябргача;
  • 2015 йилдан кейин берилган бўлса – 2023 йил 31 декабргача алмаштирилиши зарур.

 

                              Туристик соҳада талаблар соддалаштирилмоқда

 

Қуйидаги талаблар бекор қилинади:

  • турагентларнинг электрон тўловлар, бронь қилиш хизматларини кўрсатадиган камида иккита хорижий тилдаги веб-сайтга эга бўлиши;
  • туроператорларнинг электрон тўловлар хизматларини кўрсатадиган веб-сайтга эга бўлиши.

 

Ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни ўрганиш бошланади

 

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциялари ҳокимликлар билан биргаликда:

  • Республиканинг сейсмик фаол зонасида жойлашган сейсмик хавфсизлиги III-IV тоифага кирувчи кўп квартирали уйлардаги умумий фойдаланиладиган жойларда (зинапоя йўлаклари, чордоқ ва умумий фойдаланишдаги ошхоналарда) ўзбошимчалик билан қурилган конструкцияларни;
  • кўп квартирали уйларнинг, шу жумладан уларнинг ертўла ва биринчи қаватидаги зилзилабардошликка таъсир қилувчи конструкцияларга ўзбошимчалик билан киритилган ўзгартиришларни аниқлаб боради.

 

Банклар устав капиталининг энг кам миқдори оширилмоқда

 

Банк устав капиталининг энг кам миқдори:

  • 2023 йил 1 сентябрдан эътиборан 200 млрд сўмни;
  • 2024 йил 1 апрелдан эътиборан 350 млрд сўмни;
  • 2025 йил 1 январдан эътиборан 500 млрд сўмни ташкил этиши керак.

 

Тамаки ва пиво савдоси соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари соддалаштирилмоқда

 

Тамаки маҳсулотининг улгуржи ва чакана савдоси, пиво маҳсулотининг улгуржи савдосини хабардор қилиш тартибида амалга оширишга рухсат берилди

 

                        Инвестиция мажбуриятлари бўйича талаблар соддалаштирилмоқда

 

Кўчмас мулк объектлари ва давлат улушлари хусусийлаштирилганлиги тўғрисидаги давлат намунасидаги ордер ва сертификат Давлат хизматлари марказлари ва (ёки) ЯИДХП орқали QR-код қўйилган ҳолда берилади.

 

Онлайн аукцион савдоларида давлат мулки объектларини сотиб олган харидорлар билан шартномалар савдо натижаси бўйича баённома асосида “E-auksion” электрон савдо платформасида электрон шаклда (шу жумладан, ЭРИси орқали) расмийлаштирилади;

 

Ҳар чоракда тегишли вазирлик ва идоралар ходимларининг жойига чиққан ҳолда инвестиция мажбуриятларининг бажарилишини оралиқ мониторинг қилиш тартиби бекор қилинади.

 

Судланганлик муддати ўтганлиги ҳақида маълумот – онлайн тарзда шакллантирилади

 

Судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши ҳақидаги маълумотлар Ички ишлар вазирлигининг “Тезкор маълумотлар” ягона ахборот тизимида автоматик равишда онлайн шакллантирилади;

 

Судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланганлиги ҳақидаги маълумотнома судланганлик муддати тугаган ёки судланганлик олиб ташланган сананинг эртасидан кечиктирмасдан тегишли шахснинг Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетига автоматик равишда бепул юборилади.


 

Ногиронлиги бўлган шахслардан тиббий хулоса талаб қилинмайди 

 

 Ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашда ногиронлиги бўлган шахслардан тиббий хулоса талаб қилиш бекор қилинади. Тиббий хулоса тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан “Тиббий-ижтимоий экспертиза” электрон ахборот тизимига киритилади.



ИИВ ходимлари мунтазам малака оширишади

 

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл-патруль ва патруль-пост хизмати бўлинмалари ходимлари ушбу соҳаларда хизматни давом эттиришлари учун ҳар уч йилда ИИВ Малака ошириш институтида малака оширишлари лозим бўлади.


Ички аудит хизмати ходимларига талаблар кучайтирилмоқда 

 

Ички аудит хизмати ходимининг малакаси ички аудит миллий малака сертификати орқали тасдиқланади.

 

Ички аудит бўйича миллий малака сертификатига эга бўлмаган шахсларни Инспекция ва ички аудит хизматларининг ходими лавозимига ишга қабул қилишга ҳамда уларнинг ушбу тизимларда фаолият юритишига йўл қўйилмайди, бундан халқаро сертификатга эга бўлган шахслар мустасно.

 

Қишлоқ хўжалиги илм билан боғланади

 

 Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик, илм-фан ютуқлари, инновацион технологияларни жорий қилиш, инсон ресурсларини ривожлантириш масалалари янги ташкил этиладиган агрокластерлар, кооперативлар ва соҳадаги бошқа йирик корхоналар фаолиятини ташкил этишда лицензия ва рухсат этиш тартиб-таомиллари шартларидан бири этиб белгиланади.

 

                    Экология вазирлигининг стипендияси жорий этилмоқда

 

Олий таълим муассасаларининг «Экология», «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш», «Ўрмончилик», «Яшил иқтисодиёт» ва «Гидрометеорология» ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларидаги энг иқтидорли талабалари учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири стипендияси таъсис этилади.


 

Айрим ҳуқуқбузарликлар бўйича хабар берганлик учун – пул мукофоти

 

Аҳоли томонидан Энергетика вазирлигининг махсус ахборот тизимига юборилган электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади.  Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

 

Хусусий сектордагилар қишлоқ хўжалиги техникаларини техник кўрикдан ўтказишлари мумкин

 

Хўжалик юритиш субъектлари – юридик шахсларга жисмоний шахсларнинг 100 от кучигача қувватга эга бўлган қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини техник кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.

 

Собир Нурбердиев


Мавзуга доир материаллар:

Валюталар курси

2024-04-19
  • USD:12697.00 (+0.00) сум
  • EUR:13547.70 (+0.00) сум
  • RUB:135.05 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16