Ўзбекистон Республикасининг 20.08.2015 йилдаги Қонуни билан Жиноят кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида материаллар циклини давом эттирамиз.
Янги норманинг моҳияти
ЖКнинг 1925-моддаси билан лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни1 беришнинг белгиланган тартиби ҳамда муддатларини бузиш, шунингдек лицензияларнинг ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг янги турларини ўзбошимчалик билан жорий этиш учун жиноий жавобгарлик
киритилган.
Жиноят субъектлари
Гарчи бу модда давлат органларининг виждонсиз мансабдор шахслари ва хизматчилари бу бўйича жавобгарликка тортилиши мумкинлигини тўғридан-тўғри кўрсатмасада, жиноят моҳиятининг ўзи фақат улар лицензия ва бошқа рухсат бериш ҳужжатларини бериш тартиб ва муддатларини бузишлари, шунингдек ўзбошимчалик билан лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг янги турларини киритишлари мумкинлигини кўзда тутади. Шу билан бирга агар улар тадбиркорлар билан олдиндан тил бириктириб улар фойдасига (олайлик, тадбиркор томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя қилинмаслигига кўз юмиш) лицензия бериш тартибини бузишса, у ҳолда тадбиркор ҳам иштирокчи сифатида жавобгарликка тортилиши мумкин.
Жиноий қилмиш лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни беришнинг тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартиб ва муддатларини бузишда ифодаланади. Бу тадбиркорлик субъектидан тақдим қилиши шарт бўлмаган ҳужжатларни талаб қилиш, қонунчиликда кўзда тутилмаган лицензия шартлари ва талабларини кўрсатиш, тўланиши лозим бўлгандан ортиқча тўлов талаб қилиш, лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатни бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишни асоссиз равишда чўзиш, лицензиянинг ўзини ёки рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатни расмийлаштиришни чўзиш ва ҳ.кда намоён бўлиши мумкин. Бундан ташқари, қонунчиликни четлаб ўтган ҳолда лицензияларнинг ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг янги турларини жорий этиш ҳам жазоланадиган бўлди.
Жазо
ЖКнинг 1925-моддаси икки қисмдан иборат. Иккинчи қисм муайян оғирлаштирувчи ҳолатларга боғлиқ ҳолда жазони оғирлаштиради.
ЖК 1925-моддасининг биринчи қисми ушбу модданинг 2-қисмида кўзда тутилган оғирлаштирувчи ҳолатларсиз лицензиялар бериш тартиб ва муддатларини бузганда қўлланади. Мазкур қисм бўйича жазонинг энг кўп миқдори – 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари. Мазкур ҳолатда айбдорни фақат у олдин2 шундай ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарликка тортилган тақдирдагина жиноий жавобгарликка тортиш мумкин.
Маълумот учун: Агар маъмурий ундирув ижро этилган пайтдан бошлаб бир йилдан кўп вақт ўтган ҳамда фуқаро бошқа маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаган бўлса, у маъмурий жавобгарликка тортилмаган ҳисобланади.
ЖК 1925-моддасининг иккинчи қисми билан тадбиркорлик субъектига жуда кўп миқдорда зарар (500 ва ундан ортиқ ЭКИҲ) етказилганда ёки айбдор биргаликда жиноий фаолият учун икки ва ундан ортиқ шахснинг уюшганлигида намоён бўладиган, яъни биргаликда бир неча маротаба жиноят содир қиладиган уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилганда қўлланади. Ушбу қисм бўйича жазонинг энг юқори миқдори – беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Маълумот учун: Тадбиркорлик фаолиятини лицензиялашнинг умумий қоидалари мамлакатимизда “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Қонун билан белгиланган. Бунда тадбиркорлик фаолиятининг лицензияланадиган турлари рўйхати Олий Мажлиснинг 2001 йил 12 майдаги 222-II-сон "Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида"ги Қарори билан белгиланган. Мазкур рўйхатга биноан тадбиркорлик фаолиятининг 58 тури лицензияланиши лозим.
Лицензиялар беришнинг аниқ тартиби ва муддатлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан (ҳозирги вақтда етарлича кўп), молия-кредит соҳасида эса Марказий банк томонидан қабул қилинадиган қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Лицензиялар беришнинг тартиби ва муддатларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати билан шу ерда танишиш мумкин.
Самир ЛАТИПОВ, экспертимиз.
Мавзуга доир мақолалар:
Бизнесни нотўғри текширдингми – Жиноят кодекси бўйича жавоб берасан
Бизнес йўлига ғов бўлиш қимматга тушиши мумкин
Ҳомийлик мажбурий тарзда бўлмайди
-----------------------------------
1 Рухсат бериш тартиб-таомилини лицензиялашдан фарқлаш лозим. “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ рухсат бериш тартиб-таомили – ҳаракатларни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга ошириш учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги аризанинг топширилиши ва кўриб чиқилиши, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатнинг берилиши, амал қилиш муддатининг узайтирилиши, тўхтатиб турилиши, қайта тикланиши, тугатилиши, қайта расмийлаштирилиши ва бекор қилиниши жараёни билан боғлиқ тадбирлар мажмуи.
Рухсат бериш тартиб-таомили – анча кенг маънодаги тушунча бўлиб, муайян ҳаракат ёки ҳаракатларни бажариш учун рухсатнома олишни назарда тутади.
Лицензиялаш эса рухсат бериш тартиб-таомили турларидан бири ҳисобланиб, белгиланган фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини олишни кўзда тутади.
Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 15.08.2013 йилдаги 225-сон қарори билан тасдиқланган ҳамда ўз ичига автомобиль, темир йўл ва дарё транспорти, савдо, ташқи иқтисодий фаолият, божхона иши, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, капитал қурилиш, банк иши, аудиторлик ва суғурта фаолияти, ер қаъридан фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатдан фойдаланиш, хавфли ишлар ишлаб чиқариши, телекоммуникация, ишлаб чиқариш, реклама, тиббиёт ва фармацевтика фаолияти, маданият ва спорт, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларнинг айланиши, хавфли товарлар ва ашёларнинг айланиши соҳаси ва бошқа соҳалардаги шундай ҳужжатларнинг 220 турини олади.
2 МЖтКнинг 2455-моддаси билан шунга ўхшаш ҳуқуқбузарлик учун кўзда тутилган маъмурий жазонинг миқдори 10–20 ЭКИҲни ташкил қилади.